Кафе-ресторан ёки дарахтнинг таги ечим эмас. Ўзбекистонга жамоат ҳожатхоналари керак
Дейлик, Тошкентда – Ўзбекистоннинг энг катта шаҳри кўчаларида юрибсиз ва ҳожатхонага зарурат пайдо бўлиб қолди: нима қилиш, қаерга бориш мумкин? Kun.uz шундай вазиятга дуч келган аҳоли билан суҳбатлашди ва Ўзбекистоннинг “ҳожатхона инқилоби”га қанчалик муҳтожлиги муаммосини ўрганди.
Кичик сўровномамиз иштирокчиларининг кўпи бирор кафе ёки ресторанга киришга мажбур бўлишини айтган бўлса, яна бир қисми уйига етгунча сабр қилишини билдирди.
– Шу яқин атрофдаги ресторан ёки кафега киришга мажбур бўламиз-да, бошқа илож йўқ.
– Кўчада, марказда бўлса, бирор кафе топамиз-да, ўша ерга кирамиз. Чунки жамоат ҳожатхоналари етишмайди.
– Масжидга кираман. Чунки бошқа жойларда йўқ. Изласангиз ҳам тополмайсиз.
– Ҳеч қаерга боролмайман. Дарахтнинг тагига боришга мажбур бўламан.
– Яқин атрофдаги пулли ҳожатхоналарни қидираман.
– Бирор кафе ёки ресторанга кириб, нимадир сотиб олиб, кейин ҳожатхонасидан фойдаланишга тўғри келади.
– Ўзим 7-8 йил ҳожатхона тозалаганман. Роса яхши кўрардим, чунки савобли иш. Ўзим ҳам аҳамият бериб юраман, кўчаларда ҳеч қаерда йўқ. Кафеларга киритмайди. Мендан ҳожатхона сўрашганда, ўзим ишлайдиган офиснинг ҳожатхонасига олиб бораман.
– Уйга боргунча сабр қиламан. Чунки бошқа илож йўқ. 8 соатгача сабр қила оламан. Мен шунақа одамман.
– Асосан кафеларга кираман. Ёки уйда. Мен учун жамоат ҳожатхоналаридан фойдаланиш вариант эмас. Сабаби – борларининг аҳволи кириб бўладиган ҳолатда эмас.
Шунингдек, одамларнинг шаҳар бўйлаб ҳожатхона излашга қанча вақт сарфлаши билан ҳам қизиқдик. Кўпчилик респондентлар бунга 1-2 соат вақт кетишини айтишган.
– 1-2 соат излаганман. Кейин масжид топганман.
– Энг кўпи ярим соат ёки 1 соат. Ошиб кетиши ҳам мумкин, бошқа илож йўқ, нима қиламиз.
– Энг кўпи билан 1 соат излаганман. Доим ҳам эмас, бир эҳтиёж туғилганда бўлиб қолади.
– Топишга қийналмаганман. Чунки кафе, ресторанлар кўп. Лекин улардан кириб сўраш керак, бу эса жуда ноқулай. Бемалол, пул тўлаб киргандагидек ўзингизни эркин ҳис қилолмайсиз.
Сўровномада респондентлар шаҳарнинг қайси қисмларида ҳожатхона кўрганлари ҳам сўралган. Жавоблар эса қуйидагича:
– Шимолий вокзал томондагисини кўрдим. Зўр қилиб қўйишибди. Бошқа жойда кўрмадим.
– Ғафур Ғулом боғи томонда бор. Кейин ҳар хил паркларда бор, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам жуда зўр эмас.
– Кафеларда кўрганман, бошқа жойда кўзим тушмаган.
– Чилонзор метросида бор эди. Метроларнинг ҳаммасида қуришса, жуда яхши бўларди.
Респондентлардан бири кафе ёки ресторанлар доим ҳам ҳожатхонасидан фойдаланишга рухсат бермаслигини, шунинг учун жамоат ҳожатхоналари одам кўп жойларда, кўча юзида бўлгани маъқуллигини айтади.
Узоқ вақтдан бери давом этаётган оғриқ
Ўзбекистонда ҳожатхона етишмаслиги муаммоси узоқ йиллардан бери ҳал этилмай, чўзилиб келади. Тошкент шаҳрининг ўзида аҳолининг 3 миллиондан ошиши жамоат ҳожатхоналарига эҳтиёжни оширяпти. Ҳожатхоналар етишмаслиги ва борларининг ҳам талаб даражасида эмаслиги ҳақида эса жамоатчилик фаоллари доим бонг уриб келади.
Масалан, яқинда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев шу мавзуга эътибор қаратиб, Ўзбекистонга ҳожатхона инқилоби кераклиги ҳақида ёзиб чиқди.
“Қайсидир ташкилот ёки амалдор буни ўз зиммасига олиши ва жиддий шуғулланиши керак. Кўпчилик номи ҳожатхона билан ассоциация бўлиб қолишини ўйлаб, бунга журъат қилолмайди. Аммо барибир кимдир буни бошлаши ва асосийси охиригача олиб бориши керак”, – деб ёзади ҳуқуқшунос.
Блогер Нурбек Алимов ҳам Ўзбекистон шаҳарларида ҳожатхона етишмаслиги ва умуман аҳолининг аксар қисми гигиеник жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган ҳожатхонадан фойдаланишини танқид қилиб, шахсан ўзи кўчада ҳожатхона қидириб, қийналиб қолгани ҳақида ёзган.
“Шаҳарда айланиб юрганингизда қистаб қолса нима қиласиз, деб савол бердим одамларга, ҳаммада деярли бир хил – масжид, банк, кафе, “заправка”... Масжид беминнат (аёллар-чи?), банк киритадими-йўқми савол, кафе ё “заправка”дан бирор нарса олмасдан туалетига кириб чиқиш ҳам “так себе” машғулот асаблар учун. Муҳими – ҳеч ким жамоат туалетларига демаяпти-да. Хивага борганимда марказда 3 та туалет турибди, ҳаммаси ёпиқ”, – деб ёзганди Алимов.
Бу мавзуда журналист Азиза Қурбонова ҳам бир неча марта чиқиш қилиб, вилоятларга бориш йўлларида қурилган ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги ҳожатхоналарни танқид қилганди. У айнан водий перевалининг Тошкентга қайтиш йўлидаги ҳолат ҳақида шундай ёзади.
"… яқин йилларда қурилган (аввал йўқ эди) ҳожатхонага ўғлим ва ўзим учун 2 минг сўм тўладим. Ҳожатхона пулли бўлишини кўпчилик ёқтирмайди. Аммо мен тўлиқ қўллаб-қувватлайман, агар у шунга яраша ОЗОДА, ИССИҚ-СОВУҚ суви, шароити бўлса! Хуллас, ўша туалетга кириб чиқдим-у, жоним чиқди”, – дея пулли ҳожатхонанинг ифлослиги ҳақида ёзган Қурбонова.
Тошкентдаги жамоат ҳожатхоналари
Биз Тошкент шаҳрида жойлашган жамоат ҳожатхоналарининг айримларини кезиб чиқдик. Биз борган биринчи манзил Чорсу бозори атрофи бўлди. Бу ҳудуддан ҳожатхона топиш унчалик қийин бўлмади. Одамлардан сўраб, 5-10 дақиқада излаган манзилимизни топдик. Бироқ ҳожатхонанинг санитарик аҳволи ҳавас қиларли эмас.
Иккинчи манзил – “Халқлар дўстлиги” майдони атрофи бўлди. Бу ерда “Халқлар дўстлиги” саройи бўлгани, одамлар анча гавжумлиги учун ҳожатхона тез топилди.
Кейинги ҳудуд – “Олмазор” метро бекати бўлди. Буни қарангки, бу ерда ҳожатхона йўлнинг юзида кўриниб турадиган жойда экан. Шароити ҳам ёмон эмас.
Кейинги навбат – боғ ва паркларга. Тошкентнинг катта-катта истироҳат боғларида – Ғафур Ғулом, Magic City, япон боғи ҳудудидаги ҳожатхоналар замонавий ва санитарик жиҳатдан талабга ҳам жавоб беради. Бироқ Ботаника боғи ҳақида бундай деб бўлмайди.
Боғда 2 хил ҳожатхонага кўзимиз тушди, бири замонавий талабларга жавоб берса, иккинчиси чуқур ковлама шаклда. Чуқур ковлама шаклдагисининг аҳволи бутунлай абгор, бу жойда нафас олишнинг иложи йўқ. Бироқ дам олувчилар замонавий ҳожатхонага кираман деса, бу ер қулф турибди. Балки бир кун шундай бўлиб қолгандир, лекин биз борганда ёпиқ эди.
Бундан ташқари, “Чилонзор” метро бекатидаги жамоат ҳожатхонасига ҳам бордик. Бу ердаги шароит бугуннинг талабига жавоб беради. Лекин Тошкент метросининг фақат битта бекатида ҳожатхона борлиги жуда мақталадиган ҳолат ҳам эмас.
Охирги манзилимиз эса Туризм қўмитаси ташаббуси билан қурилган Миробод туманидаги автоҳожатхона бўлди. Ҳожатхонада бирор назоратчи йўқ, пулини автоматик тўлаб, ундан фойдаланиш мумкин.
“Жамоат ҳожатхоналари 1 км радиусда бўлиши керак”
Умуман, катта шаҳарларда кўча ҳожатхоналари қандай тартибда жойлаштирилади? Шаҳарларнинг қайси нуқталарида жамоат ҳожатхоналари бўлиши керак? Бу саволларга шаҳарсоз Искандар Солиев жавоб берди.
"Аслида ҳожатхоналар 1 километр радиусда учраши керак. Биринчи ўринда шаҳарнинг аҳоли энг кўп нуқталарини аниқлаб, ўша жойларга ҳожатхона қуриш керак. Масалан, марказий ҳудудларга ёки одам кўп бўладиган чорраларга”, – дейди урбанист.
Бундан ташқари, у ҳожатхоналар аҳолининг ҳамма қатламлари учун фойдаланишга қулай бўлиши лозимлигини айтади. Туристлар ёки оддий одамлар учунми, фарқи йўқ, ҳожатхона инклюзив бўлиши керак.
“Бу чақалоғи бор аёл бўлиши мумкин, кириб, боласининг кийимини алмаштириб олиши учун. Ёки аравачада юрадиган бирор киши учун ҳам қулай бўлиши керак”, – дейди Солиев.
Дунёда қандай?
Хўш, дунёнинг турли давлатларида жамоат ҳожатхоналарига муносабат қандай? Япониядаги жамоат ҳожатхоналарида қоғоз, совун ва турли антисептик воситалар билан тўлиқ таъминланган ва энг қизиқ жиҳати – Японияда бундай ҳожатхоналарнинг катта қисми бепул.
Япониядан фарқли равишда, Германияда жамоат ҳожатхоналарининг аксари пулли бўлиб, ўртача 50 евро цент тўланади. Италияда бу нарх 1 доллар атрофида.
Искандар Солиев идеал ҳожатхоналари бор мамлакат сифатида Японияни мисол қилади.
“Кўп давлатларда, масалан, Норвегияни оламизми ёки Буюк Британия, Япония тажрибасида ҳам ҳожатхоналар жуда яхши ташкиллаштирилган. Масалан, Японияда ҳожатхоналар бошқача даражада чиққан. Яъни архитектурасининг ўзи ҳам санъат асарига ўхшайди. У қанақадир ҳайкални эслатиши ҳам мумкин. Сиз ҳожатхона ёнидан ўтиб кетсангиз, бурнингизни бекитмайсиз”, – дейди Солиев.
Кореяда бир неча йил яшаб келган Даврон Дилмуродов ҳам ўзи кўрган, гувоҳ бўлган ҳолатларни гапириб берди.
“Кореяда жамоат ҳожатхоналари жуда ривожланган. Энг асосийси бепул бўлса, иккинчиси тозалик. Учинчидан, ҳожатхоналар жуда яқин масофаларда бор ва сиз уни топишга қийналмайсиз. Бундан ташқари, ногиронлар учун ҳам алоҳида қулайликлар, болалар хонаси, оналар хонаси кабилар ҳам бор”, – дейди Дилмуродов.
У Кореядаги дўстининг Ўзбекистонга келгани ва ҳожатхона топишда муаммога дуч келгани ҳақида ҳам гапирди.
“Ўзбекистонга келган дўстим, нимага бу ерда ҳожатхоналар кам, деярли йўқ, бўлса ҳам пулли, пулли бўлганда ҳам шароити яхшимас, деди. Бу гапларни эшитиб нима дейишни билмадим”, – дейди у.
Даврон Кореяда ҳожатхоналарга яхши эътибор қаратилгани сабабига тўхталар экан, бунда халқ тўлаётган солиқлар ўз жойига етиб бораётгани ва ҳожатхоналар хусусий секторга берилгани муҳим рол ўйнашини айтади.
Узоқ вақт ҳожатга чиқмаслик асоратлари
Давлатнинг ривожланганлик даражасини четга суриб турайлик. Ҳожатхона муаммоси инсоннинг саломатлиги учун ҳам хавф солади. Шифокор Жобир Аҳмедовнинг айтишича, ўз вақтида ҳожатга чиқмаслик аёллар ва эркакларда жиддий касалликларни келтириб чиқаради.
“Кўпчилик кўчада юрганида ҳожатхонага эҳтиёж сезади. Чунки инсоннинг организми атрофдаги шароитлар билан ҳисоблашмайди. У ўзининг талабларини қўяди. Ва бу талабларни бажариш керак. Лекин бу талабларни бажариш учун Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам шароит етарли эмас”, – дейди Аҳмедов.
Шифокор ўз вақтида ҳожатга чиқмаслик асоратлари ҳақида тўхталар экан, соғлом инсон овқат ейди, сув ичади ва биокимёвий жараёнлар ҳосил бўлиши натижасида чиқинди ҳосил бўлиб, у ташқарига чиқарилмаса, қандай асоратларга олиб келишини санади.
- Қовуқнинг тўлиши, пешобнинг йиғилиши сийдик йўлларининг маълум даражада очилишига олиб келади ва бу инсон қовуғига ташқаридан инфекциянинг киришига сабаб бўлади. Бу нарса кейинчалик қовуқ яллиғланиши, цистит касаллигини пайдо қиладиган асосий омиллардан бири.
- Доимий равишда мушакларнинг таранг ҳолатда туриши вақт ўтиши билан сийдикни тутолмаслик асоратларини ҳам келтириб чиқариши мумкин.
- Агар қовуқ ўз вақтида бўшамаса ва бу узоқ давом этса, рефлукс жараёни юз беради. Яъни пешобнинг сийдик йўллари орқали юқорига кўтарилиши ёки буйрак томонга қайтиши бошланади. Бу эса инфекцияни сийдик пуфагидан янада юқорироққа чиқишига, буйрак ёки сийдик йўлларининг яллиғланишига сабаб бўлади.
- Яна бир жиҳати – чаноқ соҳасидаги мушаклар таранглигининг пасайиши. Бу қорин бўшлиғидаги босимга бардош беролмаслик ҳолатига олиб келади. Айниқса, ҳомиланинг ривожланишга таъсир қилади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу каби касалликлар сурункали ҳожатга ўз вақтида чиқмасликдан келиб чиқади.
- Эркакларда нафақат сийдик пуфагининг яллиғланиши, балки простата безининг ҳам яллиғланишига олиб келади. Ҳозирда бу касаллик эркаклар орасида жуда кенг тарқалган.
“Катта ҳожат ўз вақтида чиқарилмаса, қабзиятга сабаб бўлади. Бизнинг иқлимимиз ўзи иссиқ. Яъни суюқлик сарфи кўп. Айниқса, иссиқ кунларда сув сарфининг кўпайиши қабзиятни келтириб чиқариши мумкин. Ва бавосил касаллиги юзага келади. Бу тўғри ичакда ахлат массаларининг йиғилиши, вена томирларига таъсир қилиб, ичнинг қон аралаш кетишига сабаб бўлади”, – дейди Жобир Аҳмедов.
Ёпиқ, лекин аччиқ муаммо
Ҳа, ҳожатхона ўзбек жамияти учун табу мавзу. У ҳақда фақатгина эҳтиёж сезгандагина ўйланади. Лекин бунинг ортидан келиб чиқадиган касалликларни билиш учун шифокор Жобир Аҳмедовнинг сўзлари етарли бўлса керак. Ўрганишларимиз, чиндан ҳам Ўзбекистонга ҳожатхоналар инқилоби кераклигини кўрсатиб турибди.
Тўғри, пойтахтда жамоат ҳожатхоналари бор, лекин кам. Борларининг ҳам кўпига киришга юрак бетламайди. Вилоятларда эса аҳвол бундан ҳам ёмонроқ. Балки пулли ҳожатхоналар қуришни хусусий секторга бериш керакдир.
Хуллас, одамлар уйидан бугун кўп сув ичмай қаерга ҳожатга бораман деган ўй билан кўчага чиқмаслиги учун масъуллар масалага жиддий қарашларини кутиб қоламиз.
Материалимиз якунида фойдали маслаҳат: Жамоат ҳожатхоналарига эҳтиёж сезсангиз, Google Map, Yandex ёки Flash деган дастурлар орқали уларни излашингиз мумкин. Тўғри, кўп тополмайсиз, лекин топилади.
Журналистлар – Зуҳра Абдуҳалимова,
Иброҳим Самадов.
Тавсирчилар – Абдуқодир Тўлқинов, Жавоҳир Ғайратов.
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
14:55
Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024