Ўзбекистон | 18:35 / 21.06.2023
9542
1 дақиқада ўқилади

148 минг «таксичи» ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтди 

Уларнинг аксарияти Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда. 

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

«Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги президент қарорига асосан 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охиригача тўрттадан кўп бўлмаган ўриндиққа эга транспорт воситаларида йўловчи ташувларига ўзини ўзи банд қилиш деб қаралиши ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилиши белгиланган эди. 

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, бугунги кунда ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик фаолияти билан шуғулланаётганлар сони 148 минг нафарни ташкил этмоқда. 

Қайд қилинишича, бу йўналишда ўзини ўзи банд қилганлар сони бўйича 18 816 нафар кўрсаткич билан Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринлардан Самарқанд, Тошкент, Бухоро ҳамда Андижон вилоятлари жой олган.

Қонунчиликка кўра, ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтган фуқароларнинг фаолияти меҳнат стажига киритилади ва пенсия таъминотида ҳисобга олинади.

Мавзуга оид