Иқтисодиёт | 19:00 / 11.07.2023
32975
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сўнгги 4 ойда рекорд миқдорда пиёз экспорт қилди

Март ойидан бошлаб ташқи бозорларга 222,8 минг тонна пиёз жўнатилди.

Фото: EastFruit

Ўзбекистондан пиёз экспортига қўйилган чекловлар бекор қилинган кундан деярли тўрт ой ўтди ва ўтган давр мобайнида ушбу маҳсулот рекорд ҳажмда ташқи бозорларга етказиб берилди. Ўзбек пиёзининг асосий харидорлари Қозоғистон ва Россия бўлиб, улар умумий экспортнинг деярли 90 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда EastFruit таҳлилчилари маълумот берди.

Ўзбекистон пиёз экспортига қўйилган чекловни 2023 йил 15 мартдан, экспорт тақиқланган кундан бошлаб икки ойдан камроқ вақт ичида бекор қилди. Дастлабки савдо статистик маълумотларига кўра, экспорт чеклови бекор қилинган кундан бошлаб 3,5 ой давомида ташқи бозорларга 222,8 минг тонна пиёз жўнатилди, бу эса ўтган йилга нисбатан 53 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, жорий мавсумда ушбу маҳсулотлар экспорти географияси кескин кенгайганига қарамай, ўзбек пиёзи умумий экспортининг 95 фоизи ЕОИИ мамлакатлари бозорларига етказиб берилди:

- Қозоғистон – 129,4 минг тонна (умумий экспортнинг 58,1%);

- Россия - 70,1 минг тонна (31,4%);

- Қирғизистон – 8,1 минг тонна (3,6%);

- Беларус - 4,8 минг тонна (2,1%).

Май ойининг охиридан июнь ўрталаригача бўлган сезиларли пасайишдан кейин, сўнгги уч ҳафта ичида Ўзбекистонда пиёз нархи бир хил даражада барқарор бўлди.

2023 йил 26 майидан 16 июнига қадар жорий йил ҳосили пиёзининг ўртача улгуржи нархи 4500 дан 2500 сўм/кг.га (0,39 дан 0,22 АҚШ доллари) тушди, яъни уч ҳафта ичида 44 фоизга. Бундай нарх динамикасининг асосий омили ички бозорда етарлича таклиф ҳажми сақланиб қолган ҳолда ташқи бозорларда ўзбек пиёзига талабнинг пасайиши бўлган.

Мавзуга оид