Тушдан кейинги уйқунинг соғлиқ учун фойдалари ҳақида маълумот берилди
Кундузги мунтазам уйқу мия учун фойдали - бу уни соғлом сақлайди ва шу билан бирга умрни узайтиради.
Лондон Университет коллежи тадқиқотчилари тушдан кейинги уйқу мия ҳажмини оширишини аниқлади, бу эса ёш ўтиши билан қисқариб борадиган мияни ёшартириши мумкин. Бу мавзуга бағишланган иш Sleep Health нашрида чоп этилди.
Тадқиқот муаллифларидан бири, доктор Виктория Гарфилд сўзларига кўра, кундузги уйқу жисмоний машқлардан кўра тикланишнинг анча жозибали ва қулай шаклидир, гарчи унинг ўзи, ўз эътирофига кўра, спорт залида ярим соатлик машғулотни афзал кўрса-да.
Шу билан бирга, мутахассислар тан олишадики, тушдан кейинги уйқу — ҳашамат. Ҳамма ҳам бироз бўлса-да мизғиб ололмайди, айниқса ишлайдиган одамларнинг бу иши бошлиққа ёқмаслиги мумкин.
Пешиндан кейинги уйқу ёш болалар учун жуда муҳимдир, бу уларнинг нормал ривожланишига имкон беради. Илгари болалар боғчаларида, айниқса совет даврида бу мажбурий бўлган. Болалар хоҳлайдими ёки йўқми, албатта, тўшакда қатор ётқизиб қўйилган.
Вояга етганидан сўнг, кўпчилик бу вақтни соғинади, чунки деярли ҳеч ким кун давомида ухлаш учун вақт ажрата олмайди. Аммо пенсияга яқинлашганда, бундай имконият яна пайдо бўлади ва энди бу вақт бой берилмайди: сўровларга кўра, 65 ёшдан ошган одамларнинг тахминан 27 фоизи куннинг ярмида ухлаб олади.
Маълумки, мия ёш ўтиши билан қурийди, бу эса турли, баъзан тиклаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Тадқиқотчилар мунтазам ухлаш Альцгеймер каби касалликлардан қутқариши мумкинлигига ишончи комил эмас. Аммо улар уйқусизлик ёки сифатсиз уйқу вақт ўтиши билан мияга зарар етказиши, яллиғланишни келтириб чиқариши ва ҳужайралар ўртасидаги алоқани бузишини таъкидлайди.
Уйқу жараёнини тадқиқ қилиш осон эмас. Кундузги уйқу соғлиқни яхшилаши мумкин, аммо бошқа томондан, соғлиқ билан боғлиқ муаммолари одамни уйқусиратиши ҳам ҳақиқат. Бунинг сабаби нима, оқибати нима эканини қандай тушуниш мумкин?
Пешинги уйқунинг фойдасини исботлаш учун британиялик олимлар ДНК асосида улкан табиий тажриба ўтказишди. Аввалги тадқиқотлар натижасида аллақачон уйқу ёки уйғониш тенденцияси учун масъул бўлган 97 та ДНК сегменти аниқланган эди.
Бу сафар тадқиқотчилар 40 ёшдан 69 ёшгача бўлган 35 минг киши ДНК маълумотларини таҳлил қилишди ва генетик жиҳатдан кундузги уйқуга мойил бўлганларнинг мия ҳажмини генетик «уйғоқлар» мияси билан таққослашди.
Ҳажмдаги фарқ 15 куб сантиметрни ташкил этди, бу унчалик катта фарқ эмас. Лекин аслида бу ҳаётнинг 2,6 дан 6,5 гача қўшимча йилларини англатиши мумкин.
Тадқиқотчилар кундузги уйқунинг соғлиққа қандай таъсир қилишини айтишга журъат эта олмайдилар, лекин улар ишонч билан айтишадики, ярим соат ухлаш орқали мия ҳажмини бироз бўлса-да ошириш, уни ва соғлиқни мустаҳкамлаш кафолатланади.