Жаҳон | 07:34 / 23.06.2023
40253
2 дақиқада ўқилади

"Титан" батискафи экипажи аъзолари ҳалок бўлган - оператор-компания

OceanGate ўзининг "Титаник" чўкиб кетган жойга тушиш вақтида ғойиб бўлган сувости кемаси йўловчиларини ҳалок бўлган деб ҳисоблаяпти.

Фото: AP

OceanGate компанияси 19 июн куни Атлантика океанида “Титаник” чўкиб кетган жойга тушиш чоғида ғойиб бўлган “Титан” сувости кемасининг беш нафар йўловчисини ҳалок бўлган деб ҳисобламоқда. OceanGate'нинг тегишли баёноти 22 июн, пайшанба куни CNN медиа-компанияси томонидан тарқатилди. "Бизнинг юрагимиз мана шу фожиали вақтда беш руҳ ва уларнинг ҳар бир оила аъзоси билан. Биз ҳаётдан кўз юмганлар ва биз билган ҳар бир инсонга улар олиб келган қувончни хотирада сақлаб қоламиз", - дейилади баёнотда.

Аввалроқ CNN телеканали "Титан"нинг ташқи корпуси бўлган қолдиқлар батискаф йўқолган жой яқинида топилганини хабар қилган эди.

"Титан"да бўлган беш киши ҳалок бўлганини АҚШ қирғоқни қўриқлаш хизмати тасдиқлаб, уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Унинг версиясига кўра, батискафда портлаш содир бўлган - ичкарига йўналтирилган портлаш. Бу нима сабабдан ва қачон содир бўлгани ҳозирча номаълум.

"Титан" бортида британиялик тадбиркор Ҳамиш Хардинг, покистонлик тадбиркор Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли, OceanGate бош директори ва асосчиси Стоктон Раш ҳамда француз тадқиқотчиси Пол-Анри Наржолет бўлган.

The New York Times газетаси Стоктон Рашнинг рафиқаси Венди Раш 1912 йилда "Титаник" бортида ҳалок бўлган Исидор Штраус ва унинг рафиқаси Иданинг невараси эканини маълум қилди. Уларнинг ҳаёти Жеймс Кэмероннинг "Титаник" филмида машҳур саҳна олинишига туртки берган: ҳалокат пайтидаги кекса эр-хотин Штрауслар биринчи класс йўловчилари эди. Улар қутқарув қайиғига чиқишдан бош тортган, чунки бортда ҳали аёллар ва болалар бўлган.

Мавзуга оид