«Вагнер» Ил-22 ҳаво қўмондонлик пунктини уриб туширди. Бу қандай самолёт эди?
23-24 июн кунлари бўлиб ўтган «Вагнер» исёни Россия ҳарбий авиациясида йўқотишларга сабаб бўлди. Очиқ манбаларга кўра, Ми-8МТПР русумли учта радиоэлектрон кураш вертолёти, Ка-52 ва Ми-35 русумли зарбдор вертолётлар, Ми-8 русумли ҳарбий транспорт вертолёти, шунингдек, «ҳимояланган ҳаво бошқарув пункти» — Ил-22М самолёти ҳам вагнерчилар томонидан уриб туширилган.
Айнан ушбу турдаги самолёт йўқ қилингани ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмаган. Бу ҳақда россиялик журналистлар ва уруш тарафдори бўлган блогерлар хабар берган. Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи маълумотларига кўра, 23 июн куни Луҳанск яқинида яна бир Ми-8МТПР вертолёти уриб туширилган бўлиши мумкин, бироқ очиқ манбаларда бу воқеа ҳақида тафсилотлар йўқ. Экипаж аъзоларининг қанчаси ҳалок бўлгани ҳам номаълум.
24 июн куни телеграм-каналларда самолёт қулаши вақтида олинган видео ва ҳалокат жойидан олинган кадрлар пайдо бўлди.
Агар ердаги қолдиқлар ҳақиқатан ҳам 24 июн куни уриб туширилган самолётга тегишли бўлса, унда кадрлардан бирида ҳаводаёқ самолётдан ажралган қуйруқ қисмининг нисбатан бузилмаган бўлаги кўринади. Ундаги рақам — 75917 — серия рақами 2964010105 бўлган Ил-22М самолётига тегишли. Уни турли онлайн хизматларда Ил-18М-11 ёки Ил-22М-11 деб ҳам аташади.
Турли авиация сайтларидаги фотосуратларга кўра, ушбу самолёт илгари Иваново шаҳри яқинидаги Иваново-Шимолий ҳарбий аэродромида, шунингдек, Твердаги Мигалово аэродромида қайд этилган. Самолёт айнан қайси авиация бўлинмасига тегишли экани номаълум.
Иваново аэродромида 2457-узоқ масофали радиолокация аниқловчи самолётлардан жанговар фойдаланиш базаси жойлашган. Ил-22М айнан шу қисмга тегишли бўлиши мумкин, чунки бу ерда бундай самолётнинг электрон аппаратларига хизмат кўрсатиш осонроқ бўлади. Мигалово аэродромида эса ҳарбий-транспорт авиацияси жойлашган.
Ҳаво қўмондонлик пункти
Ил-22М исён натижасида йўқотилган техникаларнинг энг қиммати эди. Ушбу самолётнинг номини ифодалашда баъзан ҲҲБМ қисқартмасидан фойдаланилади — «ҳимояланган ҳаво бошқариш маркази».
Ушбу номдаги «ҳимояланган» сўзи жисмоний ҳимояга эмас, балки радиоэлектрон кураш воситалари таъсирига чидамли алоқа каналларига ишора қилади.
Самолёт жанговар ҳаракатлар пайтида қўшинларни бошқариш мумкин бўлган ҳаво қўмондонлик пунктини ўзи билан олиб юради. Бу пункт ҳавода бўлгани учун уни оператив-тактик ракеталар билан йўқ қилиб бўлмайди.
Самолётнинг иккинчи афзаллиги шундаки, юқоридан ердаги жанговар қисмлар билан алоқани таъминлаш осонроқ. Айниқса, алоқани мураккаблаштирувчи паст баландликда учадиган фронт авиацияси билан бу асқатади.
Россия ҳукумати таъсиридаги бир нечта телеграм-каналлар таъкидлашича, уриб туширилган самолёт кенг кўламли уруш бошланганидан бери радио сигналларни ретрансляция (зарарланган ва йўқолиб қолган сигналларни автоматик қайта узатиш) қилиш вазифасини бажарган, яъни ердаги қўмондонлик пунктини қўшинлар билан боғловчи баланд антенна сифатида ишлаган.
Бироқ, бу маълумотни тасдиқловчи ҳеч қандай расмий манба йўқ. Шунинг учун самолёт бортида фронтдаги жангларга раҳбарлик қилувчи офицерлар бўлган бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди.
Ил-22 самолёти 1970-йилларда яратилган. Ҳаво қўмондонлик пункти ғоясини амалга ошириш учун бир неча самолётлар кўриб чиқилган, улар орасида, жумладан Ан-10, Ан-12 ва Ил-18 бўлган. Уларнинг барчаси ҳавода узоқ вақт уча оларди, аммо охир-оқибат Илюшин конструкторлик бюросининг муваффақиятли фуқаролик лайнери танланган.
Ил-18 жуда ишончли самолёт эди ва энг муҳими, 1958 йилдан 1978 йилгача бундай самолётлар кўп миқдорда ишлаб чиқарилганди. 1970-йилларда бу тип аста-секин фуқаролик парвозларидан олиб ташлана бошланади ва унинг асосида ҳарбий самолёт яратиш мантиқан тўғри эди.
Натижада, Ил-18 базасида бирданига бир неча ҳарбий самолёт ишлаб чиқилади, улар орасида Ил-22М’дан ташқари Ил-38 сув ости кемаларига қарши самолёти, Ил-20 разведка самолёти (улардан бири 2018 йилда Сурия ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилган) ва Ил-22ПП радиоэлектрон кураш самолётлари бор эди. Ил-22ПП янги модификациялардан бири бўлиб, 2010-йилларнинг иккинчи ярмидан пайдо бўлган.
Ил-18’ни қайта жиҳозлаш жараёнида йўловчилар салони лайнерлардан бутунлай олиб ташланади ва махсус қурилмалар ўрнатилади. Ил-22М’да эса, самолётга қўмондонлик таркиби учун иш жойлари ҳам ўрнатилган.
1970-йиллардан бери жами ўттизга яқин Ил-22 ишлаб чиқарилган ёки жиҳозланган. Улар доимий равишда такомиллаштирилади ва ҳозирда Ил-22 СУРТ (бошқарув ва ретрансляция самолёти) версияси яратилган охирги дастур устида иш олиб борилмоқда.
Military Balance 2022 маълумотномасига кўра, кенг кўламли уруш бошида Россияда 12 та Ил-22М ва 10 та Ил-22 (эски модификация) самолёти бўлган.
Камида битта самолёт жанговар ҳаракатлар пайтида шикастланган. Россиянинг «Московский комсомолец» газетаси 2022 йил октябр ойида Ил-22 самолёти Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими томонидан ўққа тутилгани ва шикастлангани ҳақида ёзганди. Самолёт базага қайтишга муваффақ бўлган, аммо унинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Радиоэлектрон кураш вертолётлари
Уриб туширилган иккита радио электрон разведка вертолётлари ҳам Россия авиацияси учун жуда катта йўқотишдир.
Ми-8МТПР-1 вертолётлари Россия ҳарбий-саноат комплексининг янги ишланмаларидан бири. Бу қурилмалар «Рычаг-АВ» радио электрон кураш тизими билан жиҳозланган бўлиб, у ер ва ҳаво радарлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва авиация қуролларига қарши курашиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, бундай вертолётлар радио электрон разведка ишларини ҳам олиб боради.
«Рычаг-АВ» — бу махфий ишланма ва у ҳақида фақатгина умумий маълумотлар мавжуд, шунинг учун унинг самарадорлигини баҳолаш жуда қийин.
Россия анъанавий равишда радио электрон урушга катта эътибор қаратади ва бу вертолётлар қўшинларга сўнгги йилларда фаол кириб келганди. Military Balance 2022 ҳисоботида айтилишича, 2022 йилда уларнинг сони ўттиздан ортиқ бўлган, аммо уруш пайтида ҳам бир неча вертолёт ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин.
Вагнерчилар томонидан уриб туширилган иккита Ми-8МТПР-1 бундай техниканинг маълум бўлган биринчи уриб туширилиши эмас. 2023 йил май ойида Брянск областида иккита шундай вертолёт уриб туширилганди. Ушбу вертолётлар ва иккита Су-30 ва Су-34 самолётларининг ҳалокати сабаби ҳали аниқланмади. Бир версияга кўра, улар Украина ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган, бошқа тахминга кўра эса, русларнинг ўзи уларни хато оқибатида нишонга олган.
«Аҳмоқ ПВОчи»
Ҳужумкор Ка-52 ва Ми-35, шунингдек, ҳарбий транспорт вертолёти бўлган Ми-8 ҳам анча қиммат қурилмалар, аммо уруш пайтида бундай транспорт воситалари тез-тез фронт чизиғи яқинида пайдо бўлади ва йўқотишларга дуч келади.
Улар «Вагнер» жангариларига зарба берган бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, Евгений Пригожин шундай даъво қилган.
Ростов-Донни амалда ўз назорати остига олган, Воронежни айланиб ўтиб, Москва томон ҳаракат қилган «Вагнер» гуруҳларида «Панцирь-С1» зенит-ракета тизимлари мавжуд эди — колонналарда камида иккита шундай қурилмани кўришган.
Бундан ташқари, Воронеж яқинида олингани айтилаётган видеода паст баландликда учаётган Ка-52 вертолёти катта эҳтимол билан қўл зенит-ракета тизимидан ўққа тутилганини кўриш мумкин.
Агар зарбдор вертолётлар «вагнерчилар»га ҳужум қилган бўлса, уларнинг жавоб ҳаракатини, камида тушуниш мумкин. Ҳатто Ми-8 ва визуал жиҳатдан ундан умуман фарқланмайдиган Ми-8МТПР-1 ҳам узоқдан таҳдиддек кўриниши табиий эди.
Аммо ҳеч қандай ҳужумкор самолётга ўхшамайдиган, катта Ил-22 самолётини уриб туширишдан ҳеч қандай аниқ маъно йўқ эди.
«Биринчи канал» мухбири Ирина Куксенкова ўз телеграм-каналида Пригожиннинг сўзларига таяниб, воқеага «Вагнер»нинг зенит отувчиси айбдор эканини ёзди: «Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасида Пригожиндан бу самолётга нима учун зарба берилгани, у зарбдор эмаслиги, балки бошқа функцияларни бажариши ҳақида сўралганида, у колоннадаги аҳмоқ ҳаво ҳужумидан ҳимоя аскари парвоз қилган ҳамма нарсани уриб туширганини айди».
Мавзуга оид
17:22 / 25.11.2024
Малида «Вагнер»нинг бир неча жангчиси ўлдирилди
15:35 / 25.11.2024
Малида «Вагнер» ХҲКнинг бир неча ёлланма аскарлари ўлдирилди
22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган
20:33 / 18.09.2024