Ўзбекистон | 13:58 / 23.06.2023
55907
4 дақиқада ўқилади

Хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳақиқий қаҳрамон — Шавкат Мирзиёев

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга оид режаларни маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: ЎзЛиДеП

150 минг нафар ёшларимиз хорижий олийгоҳларда таълим олмоқда. Бундан ташқари, 2 миллион атрофидаги юртдошларимиз рўзғорини тебратиш учун, оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – хорижда меҳнат қилмоқда. Албатта, мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас.

Хорижда бундай шароитда яшаб келаётган одамларимизни ҳақиқий қаҳрамон, десак, тўғри бўлади. Чет элларда тажриба ва малака орттираётган ана шундай ватандошларимизга раҳмат айтишимиз керак”, деди номзод.

Шавкат Мирзиёев хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш чораларини маълум қилди.

Чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирамиз. Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган барча юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятларини янада кенгайтирамиз. Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Тақдир тақозоси билан хорижда вафот этган юртдошларимизни ўз юртига олиб келиш давлат томонидан таъминланади. Уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига алоҳида ғамхўрлик қилинади, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади”, деди у.

АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Европа давлатларидан юқори маош тўланадиган иш топиб кетаётган юртдошларимизга йўл чиптаси ва “ишчи виза”ни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бундан ташқари, чет элдаги юртдошларимиз учун:

  • онлайн ҳужжат олиш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилади, уларнинг нархлари ички тарифларга тенглаштирилади;
  • доимий консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади, ҳисобда туриш шартлари соддалашади;
  • соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш кўлами кенгайтирилади. Бунда, “ижтимоий реестр” ва “3 та дафтар”ларга кирган шахсларга суғурта харажатлари учун субсидия берилади;
  • Германия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда, шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очилади (ҳозирда Россиянинг Москва шаҳрида ҳамда Корея, Қозоғистон ва Туркияда ташкил этилган);
  • хориждаги юртдошларимизнинг барча масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналаримиз, Ташқи ишлар, Бандлик ва Ички ишлар вазирликларида тун-у кун ишлайдиган “колл-марказлар” ташкил этилади.

Умуман, хориждаги ватандошларимиз билан ишлаш, чет элга ишлашга ва ўқишга кетган одамларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларига келгуси йилларда 200 миллион доллар йўналтирилади”, деди номзод.

Режаларга мувофиқ, келгуси етти йил ичида:

  • хорижий давлатларда ҳунарманд ва кулоллар кўргазмалари ўтказилади, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари кенг нишонланади;
  • ватандошларимиз учун Ўзбекистон бўйлаб, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларига махсус саёҳатлар ҳамда чегирмалар пакети ишлаб чиқилади.
  • бу ишларни самарали ташкил қилиш учун, “Ватандошлар” жамоат фондига 300 миллиард сўм ажратилиб, ушбу жамоат фондининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ватандошлар учун:

  • кириш визалари муддати 1 йилдан 3 йилга узайтирилади, давлат божлари 3 карра пасайтирилади (ҳозирда – 250 долларгача);
  • Ўзбекистонда ишлаши учун лицензия талаби бекор қилинади, барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти яратилади;
  • Ўзбекистонда доимий яшаш тартиби соддалаштирилади;
  • мамлакатимизда уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланиш имконини берадиган “Ватандош гувоҳномаси” жорий қилинади.

Мавзуга оид