Электроника соҳасида инқилоб қилган Sony – япон компанияси қандай ташкил этилганди?
Бугун дунёнинг таниқли компанияларидан бирига айланган Sony Иккинчи жаҳон урушидан кейин атиги 500 доллар айланма маблағ билан иш бошлаган. Компания илк ташкил этилганда унинг бир неча нафар ходими бўлган. Бугун 50 млрд доллардан ошиқроқ айланма маблағга эга бўлган компания корхоналарида 110 мингдан ошиқ одам меҳнат қилмоқда. 1960-йилларда «Япон мўъжизаси» ибораси пайдо бўлишига Sony компанияси ҳам сабаб бўлган.
1960-70 йилларда иқтисодиётда «япон мўъжизаси» термини пайдо бўлди. Бу бежизга эмас эди. Ўша пайтда Япония компаниялари кўз кўриб қулоқ эшитмаган кўплаб буюмлар ишлаб чиқаради.
Аввалига ихчам радиоприёмниклар, кассета билан ўқийдиган магнитофонлар ишлаб чиқарилган бўлса, кейинчалик уларнинг чўнтакка солиб юрса бўладиганлари ҳам тайёрланади.
Бундан ташқари, илк видеомагнитофон, видеокамера, ўйин ускуналари кабилар ҳам Япония компаниялари томонидан тайёрланган. Бундай маҳсулотлар дунё бўйлаб оммалашишида Sony компаниясининг ҳам ҳиссаси катта бўлади.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бир неча нафар ходим ва 500 доллар айланма маблағ билан иш бошлаган Sony кўп ўтмай дунё даражасида таниқли компанияга айланади.
Компания асосчиси Акио Морита
Sony компаниясининг асосчиси Акио Морита 1921 йилда Айти префектурасининг жанубий-шарқий қисмидаги Токонамэ шаҳарчасида туғилади. Ўрта мактабни битиргач Осака университетининг физика факултетида таҳсил олган Акио Иккинчи жаҳон уруши пайтида Япония армиясида хизмат қилади.
Урушдан сўнг у Масару Ибука билан танишиб қолади. Ана шу танишув унинг ҳаётини кескин ўзгартириб юборади.
Масару 1933 йилда Васэда университетининг электротехника факултетини тугатган ва диплом иши Париж кўргазмасида мукофот олганди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Масару ҳам Япония армиясида хизмат қилади ва сувости кемаларига қарши ишлатиладиган авиация ускуналарини тайёрлаш ишларида иштирок этади. Акито шериги Масарудан 13 ёш катта эди.
Урушдан сўнг АҚШ таъсири остида қолган Японияга жуда катта миқдорда Америка сармояси кириб кела бошлайди. Натижада 1946 йилдан бошлаб бу давлатда жуда кўплаб компаниялар ташкил этилади ва улар қисқа муддатларда муваффақиятга эриша бошлайди.
1946 йил 7 май куни Акио шериги Масару билан Токио телекоммуникация-саноат компаниясини ташкил этади. Бу ном япон тилида бешта сўздан иборат бўлиб, хорижликлар уни талаффуз қилишда қийналарди.
Шу сабабли Акио ҳаммаслаги Масару билан маслаҳатлашиб компания номини Sony деб ўзгартиради. Бу номни танлашдан аввал Акио ҳеч бир тилда учрамайдиган жарангдор сўз қидиради ва Sony атамасини танлайди.
Бу атама лотинча sonus-товуш ва инглизча sunny boys-қуёшли болалар сўзларини қўшиш орқали ясалади. «Сонни» товуши япон тилидан таржима қилинганда банкрот бўлган бизнесни англатгани учун Акио битта н ҳарфини олиб ташлайди. Шу тариқа Sony сўзи юзага келади ва бу атама ҳаммага маъқул бўлади.
Компания илк ташкил этилганда Акио ва Масаруда билим ва тажриба етарли эди, бироқ маблағ йўқ эди. Шу учун улар компания штаб-квартираси учун Токиодаги ёниб кетган ва ҳали таъмирланмаган универмагнинг тўртинчи қаватини ижарага олади. Кейинроқ ишлар бироз юришгандан сўнг шаҳар четидан жой олиб кўчиб чиқишади.
Компаниянинг биринчи ҳиссадори Акионинг отаси бўлади. У ўғли бошлаган иш муваффақият қозонишига ишониб унга анча пул беради. Кейинчалик компания ривожланиб кетгач унинг йирик ҳиссадорларидан бири бўлиб қолади.
1946 йилда Акио дунёда биринчилардан бўлиб гуруч қайнатишга мўлжалланган жиҳозни ясаб чиқади. Кўп ўтмай унинг ёнига радиоаппаратлар қўшилади.
Компания илк ташкил этилганда унинг 20 нафар ходими бўлган. Ишлар олға кетавергач буюртмалар сони ошаверган ва шунга қараб ходимлар сони ҳам кўпайиб борган.
1949 йилда Акио Америкада ишлаб чиқарилган магнитофонни сотиб олади ва уни бўлакларга бўлади. Магнитофонда ярим ўтказгич сифатида жуда қиммат металлдан тайёрланган симдан фойдаланилган экан. Акиро ўзи ишлаб чиқармоқчи бўлган магнитофонга арзонроқ симдан фойдаланишни режа қилади. Синовлар муваффақиятли кечади.
1950 йилдан бошлаб компания ўзининг илк магнитофонини ишлаб чиқаради. Унинг оғирлиги 35 кг бўлиб, баҳоси ўша пайтда қарийб 500 доллар эди.
Нархи жуда қиммат бўлгани учун янги магнитофон яхши сотилмайди. Шундан сўнг Акио магнитофонини турли давлат идоралари, вазирликлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга бориб таклиф қилади. Шу йўл билан у анча магнитофонни сотиб қўяди.
Жаҳон бозорига чиқиш
Sony компаниясининг жаҳон бозорига чиқиши магнитофонлар ёки бошқа электр жиҳозлар билан эмас, оддийгина ярим ўтказгич (транзистор) билан бошланган.
1952 йилда Акио ярим ўтказгичлар технологиясини ўрганиш учун АҚШга боради. Унинг мақсади технологияларни мукаммаллаштириб, радио ва магнитофонларни ихчамлаштириш эди.
Айнан ярим ўтказгичлар Sony компанияси муваффақиятига сабаб бўлади. Ходимлар зўр иштиёқ билан иш бошлайди ва радио ва магнитофонларнинг ҳажми кичрайиб олиб юриш учун қулай кўринишга келади. Бундай маҳсулотларнинг дастлабкиси 1955 йилда ишлаб чиқарилади. Компания ўз маҳсулотларини Европа ва Америкага ҳам жўната бошлайди.
Орадан икки йил ўтиб, 1957 йилда компания радиоаппаратларнинг ҳатто чўнтакда олиб юрса бўладиганларини ишлаб чиқара бошлайди. Бу маҳсулот илк бор АҚШда сотила бошлагач унга жуда катта буюртма тушади.
1961 йилда ўзининг яна бир маҳсулоти билан дунёга машҳур бўлади. Компания транзисторли ихчам телевизорларни ишлаб чиқаришни бошлайди ва бу маҳсулотга ҳам жуда катта буюртма тушади. Ўша йили Sony илк бор Нью-Йорк фонд биржасида ўз акцияларини савдога чиқаради.
Муваффақиятлар солномаси
1965 йил. IBM корпорацияси ўз қурилмаларида Sony компаниясининг магнитли ленталаридан фойдалана бошлайди.
1968 йилда компания рангли кинескопли телевизорларни ишлаб чиқара бошлайди. Бу телевизорлар ҳам АҚШда жуда катта муваффақият билан сотилади. Ўша йили Sony АҚШ миллий киноакадемиясининг Эмми мукофотини қўлга киритади.
1979 йил. Компания чўнтакка солиб юрса бўладиган кассетали ихчам магнитофонини чиқара бошлайди.
1983 йил. Sony Phillips компанияси билан ҳамкорликда дунёда биринчилардан бўлиб компакт диски ишлаб чиқара бошлайди. Дискка 74 минутли аудио жойласа бўларди.
1994 йил. Sony компанияси кейинчалик жуда катта муваффақият билан сотилган Playstation ўйинлар ускунасини ишлаб чиқаради. Энг биринчи ишлаб чиқарилган ускуналар ўйинлар ёзилган компакт диск билан ишларди. Кўп ўтмай компакт диск ўрнини ихчам хотира карталари эгаллайди. Кейинчалик хотира чиплари ускунанинг ўзига ўрнатилади. Шу билан бирга уларнинг хотира ҳажми ҳам жуда катталаштирилади.
1994 йил Акио соғлигидаги муаммолар туфайли компания раҳбарлигини Норио Огага бўшатиб беради.
Норионинг компанияга ишга келишининг ўз тарихи бор. У ёшлигида мусиқа билан шуғулланарди. Кунлардан бир кун Норио Sony маҳсулотлари сотиладиган дўконга келади ва ўзи фойдаланаётган кичик магнитофоннинг овоз чиқариш мосламасидаги камчиликларни айтади.
Сотувчилар уни компания офисига юборади. Йигитча бош офисда тасодифан Акионинг ўзига дуч келади ва эътирозларини унга айтади. Шундан сўнг Акио унга иш таклиф қилади ва Норио компанияда иш бошлайди.
1997 йил. Компания янги Vaio брендини оммага тақдим этади. Бу бренд остида компания ноутбук, компьютер ва DVD-плеерлар ишлаб чиқара бошлайди.
2000 йил. Sony анча мукаммал бўлган Playstation-2 ни оммага тақдим этади. Бу ўйин қурилмасидан қисқа вақтда дунё бўйлаб 130 млн дона сотилади.
2001 йил. Компания Швециянинг Ericsson компанияси билан бирлашади ва Sony-Ericsson бренди остида уяли телефон ва бошқа мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлайди.
2005-2007 йилларда Sony янги Bravia брендини оммага тақдим этади. Бу бренд номи остида асосан плазмали телевизорлар ишлаб чиқарилади.
2011 йилда Ericsson компанияси ўз улушини сотишга рози бўлади. Шундан сўнг Sony Mobile Communications ташкил этилади ва энди уяли алоқа воситалари Sony номи номи остида сотувга чиқарилади.
Компанияга зарар келтирган зилзила
2011 йил 11 март куни маҳаллий вақт билан соат 14:46 да Япония шимолидаги Хонсю оролининг шарқий қисмида магнитудаси 9 баллга тенг зилзила содир бўлади. Зилзила эпимаркази Токиодан 373 километр шимолий-шарқда, Тинч океанида, денгиз сатҳидан 32 километр чуқурликда жойлашган эди. Зилзила оқибатида кучли цунами юзага келади.
Бу цунами тўлқини ўша кунгача кузатилган тўлқинлардан бир неча баробар юқори бўлиб, Япониянинг шимолий-шарқий соҳилларига катта зиён етказади. Кучли цунами Япониянинг 561 километр квадрат ҳудудини сув босишига сабаб бўлади. Шундан 327 километр квадрат ер майдони Мияги префектурасида, қолгани Фукушима ва Ивате префектуралари ҳудудида эди.
Цунами баландлиги Ивате префектурасидаги Мияко шаҳрида 40,5 метрга етади. Умумий ҳисобда цунами олтита префектурадаги 62 та шаҳар ва кўплаб қишлоқларга зиён етказади. Табиий офат оқибатида 15 минг 894 киши ҳалок бўлади, 2 минг 562 киши бедарак йўқолади. Ҳалок бўлганларнинг 93 фоизи цунами қурбонлари бўлган. Кейинчалик бу ҳалокатга японлар «Шарқий Япониядаги буюк зилзила» деган ном беришади.
Зилзила сабабли юзага келган цунами шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилиш билан бирга кўплаб ижтимоий объектлар ва ишлаб чиқариш корхоналарига зарар етказади. Зарар етган корхоналар орасида Sony компаниясига тегишли кўплаб корхоналар ҳам бор эди. Шу сабабли компания бир нечта йирик корхонасининг иш фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.
Кўп ўтмай компания ишлари ортга кета бошлайди. Умуман олганда 2012-2015 йиллар Sony учун оғир кечди. Барчаси изига тушаётган кезда, 2016 йил апрел ойида Кумамото префектурасида яна кучли зилзилалар содир бўлди.
Бу префектурада компания томонидан ишлаб чиқариладиган турли жиҳоз ва ускуналар учун датчик ва микродисплей тайёрлаб берувчи асосий корхоналар жойлашган эди. 14 апрелдан 17 апрелгача давом этган кучли зилзилалар туфайли уларнинг барчаси ўз фаолиятини тўхтатди. Оқибатда компаниянинг дунё бўйлаб жойлашган кўплаб корхоналари ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлади.
Умуман олганда Японияда вақти-вақти билан содир бўлиб турадиган зилзилалар Sony компаниясининг фаолиятига салбий таъсир қилиб туради. Бироқ компания тез вақтда носозликларни бартараф этиб, яна олға интилади.
Компания ҳақида қизиқарли маълумотлар
1. Sony компанияси энди иш бошлаганида унинг бошланғич капитали 500 доллар, ходимлар сони 20 нафар бўлган.
2. 1946 йилда компания илк иситадиган ёстиқ ва электрли грелка ишлаб чиқаради ва улардан жуда кўп миқдорда сотади. Компаниянинг илк муваффақиятига шу маҳсулотлар сабаб бўлади.
3. Sony компаниясини дунё бўйлаб машҳур бўлишига ихчам транзисторлар сабаб бўлган. Компания 1955 йилда транзисторли радиоаппарат, 1961 йилда транзисторли телевизорларни ишлаб чиқара бошлаган. Ҳар икки маҳсулот дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинган.
4. Компания Sony номини 1950 йилда олган. Унгача Totsuko (тўлиқ ёзилиши «Tokyo Tsushin Kogyo») деб аталган.
5. 1963 йилда Sony дунёда биринчи бўлиб видеомагнитофон ишлаб чиқара бошлайди.
6. 1979 йилда Sony дунёдаги биринчи плеерни ишлаб чиқаради ва бу мусиқа оламида инқилоб бўлади. Чўнтакка ҳам сиғадиган ихчам плеер магнитофон кассетаси билан ишларди.
Sony Group Corporation
Бугун Sony компанияси жуда кўп тармоқларда ишлаб чиқариш корхоналарига эга. Уларда электроника буюмлари, уяли телефон, ўйин ускуналари, уй-рўзғор буюмлари, робот ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, компаниянинг ўз киностудиясигача бор.
Компаниянинг ўнга яқин асосий бўлимлари ва уларнинг таркибида бир неча ўнлаб бўлинма бор. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида Sony компаниясига тегишли корхоналарда 110 мингдан ошиқ одам меҳнат қилади.
Сўнгги йилларда компаниянинг ўз маблағи қарийб 45 млрд долларга яқинлашди. Айланма маблағи эса 50 млрд доллардан ошмоқда. 2022-2023 молиявий йилда (31 мартда тугади) компаниянинг соф фойдаси 7 млрд доллар атрофида бўлди. 2022 йилда компания капитализацияси 137 млрд долларга баҳоланган.
Мобил қурилмалар ишлаб чиқариш бўлимининг юксалиши ва инқирози
Гарчи ҳар йили Sony компаниясининг айланма маблағлари ва соф фойдаси ошиб бораётган бўлса-да компаниянинг барча бўлимлари бирдай муваффақиятли ишлаяпти деб бўлмайди. Жумладан, унинг мобил қурилмалар бўлими инқироз ёқасига келиб қолди.
Компания телефон қурилмалари бозорига илк бор 2000 йилда кирган ва ўшанда жаҳон бўйича ишлаб чиқарилган телефонларнинг 1 фоизи Sony компаниясида тайёрланган.
2001 йилда компания Швециянинг Ericsson компанияси билан бирлашади ва Nokia, Samsung ва LG). компанияси ташкил этилади. Шундан сўнг Sony Ericsson бренди остида телефон ишлаб чиқарила бошланади.
Янги компания 2001 ва 2002 йилларда зарарига ишлайди. Фақат 2003 йилга ўтиб фойда қила бошлайди. 2007 йилгача муваффақият билан ишлаб турган компания АҚШнинг Apple компанияси Iphone телефонларини ишлаб чиқаргандан сўнг рақобатга дош бера олмайди. 2008 йилдан 2010 йилгача бир неча минг ходим ишдан бўшатилади.
Шундай бўлса ҳам 2009 йилда компания телефон ишлаб чиқариш бўйича Nokia, Samsung ва LG компанияларидан сўнг тўртинчи ўринни эгаллайди.
2012 йилда Sony компанияси Ericsson’нинг улушини 1 млрд долларга сотиб олади. 2013 йилда компания 37 млн дона телефон сотади. Бу жаҳондаги телефон савдосининг 2 фоизи эди.
2014 йилга ўтиб компания 40 млн дона телефон сотади ва шундан сўнг ишлар орқага кета бошлайди. 2017 йилда 13,5 млн дона, 2018 йилда 6,5 млн дона, 2019 йилда 3,2 млн дона ишлаб чиқариб сотилади.
Сўнгги йилларда компаниянинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи Sony Mobile бўлими зўрға жон сақлаб келяпти. Агар вазият шу йўсинда давом этаверса ва Хитой компаниялари ўзининг арзон смартфонлари билан жаҳон бозорини эгаллайверса, Sony Mobile бозордаги улушини янада қисқартиришга мажбур бўлади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
18:22 / 22.12.2024
Японияда АЭСлар яқинига радиоактив зарралардан ҳимоя қилувчи палаткалар жойлаштирилади
20:30 / 21.12.2024