Ўзбекистон | 20:55 / 01.07.2023
21164
3 дақиқада ўқилади

Шеърни муаллифнинг рухсатисиз қўшиқ қилган яна бир хонанда жаримага тортилди

Интеллектуал мулк қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка тортилган қўшиқчи Жаноб Расул бўлиши мумкин.

Фото: Getty images

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, фуқаро Б.Мухамедходжаев муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ва қонунбузарга чора кўришни сўраб Адлия вазирлигига мурожаат қилган. Аниқланишича, фуқаро Ж.Р. томонидан муаллиф Б.Мухамедходжаев қаламига мансуб «Энажон» номли шеърдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда шартнома тузмасдан фойдаланган ҳолда қўшиқ ижро этилган ҳамда YouTube платформаси орқали тарқатилган.

Ҳолат юзасидан фуқаро Ж.Р. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун судга юборилган ва у суд қарорига асосан жаримага тортилган.

Расмий хабарда жарима миқдори келтирилмаган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдори (айни пайтда 330 минг сўм – таҳр.)нинг беш бараваридан ўн бараваригача (1 650 минг сўмдан 3 300 минг сўмгача) миқдорда жарима белгиланган.

Бироқ бу шоирдан рухсат олмай унинг шеърини қўшиқ қилган хонанда тўлайдиган ягона жарима эмас. Энди шоир суд орқали Ж.Р.дан товон пули ундириши мумкин. Адлия вазирлигининг эслатишича, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддасига мувофиқ ҳуқуқ эгаси зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача (6 600 минг сўмдан 330 млн сўмгача) товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Гарчи вазирлик хабарида жавобгарликка тортилган хонанданинг исми тўлиқ келтирилмаган бўлса-да, у шоу-бизнес оламида Жаноб Расул сифатида танилган қўшиқчи бўлиши мумкин. Чунки YouTube’да “Энажон опа” деб номланган ва бугунгача 13 млн марта кўрилган қўшиқ айнан ушбу хонандага тегишли. Қолаверса, Жаноб Расул ушбу қўшиқни 2018 йилги концертида ҳам куйлаган.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Kun.uz сўровига жавобан мурожаатчининг талаби бўйича исм-фамилиялар қисқартириб берилгани, шу сабабли бу маълумотни очиқлай олмасликларини билдирди.

Аввалроқ Юлдуз Усмонова, Фарҳод ва Ширин, Санжай, Достон Эргашев, Жалолиддин Аҳмадалиев ҳам бировнинг шеърини рухсатсиз куйлагани учун жавобгарликка тортилганди.

Мавзуга оид