Ўзбекистон | 16:17 / 25.06.2023
29660
3 дақиқада ўқилади

“Кўлмакдек сув кўриниб қолса, бу мен учун байрам” – Ер қаъридан ризқини топган қудуқчи ҳикояси

“Кейинги йилларда жойларда сув тобора тортилиб боряпти. Аввал 20 метрдан чиқаётган сув бугунги кунга келиб 25 метрдан чиқяпти. Йилдан йилга сув пастга қараб қочяпти”, – дейди у.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани Қақир қишлоғида яшовчи Ғуломжон Олимов бир ойда камида 15 хонадонга ер қаъридан сув чиқариб бериб, одамларга қувонч улашади. У ҳалол меҳнати ортидан 3 фарзандни вояга етказяпти. Айни ёз жазирамасида қудуқчининг қўли қўлига тегмайди. Иш ҳар доимгидан кўпайган.

“Қудуқ қазишни бошлаганимга 15-16 йил бўлди. Одамларга сув чиқариб бериб, уларнинг хурсандчилигини кўриш бахт, албатта. Қаердадир сув бор, қаердадир йўқ. Уйидан сув чиққанидан хурсанд бўлиб қувонган одамни кўрсам меҳнат машаққатлари ортда қолади. Яратганга шукр, қудуқчиликдан тирикчилик ўтяпти. Кунига 500 минг сўм топган кунлар ҳам бўлади. Ризқимизга яраша одатда кунига 200 минг сўм топамиз.

Бир ойда 20-25 кун иш бор. 12 ой доимий равишда қудуқ қазиш билан машғул бўламиз. Ишлаган хонадонимизда сув чиқиб, уй эгаси ўша сувдан бир пиёла ичса биз учун улкан бахт.

Кейинги йилларда жойларда сув тобора тортилиб боряпти. Аввал 20 метрдан чиқаётган сув бугунги кунга келиб 25 метрдан чиқяпти. Йилдан йилга сув пастга қараб қочяпти. Ўтган йили Сўх туманининг Сариканда қишлоғида қудуқ қазиганимизда 87 метрдан сув чиқди. Бундай чуқурликда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Бундай пайтда Яратгандан бало-қазолардан паноҳ тилаб меҳнат қиламиз.

Қудуқ қазишда энг машаққати бу – маррага етиб олиш. Кўлмакдек сув кўриниб қолса, бу мен учун байрам. Чарчоқлар ҳам чиқиб кетади. Сўх туманида 87 метрлик қудуқ қазиганимизда ҳаво етишмаслигидан азият чекмадик. Лекин Фарғонада қудуқ қазиш жараёнида ичкарида махсус мосламалар ёрдамида нафас олишга тўғри келади.

Иш пайтида кўнгилсиз ҳолатлар ҳам учраб туради. Чуқурда эканимда тош, тепадан челак тушиб кетган вазиятлар бўлган. Ток урган ҳолат ҳам бўлди. Ўз вақтида ёрдам кўрсатишиб, тепага чиқариб олишган.

Ҳозирги кунда бир метр қудуқ қазиш нархи 200-300 минг сўм. Ишнинг оғир-енгиллигига қараб 4 кишилик жамоа бўлиб ишлаймиз. Кунига 250 минг сўмдан 500 минггача пул топамиз.

Ишимиз ҳозир жуда кўпайган. Боғларда меваларга сув зарур. Қудуқ қазиш кўпчиликнинг қўлидан келмайди. 10 нафар шогирд чиқардим”, – дейди Ғуломжон қудуқчи.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Боймирза Халилов

Мавзуга оид