Жаҳон | 08:59 / 01.07.2023
77100
17 дақиқада ўқилади

«Вагнер» қандай тузилган эди: Пригожин армиясининг вужудга келиш тарихи

2016 йилнинг 9 декабрида Кремлнинг Георгий залида Россия қаҳрамонлари шарафига тантанали қабул ўтказилди. Таклиф этилган орасида «Вагнер» ХҲК қўмондони Дмитрий Уткин, унинг ўринбосари Андрей Трошев, штурмчи рота қўмондонлари Андрей Богатов ва Александр Кузнецов ҳам бор эди.

Бу тўртовлон президент Путин билан бирга тушган машҳур фотосуратда муҳрланган. Трошев ва Богатов — ўшандаёқ Россия қаҳрамонлари эди. Кузнецов ва Уткин кейинчалик бу унвонга эга бўлишади. Бу тўртовлонни қўрқмасдан «Вагнер» ХҲК асосчилари деб аташ мумкин. Ўшанда бу «хусусийчилар»нинг Суриядаги уруш кампаниясида иштироки нафақат тан олинмасди, ҳаттоки махфийлаштирилган ҳам эди. Улар ҳақида Суриядаги тўқнашувлар тўғрисида рапортларда ҳам сўз бормасди. Вагнерчилар бўлинмалари унда «Сурия армияси бўлинмалари» деб ёзиларди.

Вагнерчиларнинг Путин билан бирга тушган машҳур сурати. Чапдан ўнгга: Богатов, Трошев, Путин, Кузнецов ва Уткин. Фото: top-50.ru

«Вагнер» ХҲКнинг Сурия кампаниясида иштироки ҳақида «Новая газета» жуда кўп ёзган. Нашр хусусий ҳарбийлашган компаниянинг вужудга келиш тарихига назар солди.

2013 йилда Латақияга Россия ҳарбий космик кучлари самолётлари ва вертолётлари ташлангач, тез орада Россия армияси қуруқликдаги операцияларда иштирок этмаслиги маълум бўлди. 

Расман Россия ҳарбийлари жанговар ҳаракатларда чиндан ҳам иштирок этишмаган. Бироқ Суриядан «200-рақамли юк» мунтазам келиб турган. Улар асосан «Вагнер» ХҲК жангарилари жасадлари эди.

Айнан улар ИШИД ва уларнинг иттифоқчиларини Палмира, Ҳалаб, Дайр-аз-Зур ва Суриянинг бошқа шаҳар-қишлоқларидан сиқиб чиқаришда иштирок этган гуруҳлар асосини ташкил этган.

Россия ҳарбий космик кучларининг илк жанговар парвозлари 2015 йилнинг 30 сентябрида содир бўлган. Октябр ойи бошларида Сурияга «Вагнер» жангарилари ташлана бошлаган. Улар дарҳол жанговар вазифаларни бажаришга киришган. Бунгача улар Донбассдаги ҳарбий тўқнашувларда иштирок этиб, бой тажриба тўплашган. Масалан, Донецк аэропорти учун жангларда 2014 йил охирларида – у ерда «Вагнер» ХҲКнинг иккита ротаси келгач – кескин бурилиш содир бўлган. 2015 йил 22 январида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилиб олган «ДХР»нинг ўша вақтдаги раҳбарияти аэропорт тўлиқ назорат остида эканини эълон қилган.

Аэропорт учун жанглар тугагани ҳамоно, «вагнерчилар»ни Дебалцеве районига ташлашган. 2015 йил 18 февралида «ДХР» мудофаа вазирлиги Дебалцеве тўлиқ назорат остига ўтгани ҳақида ҳисобот берган.

Дастлаб номи ҳам бўлмаган ҳарбий компаниянинг ташкил этилишидан аввал мана шундай воқеалар юз берган эди:

  • 2013 йил февралигача Дмитрий Уткин Бош разведка бошқармаси махсус вазифали бўлинмасининг 2-алоҳида бригадаси 700-алоҳида вазифалар бажарувчи отрядига қўмондонлик қилган. Армиядан истеъфога чиққач, истеъфодаги подполковник жаҳон океанининг қароқчилар хавфи бўлган ҳудудларида денгиз кемаларини қўриқлаш билан шуғуллантирувчи кадрлар тўпловчи Moran Security Group’га ишга кирди. Бунгача Уткин икки марта Россия савдо кемаларини кузатиб бориш учун Африканинг сувли ҳудудларига хизмат сафарига бориб келади. Кейинроқ унга қуруқликда ҳам ўз малакаси бўйича иш топилди.
  • 2013 йил ёзида Moran Security Group Сурия нефт ва минерал ресурслар вазирлигидан нефт қазиб олиш, қайта ишлаш ва транспортировка қилиш объектларини қўриқлаш учун мутахассисларни тўплаш, ўқитиш ва жўнатиш бўйича таклиф олади. Хавфларни баҳолаб чиқиб, компания расмий Дамашқ билан алоқа қилмасликни лозим деб топади. Лекин шартномадан буткул воз кечмайди. Компания менежерлари Ҳонгконгда Slavonic Corps Limited («Славян корпуси») компаниясини рўйхатдан ўтказади. Ҳонгконг компаниясини Вадим Гусев (Moran Security Group директори ўринбосари) ва Евгений Сидоров (Moran Security Group кадрлар бўйича мутахассиси) бошқаради.
  • Slavonic Corps Limited (у Москва шаҳар, Потапов тор кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган Moran Security Group офисининг иккинчи қаватида бир неча хонага эга эди) Сурияда ишлаш учун 267 кўнгиллини ёллайди. Янги тўпланганларни иккита ротага бўлишади: «Казаклар ротаси» ва «Славян ротаси». «Славян ротаси»га Дмитрий Уткин бошлиқ бўлади.
  • 2013 йил сентябр ойи охирларида ҳар икки рота Ливан пойтахти Байрут орқали Сурияга кириб боради. Бироқ, Латақияга кириб келишгач, россияликлар «нефт қазиб олиш, қайта ишлаш ва транспортировка қилиш объектларини қўриқлаш» учун ҳали бу объектларни жангарилардан тортиб олиш ҳам кераклигини англашади.
  • «Славян корпуси» қўлбола зирҳлар билан жиҳозланган Hyundai автобуслари ва JMC жипларига миниб, Дайр-аз-Зур ҳудудидаги нефт конлари томон йўналади. Ҳумс вилоятидаги Ас-Саҳна шаҳри яқинида колонна пистирмага дуч келади. Жангчилар диққатни жамлаб, айлана мудофаага ўтишади, хандақлар қазиб, уларни ўраб олишга ҳаракат қилаётган бир неча минг жангарилар ҳужумини қайтариб туришга ҳам муваффақ бўлишади.
Суриядаги вагнерчилар. Фото: ижтимоий тармоқлар

— Ўшанда ўлиб кетишимиз мумкин эди, — деб ҳикоя қилади «Новая газета»га жанг қатнашчиларидан бири. — Биз бор ўқ-дориларимизни сарфлаб бўлувдик… Кутилмаганда чанг бўрони бошланиб қолди. Бир неча метр наридаги одамни кўриб бўлмай қолди. Уткин бу ерда ўлиб кетамиз, деб ҳаммани қўл билан жанг қилиб ёриб ўтишга чорлади. «Славян»лар ортидан «казак»лар ҳам туриб кетишди. Чанг бўрони «қора»ларни ҳам қўрқитиб юборганди, бизнинг ёриб ўтолганимизни улар сезмай қолишди. Шундай қилиб Саҳнагача етиб олдик. Олти киши ярадор бўлди, улардан иккитаси оғир аҳволда эди. Бу воқеа 2013 йилнинг 17 октябрида содир бўлувди.

— Латақияда «казаклар»дан бири Алексей Малюта ёриб ўтиш чоғида ҳужжатлар солинган планшетини тушириб қўйгани маълум бўлади. Ўшанда планшетни топиб олган ИШИДчилар Сурияда руслар жанг қилаётганини бутун дунёга жар солишади, — дея кўп йиллардан сўнг Slavonic Corps Limited раҳбарларидан бири «Новая газета»га ҳикоя қилиб берган эди.

«Славян корпуси» аъзолари Ўрта Ер денгизи соҳилларида. Фото: ижтимоий тармоқлардан

«Славян корпуси» тезда Россияга эвакуация қилинади. 2013 йил 19 октябрида Внуково аэропортига қўнган иккита самолётни ФХХнинг «Алфа» махсус бўлинмаси қуршаб олади, шартнома асосида жанг қилган барча жангарилар ҳибсга олинади. «Славян корпуси» раҳбарлари Вадим Гусев ва Евгений Сидоровга нисбатан РФ ЖКнинг 359-моддаси («Одамларни жанг учун ёллаш») бўйича жиноят иши қўзғатилиб, реал муддатларга ҳукм ўқиб юборишади. Қолганлар, жумладан, Дмитрий Уткин ҳам профилактик суҳбатлар билан қутулиб қолишади.

2014 йил баҳорида Уткин янги тузилмага ишга киришга таклиф олади. У кейинчалик ўзининг лақаби «Вагнер» номи билан аталган хусусий ҳарбийлашган компанияга раҳбар бўлади. «Вагнер» лақабини Уткин Бош разведка бошқармасининг махсус хизматида лейтенант бўлиб хизмат қилаётган чоғларида олган, чунки Ҳитлернинг севимли композитори Рихард Вагнернинг «Валкириялар парвози» композициясини жуда севарди.

ИИВнинг истеъфодаги подполковниги, Ленинград олий артиллерия қўмондонлик билим юрти битирувчиси, Афғонистон ва Чеченистондаги урушлар фахрийси Андрей Трошев (лақаби «Седой» — «Оқсоч»), Уткиннинг ўринбосари бўлди. Дастлабки икки ротага қўмондон этиб Александр Кузнецов (лақаби «Ратибор») ва Андрей Богатов (лақаби «Бродяга») тайинланди.

Кузнецов — Санкт-Петербург олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти битирувчиси, истеъфодаги подполковник, Бош разведка бошқармаси махсус вазифалилар бўлинмасининг собиқ қўмондони. Богатов бу тўртовлон ичида олий ҳарбий маълумотга эга бўлмаган ягона инсон, ўзининг ҳарбий «университет»ларини Афғонистон ва Югославияда ўтаган.

Кузнецов ва Богатов 2013 йил 19 октябрида Суриядан эвакуация қилинган Slavonic Corps Limited «мутахассислари» қаторида бўлишган.

Бу шахслардан фақат икки нафари жиноий жавобгарликка тортилган, ўн бешга яқини ё йўқ бўлиб кетган, ё ИШИД билан урушда адреналинга тўйиб, Дмитрий Уткин билан ортиқ алоқага чиқишмаган. 250 нафарга яқини эса янги ҳарбийлаштирилган тузилмага қўшилган.

«Новая газета»га иккита манба Дмитрий Уткин Суриядан эсон-омон қайтгач, яна ўзини ҳарбий тақдир измига топширмасдан, сокин пенсионерлик ҳаётини яшамоқчи бўлганини ҳикоя қилган. Бироқ, махсус операциялар кучлари қўмондони, бир вақтнинг ўзида Бош разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алексей Дюминнинг телефон қўнғироғи ва учрашиш таклифини рад эта олмаган.

Алексей Дюмин бугунги кунда Тула области губернатори ҳисобланади. Фото: rbc.ru.

«Новая газета» манбалари берган маълумотларга кўра, айнан Дюмин кадрлар ҳисобида турувчи Россия ҳарбийларини жўнатиш сиёсий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган Ер шаридаги маълум бир нуқталарда специфик вазифаларни бажариш учун тузилма тузиш билан машғул бўлган бўлиши мумкин.

2014 йил феврал ойи бошларида бўлиб ўтган учрашувда Дюмин Уткинни Евгений Пригожин билан таништириб қўяди. Март ойига келиб, Уткин, Кузнецов ва Богатов 2013 йил 17 октябрида Суриянинг Ҳумс вилоятида «жанговар чўқинтириш»дан ўтган барча қуролдош дўстларини амалда тўплашга муваффақ бўлишади. Пригожиннинг хавфсизлик хизматидан бу учликка Андрей Трошев «командировка»га қўшиб жўнатилади.

Евгений Пригожиннинг ўзи ҳам кўнгиллиларни тўплаб, уларни Бош разведка бошқармаси ўқув марказида шуғуллантириш бўйича ё таклиф, ё топшириқ олгани ҳам бежиз эмас.

2014 йил февралига келиб Пригожин ўзини Россия армиясининг Курил оролларидан тортиб Калининград областигача чўзилган барча ҳарбий қисмлари ва бўлинмаларини озиқ-овқат билан таъминлаш билан шуғулланувчи бошқарувчи сифатида тавсия этиб бўлган эди. Биргина бу эмас. Пригожиннинг хизматлари рўйхатида «троллар фабрикаси» (Бизнесмен ўзига тегишли эканини 2023 йилнинг 14 февралига келиб тан олган «Интернет тадқиқотлар агентлиги») ҳам бор эди.

РФ мудофаа вазирлиги билан кўп миллиардлик шартномаларга йўлни Пригожин осонликча қўлга киритмаган.

1996 йилда Пригожин Санкт-Петербургда «Старая таможня» ресторанини очади. Бу шаҳардаги олийнасаблар таомланадиган илк ошхона эди, у ерга шаҳар мэри Анатолий Собчак ва унинг ўринбосари Владимир Яковлев тез-тез келиб туришади.

1998 йил баҳорида Пригожин New Island теплоходида ресторан очади ва у дарҳол Петербургнинг энг урфга чиққан емакхонасига айланади. 2001 йил ёзида Россиянинг ёш президенти Владимир Путин айнан шу ерда Франция президенти Жак Ширакни қабул қилади. Франция ва Россиянинг президентларига Пригожин шахсан ўзи хизмат қилади.

Евгений Пригожин Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти кичик Жорж Бушга New Island теплоходидаги ресторанда официантлик қилмоқда. Фото: alamy.com

New Island Владимир Путинга шу қадар ёқиб қоладики, 2003 йилда ўз туғилган кунини дўстлари билан шу ерда ўтказади. Путиндан сўнг Пригожиннинг ресторанларига бошқа обрўли шахслар ҳам кела бошлайди. Турли нуфузли тадбирларга хизмат кўрсатиш учун янги контрактлар ҳам пайдо бўлади.

Мамлакат эгалари билан танишувидан Пригожин ўз бизнесини кенгайтириш учун шартномалар тузишда муваффақиятли фойдаланади.

2011 йилга келиб у Санкт-Петербург шаҳрини, кейинроқ пойтахт Москвада ҳам мактабларни озиқ-овқат билан таъминлай бошлайди. Ўша йили Москва област суди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДЙҲХББ, «Лукойл» ошхоналарига тайёр тушлик етказиб бера бошлайди. Ўшанда ҳарбий гарнизонларни озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича илк шартномалар имзоланади. 2012 йил охирига келиб, Пригожиннинг «Конкорд» компанияси бутун Россия армиясини овқатлантиришига қарор қилинади. Бир йиллик шартнома нархи 50 млрд рублдан ошади. Рентабеллик 10 фоизни ташкил этади. Яъни фақат мудофаа вазирлигига озиқ-овқат етказиш устидан Пригожин йилига 5 млрд рубл ишлаб топа бошлайди.

2014 йил феврали — Пригожин хусусий армия тузиш билан шуғуллана бошлаганидан сўнг, у бошқарадиган тижорат тузилмалари мудофаа вазирлигига кўмир, дизел ёнилғиси етказиб бериш, бутун Россиядаги ҳарбийларга ҳаммом ва кирхона хизматлари кўрсатиш, казармалар ва ҳарбий гарнизон ҳудудларини йиғиштириб-тозалаш бўйича аутсорсинг хизмати кўрсатиш бўйича шартномаларга эга бўлади. Пригожин қурилиш бўйича контрактларни ҳам қўлга кирита бошлайди.

2018 йил январида «Новая газета» Сурияда «Вагнер» ХҲКнинг бир неча минг жангарилари жанг қилгани ҳақидаги суриштирувни эълон қилади. «Вагнер» тузилмасига тўртта разведка-штурм ротаси, артиллерия дивизони, танк ротаси, диверсия-разведка ротаси, инженерлик-сапёрлик ротаси, штаблар ва ёрдамчи бўлинмалар киради. Ўша суриштирувда журналистлар жангариларни молиялаштириш Евгений Пригожин билан аффилланган «Евро Полис» МЧЖ орқали амалга оширилганини ёзишган.

«Вагнер» ХҲКни ҳарбий техника, қурол-яроғ ва ўқ-дори билан РФ мудофаа вазирлиги таъминлаган. Вагнерчиларга ҳарбий вазифаларни ҳам РФ ҳарбий идораси офицерлари ва генераллари қўйишган. Айнан улар «хусусийлар»нинг авиация ва Сурия армияси бўлинмалари билан биргаликда ҳаракатини мувофиқлаштириб туришган.

2018 йил февралида «Вагнер» ХҲК АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ракета бомба зарбасига дучор бўлади ва бир кун ичида Сурия урушидаги энг катта йўқотишларга учрайди.

Ўша пайтда РЛДП етакчиси бўлган Владимир Жириновский матбуот анжуманида шундай дейди: «Ҳозир Сурияда катта гуруҳ талафотга учради. 300 оила отасиз, эрсиз қолди». Собиқ депутат Виктор Алекснис бошқа рақамларни тилга олади: 7 февралдан 8 февралга ўтар кечаси Сурияда 334 нафар россиялик ҳалок бўлади.

Евгений Пригожин Украинада ҳалок бўлган «Вагнер» ХҲК жангариларини дафн этиш маросимида. 2022 йил декабри. Фото: Алексей Смагин / Коммерсантъ

Ўзи ўшанда нима бўлган эди?

2018 йил 7 февралида Суриянинг Дайр-аз-Зур шаҳридан 80 км шарқроқда, Фрот дарёсининг сўл қирғоғида АҚШ томонидан бошқарилаётган ғарб коалицияси ва Сурия ҳукуматпараст бўлинмалари ўртасида катта тўқнашув юз беради. Кейинроқ маълум бўлишича, шу ҳудудда курдларнинг ҳарбийлашган гуруҳлари томонидан назорат қилаётган нефтни қайта ишлаш заводини қўлга киритиш учун курашаётган «Вагнер» ХҲКнинг бир неча юз жангарилари ҳам бўлишган.

Ўз иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш учун АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари F-15Es, Mq-9s, Ac-130s, Ah-64 Apache каби самолёт ва вертолётлардан иборат авиагуруҳни осмонга кўтаради. Қатардаги Ал-Удайд авиабазасидан Сурия томони иккита B-52 бомбардимончи самолётлари ҳам парвоз қилади.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари авиагуруҳи Фрот дарёсининг сўл соҳили узра кутилмаганда пайдо бўлиб қолмайди. Сурия ҳаво кенгликларига учиб киришдан аввал самолётлар Россиянинг Сурия ҳудудидаги ва Ўрта Ер денгизида жойлашган кемаларидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали аниқланади. Бундан ташқари, америкаликлар Суриядаги Россия ҳарбий гуруҳи қўмондонлиги билан алоқага чиқиб, Фрот дарёсининг сўл қирғоғидаги вазият билан қизиқиб кўришади.

«Новая газета» 2018 йилда Хмаймим авиабазасидаги Россия қўмондонлигида Америка авиацияси ҳужумини тўхтатиш учун етарли вақт бўлгани ҳақида ёзган эди. Америкалик ҳамкасбларига Фрот дарёсининг сўл соҳилида Россиянинг кўп миқдордаги қуролланган фуқаролари борлигини маълум қилишга ҳам фурсатлари бўлган. Агар Суриядаги Россия ҳарбий қўмондонлиги нефтни қайта ишлаш заводи учун курашда россияликлар иштирок этаётганини ошкор этишни истамаган бўлса, улар «Вагнер» ХҲК раҳбариятини АҚШ ҲҲК ҳаводан ракета ва бомбалар билан ёпирилма зарба бериши мумкинлигидан огоҳлантирса бўларди.

Бу воқеа мудофаа вазирлиги ва Евгений Пригожиннинг тижорий муносабатларига заррача рахна солмаган эди. Пригожин тузилмаларининг ҳарбий идора билан шартномаларига ҳам таъсир ўтказмаган эди. Бирортаси бекор қилинмаган ёки тўхтатилмаган эди. Бу ўз-ўзидан тушунарли. 2018 йилга келиб, «Вагнер» ХҲК Африкада мустаҳкам ўрнашиб олган эди.

Мавзуга оид