Ўзбекистон | 11:22 / 28.06.2023
13121
3 дақиқада ўқилади

ДХХ қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жойларда қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, қирғизистонлик наркокурьерлар контрабанда йўли билан етказиб берган 9 кг 57 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, Фарғона шаҳри томон ҳаракатланмоқчи бўлган вақтида Олтиариқ туманида яшовчи, муқаддам судланган аёл ушланди.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 2 кг “опий” ва 550 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистондан келтирилган ушбу моддани Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Денов туманида яшовчи шахс ҳам ушланди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Учқўрғон туманида яшовчи фуқарога тегишли дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 1 кг 390 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ушбу фуқаро 12 минг АҚШ долларига сотиб олинган наркотикни қайта сотиб, даромад топишни режалаштирган.

ДХХ Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда маҳаллий фуқаро 974 гр “гашиш” моддасини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у моддани ҳамшаҳаридан олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди. Ушбу наркотик модда Қирғизистондан олиб келинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид