Ўзбекистон | 09:41 / 06.07.2023
13072
2 дақиқада ўқилади

Бухорода банк ходими 41 кишининг пластик картасидан пул ўғирлагани аниқланди

21 ёшли ходим пенсия ва нафақа пуллари сифатида тўланиши керак бўлган 21 миллион сўмдан зиёд маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида банкнинг 21 ёшли ходими 41 кишининг пластик картасидан 21 миллион сўмдан зиёд пулни ўғирлагани аниқланди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

1987 йилда туғилган фуқаро туман Ички ишлар бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатда банк картаси ҳисобидан пуллар йўқолганини билдирган. Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида пулларни ўзлаштирган шахс банк ходими экани аниқланган. 

Тергов ҳаракатлари давомида ушбу ходим 2022 йил ноябр ойидан 2023 йил 29 май кунига қадар фуқароларнинг пенсия тўловлари, моддий ёрдам ва 2 ёшгача нафақа пулларини олиш мақсадида очилган 48 банк карталарининг 41 тасидан жами 21 миллион 900 минг сўм пулларни ўғирлаган. У бу пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган. 

Ушбу ҳолат юзасидан 2002 йилда туғилган Ғиждувон туманидаги банк филиали сайёр касса кассирига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ўғирланган маблағларнинг барчаси қопланиб, ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид