Спорт | 16:21 / 14.07.2023
28139
11 дақиқада ўқилади

Деле Алли «ёрилди». Болаликда тажовузга учрагани, руҳий муаммолар, Почеттино ва Моуриньо ҳақида

Деле Алли атиги бир неча йил олдин нафақат Почеттино бошқарувидаги «Тоттенҳэм»да асосий юлдузлардан бири, балки Англия миллий жамоаси келажаги сифатида эътироф этиларди.

Фото: The Overlap

Ҳатто «Реал» эътиборида бўлган бу истеъдодли футболчи яшин тезлигида пастга қулай бошлади, аввал «Тоттенҳэм», кейин «Эвертон»нинг асосий таркибидан четда қолиб, ўтган мавсумда эса ҳатто «Бешиктош»га керак бўлмай қолган Делега аслида нима бўлди? Футболчи ростан ҳам Моуриньо айтганидек, бўш характерга эгами ёки бунинг ортида бошқа сабаблар ҳам борми?

27 ёшли футболчи куни кеча Гари Невиллга интервю берди ва нафақат футбол мухлислари ёки унинг атрофидаги журналистлар, балки у билан бирга тўп сурган жамоадошлари ҳам билмаган ҳақиқатларни очиқлади.

Деле Аллига нима бўлганди?

Ҳозир одамларга аслида нима бўлганини айтишнинг айни пайти. Туркиядан қайтгач, операция столига ётишим кераклиги ҳақида билдим ва айтишим керакки, руҳий чуқурликка тушиб қолдим. Мен руҳий жароҳатлардан даволайдиган реҳабга (реабилитация маркази) эҳтиёж сеза бошлагандим. Вақти келди. Бошқа одамнинг бундай маслаҳати ҳеч қачон кор қилмайди, муҳими, сенинг ўзинг бунга амин бўлишинг, қарор беришинг лозим. Бошқа йўли йўқлигини ҳис қилишинг шарт.

Мен ёпиқ айлана ичида қолгандим – ўзимни қийнашга, мажбурлашга уриндим, бу эса, аксинча, зарар берарди. Ҳар тонг уйғониб ўзим билан курашар, машғулотларга бориб, ҳаммага ўзимни бахтли кўрсатиш учун жилмаярдим. Ўзимни енгаётгандек туюлса-да, аслида онгимда ютқазаётгандим. Бу жараён ҳеч қачон тугамаслигимни ҳис қилганимда, вақти келганига амин бўлдим.

Олти ҳафталик клиникага ётдим. Шу ўринда «Эвертон»га ташаккур изҳор қилишим керак. Клуб тўлиқ мени қўллаб-қувватлади. Келажакда нима бўлишидан қатъи назар, мен улардан миннатдорман. Ҳаётимдаги энг муҳим қарорлардан бирини қабул қилаётганимда улар ёнимда туришди, мен билан очиқ, самимий ва ростгўй бўлдилар. Одамлар реҳабни қандайдир ёмон жой деб билади, аммо менга бу давр қанчалик ёрдам беришини мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмасдим илгари. Жуда ёмон ҳолатда эдим.

Болалигимда мен билан жуда кўп ёмон воқеалар бўлган, лекин ҳеч қачон ўзимга ёмон иш қилаётганимни тан олишни билмасдим. Аммо агар ҳаммасини ортга қайтарсак... Биласизми, ҳаммаси менинг қўлимда бўлмаган. Мени доим ортга тортадиган, бугунги ҳаётимда ҳам таъсирини ўтказиб, олға юришга халақит берадиган туйғулардан батамом қутулишим шарт бўлган экан.

Реҳабдан уч ҳафта олдин чиқдим. Ростини айтсам, бу қадар тез ҳаммасини айтиб бераман деб ўйламагандим, лекин ҳозир ўзимни анча кучли ҳис қиляпман. Бу бир томондан яхши ҳам – бугунги дунёда бирор нарсани кўп вақт яшириб юриш имконсиз. Журналистлар аллақачон ис олишди, клубга телефон қилиб, мен ҳақимда сўрашган ҳам, менга фарқи йўқ. Нима ёзишса ёзаверишсин. Шунчаки, бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Менинг иқрорларим мен каби ҳолатга тушиб қолган бошқа инсонларга ёрдам берса, улар ҳам ёлғиз эмасликларини билса, мақсадим шу. Ўзимни оқлаш ёки журналистларнинг миш-мишларига жавоб бериш эмас.

Муаммолар

Фото: Matthew Childs/Action Images/Reuters

Ҳаммаси анча олдин бошланган. Узоқ вақт нима қилаётганимни билмасдим, гиёҳванд бўлиб қолганман, десаям бўлади. Одатда кўпчилик қандайдир кайф учун, енгиллик учун ичишади, лекин мен уйқу дорига қаттиқ боғланиб қолгандим. Нотўғри тушунманг, бу ёрдам беради ҳам.

Бизнинг кун тартибида, ҳар куни эрталаб туриб, машғулотга бориш керак, кечаси уйқу келмайди – мана шундай пайтларда таблеткалар ёрдам беради. Ёмон томони йўқ. Лекин агар мен каби ошириб юборсангиз, сизга таъсир қилмай қўяди. Аслида у қадар «ўтириб қолмагандим», маълум вақт уларсиз ҳам яшаб кўришга уринганман, уддасидан чиққанман ҳам, лекин аслида ҳаммаси қанчалик ёмонлигини ҳис қилмаган эканман ўшанда. Ҳаммаси назоратим остида, истаган пайтда тўхтатишим мумкиндек туюларди. 

Муаммонинг илдизига туша бошлагач эса, ҳаммасини тушундим. Болаликдаги руҳий жароҳатларнинг изи қолган ва мен бу билан бир ўзим курашишни истардим, ҳеч кимга айтмаганман. Ҳатто бир неча бор мени асраб олган ота-онам хонамда йиғлаб ўтирганимни кўриб қолиб, сабаби билан қизиқишар, лекин ҳеч нарса айта олмасдим. Айтгим келмасди.

Атрофимда менга ёрдам беришга тайёр бўлган инсонлар кўп бўлган, демак улар ҳам мен билан бўлаётган, лекин ўзим пайқай олмаётган нималарнидир сезишган. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамай, ўзимни ҳам йўқотиб қўйдим.

Таблетка қабул қилмаётган пайтимда ҳушёр эдим, тўғри, лекин ҳаммаси чегарада эди, ўша туйғулар, ўша ҳиссиёт чулғаб олар, реалликдан дарҳол алкоголга, наркотикка қочардим. Гўёки улар ҳамма муаммони тўхтатар, ўзимни яхши ҳис қилишимга ёрдам берарди. Жуда кўп истеъмол қилганман. Сонини айтмайман, лекин ҳаддан ташқари кўп эди, ишонаверинг. Кун бўйи таблетка қабул қилардим, нафақат кечаси, эрталаб уйғониб ҳам, тушлик пайтида ҳам. Албатта, ўйин кунлари эмас.

Таблеткаларни қаердан олардим? Аввалига яхши ухлашим учун доктор берди. Бир дона таблетка ухлашга ёрдам бериш учун. Кўп инсонлар учун бу норма, лекин мен учун бу дори ўзим даволай олмаётган дардларимдан халос қилиш учун керак эди. Кейин ўрганиб қоласан. Кўпроқ керак бўлади. Агар керак бўлса, қаердан топиш муаммо эмас.

Кўпчилик ўйлайди – футбол ўйнаш осон. Ҳа, ҳаётинг зўр, пулинг кўп, лекин ҳаммаси бунчалик осон эмас. Мени нотўғри тушунишингизни истамайман, албатта, мен футболни севаман ва ундан қарздорман. Аммо руҳий томондан ўрнингга тушиб қолмагунларича, одамлар сени тушунмайди. Ўзидан нафратланиш. Доимий кураш. Сен унчалик яхши эмаслигинг ҳақида турли гаплар. Мағлубият ҳам оғир таъсир қилади, агар руҳан кучсиз бўлсанг. Шу билан бирга, ҳар куни, ҳаммага кулиб туришинг лозим.

Бошланиши

Аниқ бир кунни айтиш қийин. Менимча. «Тоттенҳэм»ни Моуриньо бошқарган пайтлари ҳаммаси ёмонлашиб кетди. Адашмасам, 24 ёшда эдим ҳали.

Эслайман, бир куни эрталаб уйғондим, машғулотга бориш керак эди. Асосий таркибдан четда қолган пайтларим. Аҳволим жуда ёмон эди. Шунчаки, ойнага қараб туриб ўйладим – балким фаолиятимни якунлашим керакдир? Севган юмушимдан воз кечаймикин?

24 ёшимда шундай фикрлар миямга келганининг ўзи мен учун оғриқли эди. Ўшанда тунги клубларга кўп қатнай бошладим. Базмлар кўп бўларди. Газеталардаги хабарлар рост эмас. Улар мени ҳали бу ишларни бошламасимдан бўйнимга илиб қўйишганди. Ўзимни узоқ вақт босишга уриндим, сабр қилдим, ҳаракат қилдим, лекин охири синиб қолдим. Мен Моуриньо ёки бошқа бировни айбламоқчи эмасман. Аслида менинг реакциям хато бўлган. Агар менинг душманим бўлса, у – ўзим.

Юқорида айтганимдек, муаммоларнинг кўпи мен яқинларимни, яхши одамларни ҳаётимга киритмаганимда бўлган. Ёлғиз ҳолдагина ўзимни хавфсиз сезардим гўё. Ақидам шундай эдики, қанчалик одамларни ўзингга яқин олсанг, улар кўпроқ хафа қилишади. Шунинг учун ҳаммадан яширинардим. Лекин бу қоида ишламади.

Болалик

Баъзи нарсаларни айтиб берсам етади. Шунчаки, сизда таассурот бўлсин. Олти ёшимда уйимизга келиб юрадиган онамнинг дўсти менга тажовуз қилган. Онам ароқхўр эди. Кейин эса мени Африкага, «тарбиялаш» учун жўнатишди. Кўп бор полицияга тушганман, умуман қоида нима билмасдим. Онам кўп ичарди, аммо уни айбламайман. Ҳозир унга ҳам қийин бўлганини тушунаман. Отам Африкада яшарди, шунинг учун мени уёққа жўнатишган. Энг ёмон кунлар, у ерда яшашни умуман истамасдим. Олти ой ўтиб отам мени қайтариб юборди.

Етти ёшимда чекишни бошладим. Саккиз ёшда наркотик сотардим. Катталар полиция болалардан шубҳаланмайди деб велосипеднинг орқасига тўпни қистириб, тагига наркотик жойлаб манзилга жўнатишарди. Ўн бир ёшимда қўшни уйда яшовчи эркак мени кўприкка осиб қўйган. Ўн икки ёшимда ажойиб оила мени асраб олди. Унгача дунёда яхши одамлар ҳам борлигини тасаввур ҳам қилолмасдим, ишонинг.

Янги оилам билан яшаётганда, уларга ҳам дардимни айта олмасдим, чунки мендан воз кечишларидан қўрққанман. Улар учун жуда яхши бола бўлишга ҳаракат қила бошладим.

18 ёшга кирганимда ҳақиқий ота-онам пайдо бўлди ва ҳар ерда журналистларга интервю бериб, оиламга туҳмат ёғдира бошлашди. Худдики, улар менга ўз ота-онамни кўришга рухсат бермаётган эмиш. Аслида ойим доим менга туққан онам билан кўришиб туришим кераклигини айтар, мен истамаганман. Ҳақиқий ота-онам оиламни мендан пул олмоқчи бўлаётганда айблай бошлашди.

Почеттино

Моурисио Почеттино энг зўр мураббий. Ундан ортиғини тасаввур қила олмайман. Биласизми, унинг бир ўзи эмас, атрофида ҳам ажойиб жамоаси бор эди – Хесус, Мигел Д'Агостино ва Тони Хименес. Бу шунчаки футболчи ва мураббий муносабатлари эмасди. Ҳаммаси анча чуқурроқ бўлган.

Поч менинг қарорларимни тўғри тушунарди, менга бир футболчига бериладиган ғамхўрликдан кўпроғини берарди. Кўпчилик ўша пайтларда мени қўрқмас деб ўйларди. Йўқ, мен жасоратли эдим. Фарқи катта. Жасорат шуки, сен қўрқасан, лекин барибир шу ишни қилишга ўзингда жасорат топасан. Менимча, Почеттино айнан жасоратга ўргатганди. Фаолиятимнинг ўша босқичида Почеттино менга катта ёрдам берган, шунинг учун ҳам унинг кетгани менга анча оғир ботганди. Айнан ўша кунларда ёпилишни бошладим, атрофимдаги ҳамма ҳақиқий эмасдек, сохтадек туюла бошлади.

Буни тушунтириш қийин. Барчаси ичимда, миямда содир бўларди. Ҳеч кимга аслида керак эмасдек ҳис қилардим ўзимни, шунинг учун бировга ўзим ҳақимда гапиргим келмасди. Балким учун ҳам улар билан бир жамоа бўлиш, бор имкониятимни улар учун ишга солишни истамагандирман. Табиийки, оқибатда буларнинг ҳаммаси фаолиятимга салбий таъсир кўрсатди.

Келажак ҳақида

Яхшироқ бўлишим керак. Футболчи сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам. Умид қиламанки, менинг иқрорларим бошқа одамларга ёрдам беради. Камида менга ёрдам бериб бўлди – ҳамма ҳақиқатни айтишим лозим эди. Энди жисмонан тикланишим учун бироз вақт керак, шундан сўнг, ўйинга қайтаман. «Эвертон» сафида янги мавсумни интизорлик билан кутяпман.

Мавзуга оид