Ўзбекистон | 19:41 / 04.07.2023
8830
2 дақиқада ўқилади

Наркологик экспертизанинг ижобий хулосаси учун 2 млн сўраган шифокор уч ярим йилга қамалди

Шунингдек, нарколог суд томонидан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.

Фото: KUN.UZ

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти филиали шифокор-наркологи ва 2022 йилдан ихтисослаштирилган тиббиёт комиссияси аъзоси, наркологик экспертизаларни назорат қилиш шифокор-наркологи лавозимида ишлаб келган Н.А. (аёл) Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси Ғ.А. томонидан фуқаро Х.А.га нисбатан тайинланган судга оид наркология экспертизасини ўтказиш асносида фуқаро Х.А.га 2 миллион сўм пул берса экспертиза хулосасини ижобий ҳал қилиб беришини айтади.

Акс ҳолда у гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилишга ружу қўйгани, унга нисбатан мажбурий тиббий даволанишга муҳтожлиги ҳақида хулоса берилишини билдиради, деб хабар беради ЎзА.

Шундан кейин Х.А. томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Унинг аризага асосан тезкор тадбир ташкиллаштирилиб, шифокор-нарколог хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 1 миллион 500 минг сўмни олган вақтида ушланади.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан мазкур жиноят ишини кўриб чиқилиб, судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топилади. Натижада у Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланган ҳолда 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Қонун билан ўзига берилган наркология экспертизаларини ўтказиш ва хулосалар бериш, экспертиза ўтказилишини назорат қилиш каби ваколатларни суиистеъмол қилган шифокор-нарколог суд ҳукмидан қониқмайди. Натижада ушбу иш Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, дастлабки инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилади.

Мавзуга оид