Жаҳон | 08:47 / 14.07.2023
6769
2 дақиқада ўқилади

Ҳолливуд актёрлари сценарий муаллифлари ортидан иш ташлаш эълон қилди

Ҳолливуддаги сценарий муаллифлари май ойидан бери иш ташлаш уюштирмоқда, энди уларга актёрлар қўшилди. Бу АҚШ кино саноатида сўнгги 63 йилдаги энг йирик иш ташлашдир.

Фото: MARIO TAMA / AFP

Киноактёрлар гильдияси ва Америка телевидение ва радио артистлари федерацияси (SAG-AFTRA) қўшма касаба уюшмаси киностудиялар ва стриминг платформалари билан муваффақиятсиз музокаралардан сўнг Ҳолливуд актёрларининг иш ташлаши тўғрисида эълон қилди

Касаба уюшмаси маълумотларига кўра, акция АҚШ ғарбий соҳил вақти билан 14 июль ярим тунда (Тошкент вақти билан 12:00) бошланади. 

«Тўрт ҳафтадан кўпроқ давом этган музокаралардан сўнг, Кино ва телевидение продюсерлари альянси (AMPTP) SAG-AFTRA аъзолари учун муҳим бўлган асосий муаммоларни ҳал қилиш учун адолатли келишув таклиф қилишни истамаяпти», дейилади қўшма касаба уюшмаси сайтидаги баёнотда.

SAG-AFTRA бош музокарачиси Данкан Крэбтри-Айрленд Лос-Анжелесдаги матбуот анжуманида айтганидек, иш ташлаш - «бу охирги чора». 

Иш ташлаш вақтида актёрлар суратга олиш ишлари ва реклама кампанияларида қатнашмайди, шунингдек, фильмлар ва сериаллар премьераларида иштирок этмайди. 

SAG-AFTRA - кино, телевидение ва радио саноатида ишлайдиган 160 мингга яқин кишидан иборат энг йирик актёрлар уюшмаси аъзолари икки ярим ойдан бери иш ташлашни давом эттираётган Ҳолливуд сценарийнависларига қўшилади. 

Бу 63 йил ичида Америка кино саноатидаги энг йирик иш ташлашдир. Ҳолливуд тарихида охирги марта актёрлар ва ёзувчилар биргаликда 1960 йилда иш ташлаш уюштирган. 

Май ойи бошида иш ташлашни бошлаган SAG-AFTRA ҳам, Америка сценарийнавислари уюшмаси (WGA) ҳам стриминг сервисларида фильмлар такрорий кўрсатилганида юқори базавий ҳақ ва тўловлар тўланишини талаб қилмоқда. Шунингдек, улар ўз ишлари сунъий интеллект билан алмаштирилмаслигига кафолат берилишини сўраяпти. 

Мавзуга оид