Боғча ва мактабга қабул ёши ўзгартирилиши керакми? Экспертлар билан суҳбат
Ҳозирги давр болалари, ўтган асрдаги тенгдошларидан фарқли, тўқчиликда ва ахборот муҳитида улғайяпти, шунга кўра тезроқ социаллашяпти. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ҳатто январ ойида туғилган болалар ҳам 7 ёшга тўлмай туриб мактабга қабул қилинмаяпти. Kun.uz бунинг сабаблари ва оқибатлари ҳақида таълим эксперти, психолог ва иқтисодчи билан суҳбат уюштирди.
ЮНEСКОнинг ўтган йилги ўрганишларига кўра, бола туғилганидан то 8 ёшгача мия ривожланишининг энг гуллаган вақтидан ўтади. Яъни айнан шу ёш оралиғида болаларнинг таълим олиши учун бор салоҳияти намоён бўлади. Бу эса уларнинг кейинчалик улғайгач жамиятда ўз ўрнини топиши, иқтисодий, ижтимоий, фуқаролик ҳаётида самарали иштирок этиши учун замин бўлади. Демак, бу жараёнда боғча ҳамда мактабга қайси ёшда чиқишнинг ҳам аҳамияти бор.
Ўзбекистон ҳукумати 2019 йил май ойида давлат боғчаларига қабул қилиш ёшини 3 ёш деб белгилади. Илгари давлат боғчалари болаларни 2 ёшдан бошлаб қабул қиларди.
Орадан бир ўтиб, бу борада мактабларга қабул қилиш ёши ҳам ўзгарди. 2020 йилда “Таълим тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди ва 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар биринчи синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинадиган бўлди.
Мактабларга қабул давом этаётган айни кунларда Kun.uz мухбири таълим бўйича эксперт Комил Жалилов, психолог Зебинисо Аҳмедова ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан боғча ва мактабга қабул ёши масаласида суҳбатлашди.
– Болани боғчага 3 ёшдан, мактабга 7 ёшдан қабул қилинаётганига муносабатингиз қандай? Аслида уларни неча ёшдан қабул қилиш керак, сизнингча?
Комил Жалилов: Бу борада халқаро тажрибага қарасак, бунда аниқ бир консенсус, яъни ёш белгиланмаган. Кўп давлатларда мактаб ёши 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган оралиқда олинган. Шундай экан, шартли равишда мамлакатларни 3 та гуруҳга бўлиш мумкин. Яъни 5 ёшдан қабул қиладиган, масалан, Буюк Британияда шундай. Лекин ота-она бола таълимини бир йилга кечиктириш ҳуқуқи ҳам бор. Бунда олдин мактабга қабул қилиш ҳақидаги аризани ёзиш, бола таълим муассасасига қабул қилингач, унинг ортидан таълимни кечиктириш ҳақидаги аризани ҳам ёзиши керак бўлади. Аммо Буюк Британияда доим ҳам бу имкониятдан фойдаланишмайди, болаларни асосан 5 ёшдан мактабга бераверишади. Яна айрим давлатларда, мисол учун, Италияда 6 ёшдан, Финландияда 7 ёшдан қабул қилинади. Яъни болани мактабга қайси ёшдан беришда ягона бир консенсус мавжуд эмас. Аммо боланинг таълим олишида кўп омиллар ҳисобга олиниши керак. Боланинг ривожланиши, руҳияти билан бир қаторда, иқтисодий-ижтимоий омиллар ҳам ҳисобга олиниши лозим.
Суҳбатга тайёрланиш давомида ўқувчининг мактабга [кеч] қабул қилиниши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги билан боғлиқ айрим тадқиқотларни кўриб чиқдим. Масалан, Италияда ўтказилган тадқиқотда маълум бир сондаги ўқувчиларнинг 4-синфининг сўнгида топширадиган PIRLS ва TIMSS ҳамда PISA имтиҳони натижалари, шунингдек, болаларнинг ёши ўртасидаги корреляцияси таҳлил қилинган. Ва шу билан шундай хулосага келишганки, мактабга бироз кечроқ борган бола юқорироқ натижа кўрсатган. Аниқроқ қилиб айтсам, улар 6 ёшли болаларнинг ой бўйича [бу ерда 7-8 ёшлилар эмас, 6 йил-у 1 ойлик ҳамда 6 йил-у 12 ойлик болалар ҳақида гап кетмоқда] тақсимотини анализ қилишган. Канададаги тадқиқотларда ҳам шунга яқин хулосага келинган. Лекин бошқа тадқиқотларга қарайдиган бўлсак, айрим давлатларда бундай натижа олинмаган. Масалан, Германиядаги тадқиқотларда ўқувчиларнинг ёши мактабда таълимни ўзлаштиришига таъсири катта эмаслиги аниқланган. Шунинг учун бу борада ўзимизда ҳам тадқиқотлар олиб бориш керак. Чунки юқорида Италия ва Канадада олинган натижалар Германияникига мос келмаяпти. Бунда фақат ёш эмас, бошқа омиллар ҳам ҳисобга олиниши керак. Ҳозирги айтилган қонун (Таълим тўғрисидаги қонун)даги ёш қандайдир илмий асосларга кўра белгиланган деёлмайман.
– Зебинисо опа, психолог сифатида болалар неча ёшдан таълимга жалб этилиши керак деб ҳисоблайсиз? Болаларни боғча ва мактабга бераётганда уларнинг руҳиятида қандай ўзгаришлар кузатилади? Бу жараёнда нималар инобатга олиниши керак?
Зебинисо Аҳмедова: “Таълим тўғрисида”ги қонун янгиланганида жуда кўп ота-оналар фарзандини нима учун 6 ёшдан бера олмаётгани юзасидан мурожаат қилишганди. Болани ўқишни ва ёзишни билиши мактабга тайёр дегани эмас. Унинг ижтимоий, эмоционал, интеллектуал тайёргарлигининг ҳаммаси жамлансагина, бола мактабга тайёр ҳисобланади. Мен мактабда ўқиган вақтларда, тахминан 1970 йилларда умуман бошқача эди, ҳозир эса болалар турли кўрсаткичлар туфайли ижтимоий, физиологик жиҳатдан эрта тайёр бўляпти. Ва болалар бир-икки йил ижтимоий нофаол бўлиб қоляпти. Болада эртароқ ижтимоий фаоллашса, унинг ҳаётда мақсад қўйиши, жамият билан муносабатга киришиши эрта шаклланади. 8 ёшгача бўлган болаларнинг тарбияси бутун умрга таъсир қилишига ҳам қўшиламан. Сабаби болаларнинг миясида “ячейка”лар пайдо бўлади. 8 ёшгача уй, тоғларни, молларни кўриб, телефон ўйнаб қолиши оқибатида мана шу “ячейка”лар бўш бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтсам, [хориж мамлакатлари] Германияда болани қабул қилишда психологик, физиологик жиҳатдан текшириш системаси яхши ривожланган. Ота-она ариза билан тайёрмас деса ҳам, болани текшириб аниқлашади. Бизда эса бу тизим ривожланмаган.
Комил Жалилов: Бола қачон мактабга боришга ақлий жиҳатдан тайёр бўлишини аниқлаш мақсадида ҳам баъзи тадқиқотлар ўтказилган. Мана шу тадқиқотда “mental age” деган термини ҳам киритишган, яъни боланинг жисмоний ёши эмас, балки ақлий ёши муҳим аҳамиятга эга. Натижага кўра, мактабга қабул қилишдаги энг мақбул ёш 5,8 ёшдан 6,6 ёшгача бўлган давр экан. Олимлар яна шундай фикрларни айтади: болалар ҳар қандай ёшда ўрганишга тайёр бўлади, фақат уларга нимани ва қандай ўргата олиш масаласига аниқлик киритиш лозим.
– Отабек ака, Telegram'даги шахсий каналингизда болани боғча, мактабга бериш ёши ўзгартирилишини таклиф қилгансиз. Сизнингча, ҳозирги тартибда бола таълим олишга кечикяптими? Бола таълимининг бир неча йилларга кечикиши қандай иқтисодий оқибатларни юзага келтиради, бу нималарга таъсир қилиши мумкин?
Отабек Бакиров: Менинг эътирозим нимадан иборат? 2020 йил айни пандемия пайтида ҳеч қандай муҳокамасиз, жамоатчилик фикрини сўрамасдан, Таълим тўғрисидаги қонун ўзгартирилган. Одамлар мактаб ёши 7 ёш бўлганини сентябр ойининг охирида эшитган. Қонун қабул қилиниб, имзоланиб, lex.uz базасида пайдо бўлганидан кейин.
Биз қайсидир масала бўйича бир қарорга келадиган бўлсак, бу ижтимоий келишув бўлиши, бунда жамоатчилик шартномаси бўлиши лозим. Шундагина бу ишлайди. Бу — муҳим ижтимоий масала. Биз 2020 йилда август-сентябр ойларида на парламентдаги очиқ муҳокамаларсиз мана шу қонунга ўзгартириш киритдик, бирор бир ўзбекистонликдан, ота-оналардан сўрамадик, на сўровномалар ўтказилди, на илмий тадқиқотлар ва на психологик ўрганишлар амалга оширилди. Сентябрнинг охирида газета ва lex.uz базасида бундан буён мактабга қабул қилиш ёши 7 ёшдан бўлиши аниқ бўлди.
Ҳеч ким бу қарорни иқтисодий, социал, ижтимоий асосларини, мавжуд ресурслардан келиб чиқиб изоҳлаб бермади. Бу пожарни ўчириш учун қабул қилинган қарор эди холос. Ўзбекистонда йилдан йилга мактаб ёшига етаётганлар битирувчилар сонидан икки баробарга кўпайиб боряпти. Менимча, фақатгина шу сонларни камайтириш учун қилинган иш бўлди. Бу – шошмашошарлик билан қабул қилинган қарор. Боғчага бормаган болалар 6 ёшдан тайёрлов гуруҳига бориши кераклиги белгиланди, лекин шу ҳам ишлаётгани йўқ. 2018 йилги қарорга кўра, 2022-2023 йилги ўқув йилида тайёрлов гуруҳлари бутун Ўзбекистон мактабларининг 90 фоизини қамраб олиши керак эди. Неча фоизга қамраб ололдик? Шу бўйича кимдир савол бериб кўрдими ўзи? Тошкент шаҳрида 15 фоизга етгани йўқ, вилоятларни-ку гапириб ўтириш шартмас.
Шавкат Мирзиёев йилига 500 минг ўқувчи ўрни яратилиши ҳақида гапирди. Шу ерда бир савол бор: ўша қўшимча ўқувчи ўрни яратиш 1 йиллик тайёрлов гуруҳлари эҳтиёжини ҳам назарда тутганми? Шу нарсалар ҳисоб-китоб қилиняптими?
Ҳозирда болаларимиз тўқ, кўпроқ ахборот муҳитида яшаяпти, социаллашяпти. Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, жуда кўпчилик болалар мактабга тайёр. Шунинг учун 6 ёшдан ихтиёрий, 7 ёшдан мажбурий мактабга бориш тизимига ўтиш керак, фикримча. Қонунларимиз ҳам шунга тақаляпти, 6 ёшдан мажбурий бошланғич тайёрлов гуруҳлари бўлиши кераклиги айтилган. Эътирозим шу: ўзлари ёзган нарсаларга ўзлари амал қилмаяпти масъуллар.
- Интервьюнинг тўлиқ қисмини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
14:47 / 04.12.2024