Жамият | 20:25 / 05.07.2023
22317
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ичувчи мамлакатлар рейтингида 124-ўринда қайд этилди 

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига йилига ўртача 2,45 литр алкогол тўғри келади.

Фото: Freepik

Тинч океанидаги Кук ороллари давлати спиртли ичимликлар истеъмоли бўйича жаҳон рекордчисига айланди. Бу ерда аҳоли жон бошига йилига ўртача 12,97 литр алкогол ичилади. Бундай маълумотлар АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) томонидан тақдим этилди. 

Рейтингни тузишда дунёнинг 189 та давлатида 2019 йилдаги алкоголли ичимликлар истеъмоли бўйича маълумотлар таҳлил қилинган. МРБ маълумотларига кўра, аҳолиси энг кўп ичадиган мамлакатлар бешлигига Латвия (12,9 литр), Чехия (12,73 литр), Литва (11,93 литр) ва Австрия (11,9 литр) киради. 

АҚШ аҳолиси йилига ўртача 8,93 литр алкогол истеъмол қилади ва 35-ўринни эгаллайди, Россияда аҳоли жон бошига йиллик ўртача истеъмол 7,29 литрга тенг (56-ўрин). 

Қозоғистонда бу кўрсаткич 3,73 литрни ташкил қилади (100-ўрин), Беларусда – 10,57 литр (18-ўрин), Қирғизистонда – 4,02 литр (96-ўрин), Озарбойжонда – 1,38 литр (142-ўрин), Тожикистонда – 0,85 литр (156-ўрин), Ўзбекистонда – 2,45 литр (124-ўрин), Туркманистонда - 2,88 литр (117-ўрин). 

МРБ спиртли ичимликлар савдоси чекланган ислом мамлакатлари - Сомали, Саудия Арабистони, Мавритания, Қувайт ва Бангладешни алкоголдан холи деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид