Жамият | 11:48 / 06.07.2023
44893
11 дақиқада ўқилади

Қулликдан бош вазирликкача. Бухоро амирлигининг келиб чиқиши қул бўлган қушбегилари

Дунё тарихида энг паст табақа бўлмиш қулликдан энг юқори даража — ҳукмдорликкача кўтарилган шахслар учраб туради. Шу билан бирга, ҳукмдор бўлмаса-да, иккинчи даражали шахс — бош вазир лавозимини эгаллаган қуллар ҳам анчагина. Шажаравий анъаналарга амал қилинувчи даврларда бундай улкан йўлни босиб ўтиш, шубҳасиз, анча машаққатли бўлган. Ўзбекистон тарихида ҳам қулликдан қушбегиликкача йўлни босиб ўтган бир қанча тарихий шахслар бор. Айниқса, Бухоро амирлигида.

Муҳаммад Давлат қушбеги

1756 йил Бухоро хонлигида расман манғитлар сулоласи ҳукмронлиги бошланади. Манғитлар Чингизхон авлоди бўлмагани боис, ўзларини «хон» эмас «амир» деб атайди ва Бухоро хонлиги Бухоро амирлигига айланади.

Шу йили манғитлар сулоласи ҳукмронлигига тамал тоши қўйган Муҳаммад Ҳакимбийнинг қулларидан бири, асли хуросонлик форс, туркманлар томонидан қул қилиниб, Бухорога олиб келиб сотилган Муҳаммад Давлат Бухоро ҳукмдори Раҳимбий буйруғи билан Бухоро қушбегиси этиб тайинланади. Қушбеги (парвоначи) — Бухоро амирлигида бош вазирга тенг лавозим бўлиб, у мамлакатда амирдан кейинги иккинчи даражали шахс эди. Амир ҳарбий юришга ёки сафарга кетган пайтларда давлатни қушбеги бошқарган ва у амир билан бирга Арк қўрғонида яшаган. Бухоронинг кўплаб қушбегилари таъсир доираси ва бойлик борасида бемалол амирлар билан беллаша олган.

Асли хуросонлик қул бўлган Муҳаммад Давлатнинг қушбегилик лавозимигача босган йўли ҳақида маълумотлар кўп эмас. Тарихчи ва олим Аҳмад Донишнинг «Манғитлар тарихи» асарида Муҳаммад Давлат амир Раҳимбий вафотидан сўнг тахтга келган Дониёлбий оталиқ ҳукмронлиги даврида жуда улкан ҳокимиятга эга бўлгани, бутун вазирлик ишларини ўз қўлига олгани айтилади. Аҳмад Дониш Муҳаммад Давлатга «ахлоқан бузуқ ва шафқатсиз қотил» дея таъриф берган.

Якунда Бухоронинг қулликдан қушбегиликка кўтарилган илк бош вазири амир Дониёлбийнинг ўғли амир Шоҳмурод буйруғи билан қатл этилади. Амир Шоҳмурод қушбегини лавозимидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ва таниш-билишчиликни кучайтиришда айблаган.

Муҳаммад Давлат 1756 йилдан 1785 йилгача, деярли ўттиз йил давомида Бухоро амирлиги қушбегиси лавозимида ишлаган.

Муҳаммад Ёқуб

Муҳаммад Давлатдан фарқли ўлароқ, Муҳаммад Ёқуб қушбеги Бухоро амирлиги тарихида анча муҳим рол ўйнаган. У Россиянинг Бухоро амирлигига юриши даврида (1866-1868 йиллар) Бухоро қушбегиси ва амирлик қўшинлари бош қўмондони эди.

Муҳаммад Ёқуб ҳам хуросонлик қуллардан бўлган. У амир Насрулло даврида Карманада яшаган шаҳзода Музаффарга яқинлашган ҳамда 1860 йил амир Музаффар тахтга ўтириши билан қушбеги лавозимини эгаллаган. Чунки Музаффар отасининг барча амалдорларини қатл қилган ёки қувғин қилганди.

Муҳаммад Ёқуб ҳам барча қуллар қатори фан билимларига эга бўлмаган ва давлат ишларини ўз манфаати бўйича юритган. Кейинроқ айнан унинг раҳбарлигида Бухоро қўшинлари Жиззах, Самарқанд ва Зирабулоқ жангларида рус қўшинларига мағлуб бўлган.

Аҳмад Дониш ушбу бош вазирга таъриф бериб, «бу умри давомида милтиқ овозини эшитмаган, жанг майдонини ҳам кўрмаган одам эди; шунинг учун ислом лашкарининг энг кичик навкари ҳам у қўшинга бошлиқ этиб тайинланганидан уялганди» деб ёзади.

Умуман олганда, амир Музаффардек қатъиятсиз, давлат ишларига бепарво амир даврида билимсиз ва нолойиқ одам қушбеги лавозимини эгаллаши ажабланарли иш эмас эди. Муҳаммад Ёқубнинг амирга таъсири жуда катта бўлган. Қушбеги давлат ишларини юритиш ва ҳарбий соҳа устидан қаттиқ назорат ўрнатган ва бир қанча юришлар уюштирган.

Муҳаммад Ёқуб 1860-1870-йилларда бош вазир лавозимини эгаллаб туради, кейинроқ Ғузор беки қилиб тайинланади.

Мулла Муҳаммадбий

Мулла Муҳаммадбий ҳам амир Музаффарнинг қулларидан бири эди. У ҳам Хуросонда туғилган, туркманлар босқини пайтида асир олиниб, Бухорога олиб келиб сотилган. Ёш форс қулни Бухоронинг ўша вақтдаги манғит уруғидан бўлган қушбегиси Муҳаммад Ҳакимбий сотиб олади.

Муҳаммад Ҳакимбий амир Насруллонинг энг ишонган одамларидан бўлган. Мулла Муҳаммадбий қушбеги хонадонида анча-мунча сарой ўйинларини ўрганади. Ҳакимбий амир буйруғи билан қатл этилгач, унинг барча мол-мулки ва қуллари шаҳзода Музаффар ихтиёрига берилади. Шу тариқа, Бухоронинг навбатдаги қул қушбегиси ҳам, замондошлари томонидан тахтга нолойиқ деб ҳисобланган Музаффар ҳузурига йўл олади. У ерда у бўлажак амир билан яқинлашади, чунки отасининг иродаси билан Кармана ҳокими қилиб тайинланган Музаффар ўз атрофига асосан паст табақадан чиққанларни йиғганди.

Мулла Муҳаммадбий

Амир Музаффар тахтга ўтиргач, Муҳаммадбий бирин-кетин миршаб, мироб, саркарда лавозимларини эгаллайди ва саркарда сифатида қушбеги Муҳаммад Ёқуб сингари Бухоро амирлиги ва Россия империяси ўртасидаги барча жангларда қатнашади.

Бухоро амирлиги тарихи ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган Аҳмад Дониш Муҳаммадий шахсиятига ҳам тўхталган: «Бухорони бошқариш Муҳаммадшоҳ қушбеги қўлида эди. У лоқайд, билимсиз ва гўл одам эди. Шу билан бирга, у доим касал бўлиб, ҳатто энг кичик нарсага — подишоҳга ҳақиқатни айтишга ҳам журъат этмасди. Унинг даврида аскарлар ва камбағаллар ҳаловатини йўқотди. Давлатнинг умумий қулаши ва таназзулига аниқ бир сабаб бўлса — бу сабаб Муҳаммадшоҳ қушбегидир».

Муҳаммадбий қушбеги амир Абдулаҳад даврида ҳам ўз мансабини йўқотмайди. У то ўлимига қадар Бухоро олий қушбегиси лавозимида қолади. 1889 йил Муҳаммадбий вафот этгач, унинг ўрнини набираси Остонақулбий эгаллайди.

Мулла Муҳаммадбий ва авлодлари - Мулла Муҳаммадбий, Муҳаммад Шариф ва Остонақулбий

1870-1889-йилларда Бухоро қушбегиси бўлган Муҳаммадбий катта таъсир ва кучга эга сулолага асос солади. Муҳаммадбийнинг ўғли Муҳаммад Шариф амирликда қушбегийи поён, яъни кичик қушбеги — бош закотчи лавозимини эгаллаган. Муҳаммад Шарифнинг ўғиллари: Остонақулбий қушбегийи боло (олий қушбеги), Ҳайдарқулбек Чоржўй беки ва хазиначи мансабини эгаллаган.

Остонақулбий қушбеги

Остонақулбий қушбеги (парвоначи)

Остонақулбий ёшлигидан бобоси Муҳаммадбий ҳомийлиги остида Қарши ва Чоржўй беклиги раҳбари этиб тайинланган. Отаси Муҳаммад Шариф хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлгач, бобоси Остонақулбийни отасининг ўрнига закотчи лавозимига ўтқазади. Отасининг ўлимидан бир йил ўтиб, бобоси ҳам вафот этгач, Остонақулбий бобоси Муҳаммадбий ўрнига Бухоро амирлиги қушбегиси лавозимига ўтиради.

Остонақулбий давлат ишларига анча эътиборсиз амир Абдулаҳад даврида катта қудратга эришади. У бир вақтда ҳам қушбегийи боло, ҳам қушбегийи поён лавозимларини эгаллайди. Амирлик иқтисодиётини тиклашга ҳаракат қилади. Остонақулбий амирнинг Россияга сафарларида унга ҳамроҳлик қилган ва Россия империяси орденлари билан тақдирланган.

Бухоро амири Абдулаҳад Россия императори Николай IIнинг тож кийиш маросимида. 1896 йил. Амирга ўғли Сайид Олимхон ва қушбеги Остонақулбий (чапдан биринчи) ҳамроҳлик қилган.

Аммо Остонақулбийнинг биргина жиддий хатоси унинг карьераси ва ислоҳотларига якун ясайди. Келиб чиқиши хуросонлик қулларга мансуб бўлган Остонақулбий шиа мазҳабига эътиқод қиларди ва Бухоро қўшинидаги юқори саркардалик лавозимларига ўз мазҳабдошларини тайинлаганди.

1910 йил январ ойида Остонақулбий Бухоро шаҳрининг шиа аҳолисига Ашуро байрамини фақатгина эронликлар яшовчи кварталларда эмас, бутун шаҳар бўйлаб нишонлашга рухсат беради. Бунга қадар шаҳарнинг яҳудий, шиа ва бошқа аҳолиси диний байрамларни ўз кварталларида нишонлаган ва ҳеч қандай муаммо келиб чиқмаган.

Бироқ бу сафар шиалар Ашуро байрамини бутун шаҳарда нишонлаши давомида суннийлар билан низо келиб чиқади ва тўқнашувлар юз беради. Шиалар уч нафар суннийни қўлга олади. Сунний аҳоли вакиллари Арк олдига бориб, амирдан қонунбузарларни жазолашни, асирга олинган уч суннийни озод қилиш сўрайди. Аммо амир Абдулаҳад бу пайтда Бухорода эмас, Карманада эди ва мамлакатни қушбеги Остонақулбий бошқараётганди. У суннийларни Арк олдидан ҳайдаб юборади ва бу билан вазиятни янада жиддийлаштиради. Остонақулбийнинг Бухоро Регистонида тўпланган суннийларни куч билан тарқатишга уриниши вазият назоратдан чиқиб кетишига олиб келади. Суннийлар йўлида учраган шиаларни ўлдириб кета бошлайди. Қирғин уч кун давом этади.

Бухоро раҳбарияти зудлик билан руслардан ёрдам сўрайди. Тартибсизлик ҳақидаги хабар Петербурггача етиб боради ва Бухорога махсус делегация юборилади. Руслар қурол ёрдамида тартибсизликларни бостиради. Амир Абдулаҳад Бухорога боришга журъат этмайди ва ўрнига валиаҳди Сайид Олимхонни юборади. Сайид Олимхон ва Бухоро аркони давлати суннийлар вакиллари билан учрашади ҳамда уларнинг сўрови билан Остонақулбий ва бошқа шиа раҳбарларни лавозимидан озод қилади.

Шу тариқа, Остонақулбий мансабидан айрилади ва Зиёвуддин беклиги беки қилиб юборилади. Кейинроқ Амир Олимхон буйруғи билан Карманага олиб келиниб, қамоққа ташланади. Шу билан Бухоро амирлигида Муҳаммад Ёқубдан бошланган, асли келиб чиқиши асли қул бўлган қушбегилар сулоласи даври (1860-1910) ўз ниҳоясига етади. Бироқ Остонақулбийнинг карьераси бу билан тугаб қолмайди.

Остонақулбийни замондошлари, хусусан Аҳмад Дониш ва Фитрат анча илиқ таърифлаган. Хусусан, Фитрат у ҳақда «Остонақул қушбеги вазирлар раҳбари лавозимида бўлганида жуда кўп фойдали ишларни амалга оширди. Масалан, у болаларнинг ҳаёсиз ўйинларини, маст йиғилишларни ва аҳолининг бундай кераксиз севимли машғулотларини қатъиян тақиқлади, давлат ривожланиши ва тараққиёти ҳақида қайғурди, бозорлардаги юқори нарх сабабларини аниқлади, дон нархи пасайиши ва мўл-кўллиги, бозорлардаги нархлар пасайишига доимий равишда эътибор қилди. Аммо унинг ҳаракатлари Бухоро шаҳри раиси бўлмиш мулло Бурҳониддинга ёқмади», дея фикр билдирган.

Айнан мана шу ижобий ишлари сабаб, амирлик қулаганидан сўнг Остонақулбий Бухорога қайтади ва Файзулла Хўжаев раҳбарлигидаги Бухоро халқ совет республикаси ҳукуматида Вақф ишлари бошқармаси раиси этиб тайинланади.

889-1910 йилларда Бухоро амирлиги қушбегиси бўлиб қолган Остонақулбий 1923 йилда вафот этади.

Шу тариқа, умумий ҳисобда, манғитлар сулоласи ҳукмронлигининг деярли тенг ярми давомида Бухоро амирлигини асли қул бўлган қушбегилар бошқарганди.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Мавзуга оид