Океанда «Титаник» томон сузган сувости кемаси йўқолиб қолди. Унинг бортида миллиардерлар бор эди
18 июн куни Шимолий Атлантика океанида бортида уч сайёҳ ва экипажнинг икки аъзоси бўлган «Титан» батискафи (сувости кемаси) ғойиб бўлди. Ҳозирда чўкиб кетган «Титаник» кемаси қолдиқларини ўрганиш учун йўлга чиққан бу сувости кемасини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Polar Prince тадқиқот кемаси сувости кемаси билан алоқани у сувга шўнғиганидан 1 соат-у, 45 дақиқа ўтгач йўқотган.
«19 июн куни Гринвич бўйича соат 21:00 ҳолатига кўра (Тошкент вақти билан тунги соат 01:00) сувости кемасида 70 соатдан 96 соатгача етадиган захира кислороди мавжуд бўлган», дея хабар беради АҚШ Қирғоқ хавфсизлик хизмати.
Йўқолиб қолган кемага эгалик қилувчи OceanGate компанияси экипажни хавфсиз ортга қайтариш учун барча имкониятларни ўрганаётганини маълум қилди.
Қутқарув операциясига давлат идоралари ҳам қўшилган.
Сўнги янгиликлар
Polar Prince кемаси 18 июн куни эрталаб, Атлантика океанидаги «Титаник» кемаси ҳалокатга учраган жойга етиб борди.
Жуда чуқур масофаларга шўнғувчи сувости кемаси бортида беш киши бўлган. Қоидага кўра, бу ҳайдовчи, уч сайёҳ ва гид. Ҳозиргача уч кишининг исми аниқланган: 59 ёшли британиялик тадбиркор ва тадқиқотчи Ҳэмиш Ҳардинг, покистонлик бизнесмен Шаҳзода Довуд ва унинг ўғли Сулаймон.
Ҳардинг Facebook’даги постида маҳаллий вақт билан соат 04:00 да шўнғишни бошламоқчи эканликларини ёзган.
Қидирув операциясига раҳбарлик қилаётган Бостон Қирғоқ хавфсизлик хизмати ўз твиттер саҳифасида беш кишилик экипаж бўлган сувости кемаси 18 июн куни эрталаб шўнғигани ва кема шўнғигандан тахминан бир соат-у 45 дақиқа ўтгач, Polar Prince улар билан алоқани йўқотгани ҳақида хабар берди.
Тахминларга кўра, «Титан» сувости кемаси бу вақтда Кейп-Код қирғоқларидан тахминан 1450 км узоқликда бўлган.
19 июн куни АҚШ Қирғоқ хавфсизлиги хизмати контрадмирали Жон Могер бундай олис ҳудудда ғойиб бўлган сувости кемасини топиш ниҳоятда қийин иш эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, қутқарувчилар «Титан»ни сув юзасидан ҳам қидирмоқда, чунки сувости кемаси сув юзасига чиқишга муваффақ бўлган, бироқ она кемаси билан алоқани йўқотган бўлиши мумкин. Шунингдек, «Титан»ни гидролокаторлар ёрдамида сув остидан ҳам ахтаришмоқда.
Қирғоқ хавфсизлик хизмати батискафни сув юзасидан қидириш учун иккита C-130 Hercules самолётини юборди. Уларга Канаданинг сувости сонорлари билан жиҳозланган P-8 Poseidon ва C-130 самолётлари ҳам қўшилди.
Шунингдек, бу ҳудудга гидроакустик буйлар (сувости кемалари сигналларини ушловчи сузгичлар) жойлаштирилди.
Жон Могер, агар батискаф сув остидан топилса, уни қутқариш учун қўшимча мутахассислар талаб қилиниши ва у АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳамда ушбу соҳага ихтисослашган хусусий компаниялардан ёрдам сўраганини айтди.
Канада мудофаа вазирлиги хабар беришича, самолётлар билан бирга Канада Қирғоқ хавфсизлиги хизматининг Kopit Hopson кемаси ҳам қидирув ишларида иштирок этмоқда.
Polar Prince кемасининг эгаси бўлган Horizon Maritime компанияси BBC нашрига кема қидирув ишларига ёрдам бераётганини тасдиқлади ва қидирув майдонига иккинчи кема — Horizon Arctic юборилганини маълум қилди.
Кема бортида кимлар бор эди?
Ҳардинг биринчи марта 2022 йилнинг июн ойида жамоага қўшилиш ниятида эканини эълон қилган ва кема экипажида бир неча афсонавий тадқиқотчилар борлигини айтганди. Унинг айтишича, улардан баъзилари 1980-йиллардан бери «Титаник»ка ўттиз мартадан кўпроқ борган.
Ҳардинг Дубайда жойлашган, бизнес-жетлар савдоси ва операциялари билан шуғулланувчи Action Aviation компанияси раҳбари.
18 июн куни унинг фирмаси твиттерда «Титан» шўнғишни муваффақиятли бошлагани ҳақида хабар берди.
«Бизнинг ўғлимиз Шаҳзода Довуд ва унинг ўғли Сулаймон Атлантика океанида ҳалокатга учраган «Титаник» кемасини кўриш учун саёҳатга отланди. Айни пайтда уларнинг сувости кемаси билан алоқа узилган ва маълумотлар чекланган», дея баёнот берган Шаҳзода Довуд оиласи.
«Биз ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрлик учун жуда миннатдормиз ва барчадан уларнинг хавфсизлиги учун ибодат қилишни сўраймиз. Шу билан бирга, оилага махфийликни сақлаб қолишга имкон беришни ҳам сўраб қоламиз», дейилади оила баёнотида.
Довуд Покистондаги энг бой оилалардан бирининг аъзоси ва ерости цивилизацияларини излаш бўйича SETI институтининг ишончли вакили.
Ҳардингнинг Facebook’даги постига кўра, шўнғиш бошланишидан олдин француз тадқиқотчиси Пол-Анри Наржоле ҳам батискаф бортида бўлган. ОАВ маълумотига кўра, жамоада сувости саёҳатини ташкил қилган OceanGate бош директори Стоктон Руш ҳам бор бўлган.
«Титан» у ерда нима қилаётганди?
Шўнғиш учун сувости кемалари ишлаб чиқувчи OceanGate компанияси сайтида, 2021 ва 2022 йилларда «Титаник» қолдиқларига уюштирилган муваффақиятли экспедициялардан сўнг компания ҳар йили шу каби саёҳатларни ташкил қилишни режалаштираётгани айтилади.
12 шўнғишдан иборат экспедициялардан бири 2023 йилнинг ёзига мўлжалланган эди.
Компаниянинг твиттер саҳифасида дастлабки бир неча тур қандай ўтгани ҳақида постлар бор.
Компания хусусий мижозлардан чўкиб кетган афсонавий лайнерни кўриш ва саккиз кунлик экспедицияда қатнашиш учун 250 минг доллар олади.
OceanGate бундай саёҳатни «кундалик ҳаётдан ташқарига чиқиш ва ўзинг учун ҳақиқатан ҳам ғайриоддий бўлган қандайдир нарсани кашф қилиш имконияти» деб атайди.
Хабарга кўра, «Титаник»ка бир марта бориш ва сув юзасига қайтиб чиқиш учун тахминан саккиз соат вақт кетади.
«Титаник» Канада шимоли-шарқидаги Нюфаундленд оролидан 600 км узоқликда, Атлантика океанининг 3800 метрлик тубида жойлашган.
Нима рўй берган бўлиши мумкин?
Чуқур денгиз транспорти бўйича эксперт, Лондондаги Университет коллежи профессори Алистер Грейг BBC нашри билан суҳбатда воқеалар ривожининг бир неча вариантларини санаб ўтган.
Улардан бирига кўра, «Титан»да авария юз берган ва кема балластни (кеманинг тўғри сузиши ва барқарорлигини таъминловчи махсус юк) ташлаб, сув юзасига кўтарилган.
«Агар таъминот қуввати ёки алоқа узилиши содир бўлган бўлса (бу юз бериши мумкин) сувости кемаси сув юзасида уни топишларини кутиб сузиб юради», дейди у.
Унинг айтишича, яна бир сценарийга кўра, сувости кемасининг корпуси шикастланган ва сув билан тўла бошлаган. «Бу ҳолда прогноз унчалик ёқимли эмас», деган Грейг.
Профессор Грейгнинг сўзларига кўра, агар кема денгиз тубига тушган бўлса ва ўз кучи билан сув юзасига кўтарила олмаса, унда вариантлар жуда кам қолади.
«Гарчи сувости кемаси ҳали бутун бўлса ҳам, агар у 200 метрдан ортиқ чуқурликда бўлса, бундай чуқурликка туша оладиган кемалар жуда кам ва ғаввослар бундай тубга умуман туша олмайди. Ҳарбий-денгиз кучларининг сувости кемаларини қутқаришга мўлжалланган аппаратлари, шубҳасиз, «Титаник»ка яқин чуқурликка туша олмайди», дейди профессор.
2022 йили «Титаник» ҳужжатли филмини суратга олган BBC Travel Show директори Саймон Платтснинг сўзларига кўра, OceanGate компаниясининг бош директори ва асосчиси Стоктон Руш йўловчилар денгиз саёҳати давомида «Титаник» қолдиқларини кўра олишига ҳеч қандай кафолат бермайди ва бу жуда хавфли иш экани ҳақида огоҳлантиради.
Платтснинг айтишича, сувости кемаси баъзан ишламай қолиши мумкин бўлган инновацион технологиялар ёрдамида бошқарилади.
«Менда баъзида ишлар нотўғри кетиши мумкин деган таассурот пайдо бўлди. Аммо мен сувости кемасида бўлганимда, фалокат юз бериши мумкинлигига ҳеч қандай белгилар йўқ эди», дейди Платтс.
Австралиянинг сувости кемаларини қутқариш лойиҳаси собиқ директори Френк Оуэннинг BBC нашрига айтишича, батискафдаги одамларнинг вазифаси хотиржамликни сақлаш ва кислородни ортиқча сарфламасликдир.
«Агар улар ваҳимага тушса ёки жуда кўп ҳаракат қилса, кислород захираси тугаши тезлашади», дея эслатди у.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи муаммо «Титан»ни қидиришдир. Уни сув юзасида аниқлаш нисбатан осон, бироқ сув остида анча қийин.
«Титан» ҳақида нималар маълум?
«Титан» беш ўринли сувости кемаси бўлиб, 4000 метргача чуқурликка тушиш ва уч узел, тахминан 5,5 км/соат тезликда ҳаракатланиш учун мўлжалланган.
Ғаввосларни чўкиб кетган «Титаник»ка етказишдан ташқари, қурилма сув ости релйефини ўрганиш ва текшириш, тадқиқот ўтказиш ва филмларни суратга олишда маълумотларни йиғиш учун ишлатилади. Шунингдек, улар учун ускуналар ва дастурий таъминотнинг янги намуналарини синовдан ўтказади.
OceanGate компанияси вакиллари сўзларига кўра, «Титан» энг замонавий ёритиш ва сув ости навигация тизимлари, шунингдек, ички ва ташқи 4К видео ва суратга олиш ускуналари билан жиҳозланган.
OceanGate сайтида айтилишича, беш кишилик сувости кемаси реал вақт режимида ишловчи корпус мониторинги тизими билан жиҳозланган.
Сув ости саёҳати пайтида махсус датчиклар корпусдаги босим ўзгаришини кузатиб боради ва унинг яхлитлигини баҳолайди.
«Ушбу борт мониторинг тизими пилотга шўнғишни тўхтатиш ва ер юзасига хавфсиз қайтиш учун етарли захира билан эрта огоҳлантириш беради», дейилади компания хабарида.
CBS нашри 2022 йили ўз мухбири Девид Погни OceanGate батискафида чўкиб кетган «Титаник»ни кўришга жўнатган эди.
Погнинг сўзларига кўра, шўнғишдан олдин у юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олувчи ҳужжатга имзо чеккан. Ҳужжатда, хусусан, «Титан» давлат сертификатига эга бўлмаган экспериментал кема бўлиб, унда шўнғиш жароҳат ёки ўлимга олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Кейин OceanGate бош директори Стоктон Руш Пог учун кема бўйлаб экскурсия уюштирган. Бу экскурсия давомида кемада фақат битта тугма борлиги ва бошқарув видеоўйин контроллери томонидан амалга оширилиши аён бўлган.
Мавзуга оид
19:53 / 26.11.2024
NASA Сатурн йўлдошига ўз миссиясини учиради
00:43 / 13.09.2024
Аляскада круиз кемаси улкан муз бўлаги билан тўқнашиб кетди
12:00 / 16.06.2024
Евросиё бўйлаб Тинч океанидан Атлантика океанигача – дунёнинг энг узун темирйўл йўналишлари қаерда жойлашган?
21:20 / 16.03.2024