Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит ариқда оқиб кетаётган қизчани қутқариб қолди
Боланинг отаси уйида иш қилаётгани сабаб қизи сувга тушиб кетганини билмай қолган. Туман ФВБ қутқарувчини ташаккурнома ва совға билан тақдирлади.
20 июн куни Тошкент вилояти Қибрай туманида 18 ёшли йигит ариқда оқиб кетаётган қизчани қутқариб қолди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қиз яшайдиган хонадон ҳовлисидан катта ариқ оқиб ўтган. Қизча ариқ бўйида ўйнаб, сувга тушиб кетган ва ҳушсиз ҳолда тахминан 200 метр масофага оқиб борганида йўлдан ўтиб кетаётган 18 ёшли йигит уни қутқариб қолган.
«Ариққа қараб кетаётгандим, қизни кўриб, зудлик билан сувга тушиб, уни олиб чиқдим. Орқасини ўгириб, белини ишқаладим ва ичидаги сувини чиқариб ташладим. Шундан сўнг, қизни шифохонага олиб бордик», дейди қизалоқни қутқариб қолган йигит.
Қизнинг отасининг айтишича, у уйида иш қилаётгани сабаб қизи сувга тушиб кетганини билмай қолган.
«Қарасам, қизим йўқ. Ариқ бўйига югуриб бориб, кўрсам бетон ҳўл экан. Шундан ариққа тушиб кетганини тушундим. Етиб келгунимча, қўшни бола қутқариб қолибди. Раҳмат шу маҳалладагиларга. Шифохонага олиб бориб, икки соатлик шифокор кўригидан сўнг, қизим ўйнаб-кулиб чиқиб келди», — дейди қизнинг отаси.
Қизни қутқариб қолган Юсуфбек Тожибоевга туман ФВБ ходимлари томонидан ташаккурнома ва совға топширилган.
Мавзуга оид
14:01 / 27.12.2024
Қибрайда Қозоғистондан тортилган яширин ерости қувури аниқланди
10:46 / 15.11.2024
Қоидабузарлик қилган ФВВ автомобили ҳайдовчиси жаримага тортилди
19:07 / 12.11.2024
ФВВ автомобили вазирлик биносига киришда қўпол қоидабузарлик қилди
15:57 / 07.11.2024