Ўзбекистон | 14:36 / 04.07.2023
12499
2 дақиқада ўқилади

Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган

8 май куни имзоланган, янги конституцияни ҳаётга татбиқ қилиш ҳақидаги президент фармонига асосан, Вазирлар Маҳкамаси Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 2 ой ичида парламентга киритиши керак эди. Kun.uz бу лойиҳа ҳалигача Қонунчилик палатасига киритилмаганига эътибор қаратди.

Фото: Kun.uz

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунни бекор қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон ҳукумати ҳамон Қонунчилик палатасига киритмаган.

Янгиланган конституцияни амалга татбиқ қилиш чораларига оид 8 майдаги президент фармонига кўра, Вазирлар Маҳкамаси бу борадаги қонун лойиҳасини 2 ой муддат ичида парламентга киритиши керак эди.

Kun.uz сўровига жавобан Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, палатага мазкур лойиҳа келиб тушмаган.

Фармонда белгиланган вазифа ижроси ўз вақтида таъминланиши учун ҳукумат шу ҳафта охиригача тегишли қонун лойиҳасини тақдим этиши лозим.

8 майда имзоланган фармонда, шунингдек, фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш ҳам белгиланган. Бу борадаги янги механизмларни назарда тутувчи президент фармони лойиҳасини тайёрлаш учун Ички ишлар вазирлигига 1 ой муддат берилган эди.

Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов, бу ҳақдаги сўровимизга жавобан, тегишли комиссия томонидан иш олиб борилаётганидан хабардор эканини билдирди ва агар аниқ ахборот керак бўлса, таҳририят расмий хат билан мурожаат қилиши кераклигини айтди. Kun.uz вазирликка хат тарзида ҳам сўров юборади ва бюрократияни қисқартирадиган бу ўзгаришнинг амалга оширилиш жараёнини кузатиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунга асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фақат 12 тоифадаги шахслар доимий прописага қўйилиши белгиланган.

Бу эса конституциянинг 32-моддасида белгиланган фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилади.

Мавзуга оид