Жаҳон | 18:33 / 24.06.2023
11716
8 дақиқада ўқилади

Пригожин – исёнчи. Ростов «Вагнер» назоратида. Сўнгги маълумотлар

Фото: Видеодан кадр

Евгений Пригожин бошлаган ҳарбий исён постановка бўлиб чиқмади. Ростов области «Вагнер» назоратига ўтгани айтилмоқда. 24 июн куни шаҳар маркази Евгений Пригожинга бўйсунувчи ҳарбийлар назоратига ўтди. Маҳаллий нашрлар ёзишича, Пригожиннинг аскарлари Жанубий ҳарбий округ штаби, шаҳар администрацияси, ФХХ ва ИИБ биносини эгаллаган.

Пригожин видеода айтишича, штабга боргач фронтда россиялик ҳарбийлар юқорига бериладиган ҳисоботларда қайд этилганидан 3-4 баравар кўпроқ ўлаётганини аниқлаган. Бу рақамлар телевизорда айтилганидан 10 баравар кўп эканини айтиб, йўқотишлар (ўлган, яраланган, бедарак йўқолганлар ва урушишни истамаётганлар) сони кунига минг нафарга етишини таъкидлаган.

Ростов «Вагнер» назоратида

Пригожин Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари назорат қилинадиган Ростовдаги штабдан туриб видео эълон қилди ва шаҳардаги барча объектлар, хусусан, аэродром эгалланганини айтди. Ростов марказида қуролли ҳарбийлар, танклар жойлаштирилди. Област губернатори Василий Голубев ростовликлардан уйда қолишни ва шаҳар марказига бормасликни сўради.

«Вагнер» асосчиси Ростовдаги Жанубий ҳарбий округда Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Евкуров ва Бош штаб раҳбари ўринбосари Владимир Алексеев билан гаплашиб тургани тасвирланган видео ҳам тарқалди. «Биз штаб бошлиғи ва Шойгуни олишни хоҳлаймиз. Улар йўқ экан, Ростовни блоклаймиз ва Москва томон йўлга чиқамиз», деган видеода Пригожин. Унинг Шойгу ва Герасимовни олишни истаёгани ҳақидаги гапига Герасимовнинг ўринбосари Алексеев кулиб «Олинглар» дея жавоб берган.

Суҳбат давомида Пригожин икки юқори мартабали ҳарбийни очиқчасига менсимай гаплашган. У Шойгунинг ўринбосари Евкуровга «Кимсан мен билан сенсираб гаплашадиган», деб дўқ қилган. Ингушетиялик генерал-полковник эса бунга жавобан ҳеч нима дея олмаган ва ғўлдираб қўйган, холос.

Бу видео эълон қилинишидан бир неча соат аввал Владимир Алексеев Пригожиннинг ҳаракатлари «президентга орқадан зарба» ва «давлат тўнтаришига уриниш» эканини айтиб, вагнерчиларни «ақлли бўлиш»га чақирганди. Худди шу мазмундаги видеомурожаат Украинадаги Россия қўшинларини 4 ой давомида бошқарган генерал Сергей Суровикин томонидан ҳам эълон қилинганди. Суровикин ва Пригожин жуда яхши муносабатда эди, ўқ-дори билан боғлиқ муаммо пайдо бўлганда айнан у «Вагнер» ҳамда мудофаа вазирлиги ўртасида воситачи бўлганди.

Расмий баёнотлар

Воронеж области ҳукумати М-4 «Дон» трассасидан Воронеж томонга ҳарбий колонна ҳаракатланаётганини маълум қилди. Воронежликлардан бу трассада ҳаракатланмаслик сўралди. Бу қандай ҳарбий техника экани, у кимга тегишлилиги айтилмаган. Лекин кейинчалик «Вагнер» ҳарбийлари Воронежда ҳам кўриниш беришди. Бу шаҳарда ҳатто битта ҳарбий самолёт уриб туширилди.

Москва мэри Сергей Собянин пойтахтда аксилтеррор операция режими жорий қилинишини эълон қилди. Собянин бундай тадбирлар нега ўтказилаётганини бўйича изоҳ бермаган ва ҳарбий исённи шунчаки «келаётган маълумотлар» деб атаган. Москва области раҳбари Андрей Воробьев ҳудуд аҳолисидан шахсий автомобилда ҳаракатланиш, Москва жанубига ва регион чекка ҳудудларига боришдан тийилишни сўраган. Москва областида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, аксилтеррор операциялари бошланган.

Россия бош прокурори Игор Краснов «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожинга нисбатан қонуний тарзда жиноий иш очилгани юзасидан ҳисобот берган. Бу ҳақда Путиннинг матбуот котиби Песков хабар берди. Пригожинга нисбатан Россия жиноят кодексининг 279-моддаси (қуролли исён) билан иш очилган. Бу моддага кўра жавобгар 12 йилдан 20 йилгача қамалиши мумкин.

Путин бўлаётган воқеалар фонида чиқиш қилиб, Пригожиннинг ҳаракатлари «ортдан берилган зарба» ва «хиёнат» эканини айтди. Унинг мурожаати бир соат кечикиб амалга оширилди.

Шу вақтгача Россия расмий телеканалларида Евгений Пригожиннинг юқори ҳарбий мулозимлар билан тортишуви ҳақида ҳеч нима дейилмаётганди. Аммо вазият жиддийлашгач, 24 июн куни Моква вақти билан 01:30 да «Биринчи канал»да ҳарбий исён ҳақида қисқача лавҳа берилди. Унда Пригожинга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар ўқиб эшиттирилди.

«Биринчи канал»да Янгиликлар кўрсатувининг ушбу фавқулодда эфири модельер Алёна Ахмадулинанинг интервюсини узиб қўйиб узатилди. Кейинроқ каналда яна бир фавқулодда эфир кетди. Унда исён ҳақида бироз кўпроқ маълумот берилди, аммо ҳеч қандай кутилмаган баёнот эълон қилинмади.

Кремлпараст «Рибар» Telegram-каналининг ёзишича, Пригожиннинг ахборот хизмати гўёки гуруҳ лагерига ракета зарбаси берилгани ҳақида эълон қилган видео саҳналаштирилган бўлган.

Босиб олинган Севастопол губернатори Михаил Развожаев ҳудуд раҳбарлари орасида Пригожиннинг исёнига муносабат билдирган биринчи губернатор бўлди. У «ҳали хулоса қилиша эрталиги»ни айтди. «Ҳар қандай зиддият ёмон, бунақа даражадагиси эса жуда ҳам ёмон. Ҳозир ҳеч биримизда керакли хулоса қилиш учун етарли маълумот йўқ. Россияликлар давлатига ва президентига ишониши керак», деган губернатор.

Пригожин унинг аскарлари учта вертолётни уриб туширганини маълум қилди. Кейинроқ битта ҳарбий самолёт ҳам уриб туширилган. «Тўқнашувлар ҳарбийларга хато маълумот берилган ҳудудларда содир бўлмоқда. Ҳарбийлар бизни кутиб олаётган ерларда Росгвардия, милиция бизни хурсандчилик билан қаршиламоқда. Кўпчилиги биз билан бирга кетиш истагини билдиришмоқда. Ҳали кўп йўл босганимиз йўқ, аммо аллақачон 60-70 чоғлик одам бизга қўшилишга улгурди», деди Пригожин гуруҳ сафи кенгаяётгани ҳақида.

«Фонтанка» нашри Петербургдаги «Вагнер Маркази»га кучишлатар тизим вакиллари боргани ҳақида ёзди. Шунингдек, Пригожин эгалик қиладиган бизнес марказда тинтув ишлари бошланган. У ерга икки автобусда ОМОН ва Росгвардия зобитлари келган. Пригожиннинг офисидан бир «Газел» пул топилган. Унинг ўзи пуллар бўлганини тасдиқлади ва у вагнерчиларнинг маоши эканини айтди.

Россиялик мухолифатчи Михаил Ходорковский «одамларга Пригожинни эшитишга ёрдам бериш»га чақирди. Унинг сўзларига кўра, Пригожин урушга қарши россияликлар аввалбошдан билдираётган эътирозларни такрорлаб, урушдан мақсад ўғрилик бўлгани, унинг асл мақсадига эса ҳеч ким ишонмаслигини айтган. Ходорковскийнинг фикрича, Пригожинга қаршилик қиладиганларни тўхтатишга уриниш керак. «Ахир бизнинг душманимиз битта» деган миллиардер.

Россиянинг бош пропагандачиларидан бири Владимир Соловев ўз каналида Запорижжядан қайтаётганини айтиб, видео жойлади. «Бунақа кунларгача яшайман деб ўйламагандим. Вагнерчилар, ўзингизга келинг ва укронацизм билан курашинг», деган у. Соловев бу исённи диктатор Муссолинининг Римга юришига ўхшатиб, фуқаролар урушидан ёмонроқ ҳеч нарса йўқлигини айтган.

Уруш давомида жуда фаол постлар ёзиб келган Дмитрий Медведев эса бу гал жарангдор чиқиш қила олмади ва шунчаки Путиннинг атрофида бирлашишга чақирди. 

Мавзуга оид