Ўзбекистон | 21:44 / 30.06.2023
18051
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси Мюнхэн вокзалида ётиб юрган ўзбекистонликлар иши бўйича баёнот берди

Қайд этилишича, 35 киши Германиядаги ўзбекистонликларнинг уйларига вақтинча яшаб туриш учун жойлаштирилган. Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси ваколатли органлар билан ҳамкорликда Германияга ишлашга юборилган ҳамюртларимиз дуч келган муаммони бартараф этиш чорасини кўраётгани маълум қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Turon World Cooperation xususiy bandlik agentligi МЧЖ томонидан Германияга ишга юборилган йигитлар айни пайтда Мюнхэндаги темирйўл вокзалида қолишаётгани, МЧЖ вакиллари эса қаергадир ғойиб бўлгани акс этган видеолар тарқалганди.

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси Work and Travel дастури бўйича Германияга келган, кутилмаган қийинчиликларга дучор бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берди.

“Ўзбекистоннинг Turon World konsalting компанияси маълумотларига кўра, ушбу ташкилот 98 нафар Ўзбекистон фуқароларини Work and Travel дастури бўйича Германияга мавсумий ишларга жўнатган.

Бош консулхона ходимлари «Ҳумо» ўзбек-немис маданий жамияти фаоллари билан биргаликда воқеа жойига зудлик билан етиб бордилар, ўзбекистонлик ватандошлар имкониятларидан фойдаланиб, 35 нафар муҳтож Ўзбекистон фуқароларига ушбу ҳудудда вақтинча яшашлари учун зарур ёрдам кўрсатдилар.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси вазиятни назоратга олдилар ва ваколатли органлар билан ҳамкорликда мазкур муаммони бартараф этиш чораларини кўрмоқдалар”, дейилади баёнотда.

Аввалроқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлган воқеага муносабат билдириб, Turon World Cooperation Xususiy Bandlik Agentligi МЧЖ вакиллари ўзларига таниш бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2023 йилнинг май-июнь ойларида Work and travel дастури орқали Германияга 102 нафар талабани жўнатгани, аммо Германияга етиб борган талабаларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келганини билдирганди.

Вазирлик фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш билан шуғулланиш лицензия талаб этадиган фаолият тури ҳисобланишини, бугунги кунда Ўзбекистонда фақатгина 9 та хусусий бандлик агентлиги лицензияга эга эканини эслатган.

Бироқ вазирлик расмий сайтида келтирилган реестрда Turon World Cooperation Xususiy Bandlik Agentligi МЧЖ лицензияга эга бандлик агентлиги экани қайд этилган. Ўзбекистонликларни хорижга ишга юбориш бўйича расмий рухсатномага эга ташкилот билан нима учун муаммо юзага келгани ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ Миграция агентлиги фуқароларни хорижда ишга жойлаш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар билан шартнома тузмасликка чақирганди. Ўзбекистонда 5 йил ичида 73 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган.

Мавзуга оид