Жаҳон | 22:16 / 29.06.2023
10353
2 дақиқада ўқилади

Кардиолог телефонда кўп гаплашиш хавфи ҳақида огоҳлантирди

Телефонда кўп қўнғироқ қилиш гипертензия ривожланиш хавфини оширади. 

Фото: Известия

Мобил телефондан тез-тез фойдаланиш юрак-қон томир патологияларини, хусусан, гипертония деб аталадиган артериал гипертензияни ривожланиш хавфини оширади. Бу ҳақда кардиолог ва тиббиёт фанлари номзоди Ксения Ерусланова гапириб берди. 

Шифокор сўзларига кўра, умумий қўнғироқлар вақти ҳафтасига 30 дақиқадан ошса, гипертензия ривожланиш хавфи юзага келади. Ушбу параметр қанчалик юқори бўлса, патология хавфи шунчалик юқори бўлади. 

«Бу суткасига 24 соат давомида алоқада қолишга уринадиган одамлар йўлиқадиган стресс билан боғлиқ. Маълумки, стресс юрак-қон томир касалликлари ривожланишининг ҳал қилувчи хавф омилларидан биридир», деди кардиолог. 

Унинг сўзларига кўра, иш жойида мобил телефонлардан тез-тез фойдаланадиган одамлар иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги чегарани йўқ қилади. Бу, ўз навбатида, доимий ташвиш ва стрессга олиб келади. Телефон суҳбатларининг салбий таъсирини камайтириш учун Ерусланова вақтни назорат қилишни тавсия этди. 

«Ўзингиз учун мобил телефонсиз «тинчлик соати»ни жорий қилинг. Масалан, овқатланиш пайтида ёки дам олиш пайтида. Кечаси сиз «безовта қилинмасин» режимини ўрнатишингиз мумкин, кейин кирувчи қўнғироқлар ёки хабарлар ҳақидаги билдиришномалар экранда кўринмайди», деди у. 

Кардиолог тавсиясига кўра, зарурат бўлмаса смартфонни қўлга олмаслик лозим. Бўш вақтни жисмоний фаолиятга, сайрга ёки севимли машғулотларга бағишлаган маъқул.

Мавзуга оид