Ўзбекистон | 09:28 / 06.07.2023
9309
2 дақиқада ўқилади

Педагогик фаолиятга оид иш стажи қандай аниқланиши маълум қилинди

Агар абитуриент 5 йиллик педагогик стажга эга бўлса-ю, лекин тизимда бу тасдиқланмаса ўзи фаолият юритаётган таълим муассасасига (мактабга) мурожаат қилиши лозим.

Педагогик фаолиятга оид иш стажи қандай аниқланиши тўғрисида маълумот берилди.

Билимни баҳолаш агентлиги канали хабарига кўра, сиртқи таълим шаклидаги қуйидаги таълим йўналишларига ўқишга кириш учун педагогик фаолиятга оид камида 5 йиллик иш стажи талаб этилади:

  • бошланғич таълим;
  • тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси;
  • мусиқа таълими;
  • жисмоний маданият;
  • технологик таълим.

Ушбу таълим йўналишларига халқ таълими тизимида камида 5 йил иш стажига эга бўлиб, ҳозирда ушбу тизимда фаолият кўрсатиб келаётган педагог ходимлар абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Абитуриентларнинг мазкур тоифага кириш ёки кирмаслиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли ахборот тизими орқали аниқланади.

Абитуриент рўйхатдан ўтган вақтда вазирликнинг ахборот тизимига реал вақт режимида сўров юборилиб, 5 йиллик педагогик стажга эга экани тасдиқланган абитуриентларга ушбу йўналишларни танлашга рухсат берилади.

Агар абитуриент 5 йиллик педагогик стажга эга бўлса-ю, лекин тизимда бу тасдиқланмаса ўзи фаолият юритаётган таълим муассасасига (мактабга) мурожаат қилиши лозим.

Бошқа таълим йўналишлари учун эса педагогик фаолиятга оид стаж талаб этилмайди ва уларга исталган абитуриент онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.

Мавзуга оид