«Душман» – душманнинг душмандан фарқини кўрсатувчи роман
Душман сўзини эшитганда ҳар кимнинг хаёлида ўзига зарар келтирувчи, қарама-қарши турувчи, ёқимсиз бўлган, доим пайт пойлаб юрадиган ўз душмани гавдаланади. Душманнинг ҳам турли бўлади. У аввало ички душман ва ташқи душманга ажралади. Ташқи душман сизга кўриниб туради. Ундан доим эҳтиёт бўлишга уринасиз. Ҳушёр юрасиз. Ҳаракатларига монанд ўзингизни ҳимоялашга уринасиз. Кўксингизга қадаган тиғи ҳам очиқ-ошкора.
Ички душманда-чи? Аслида кўпроқ қўрқишимиз лозим бўлгани ҳам ички душманимиз эмасми? Ички душманингиз ўзини ҳам, сизга нисбатан адоватини ҳам кўрсатмайди. Пичоқни-да ортдан, сездирмайгина уради. Пана-панада сизга тиш қайраётганини хаёлингизга ҳам келтирмайсиз. Тасаввуфда, динда ички душман сифатида инсоннинг ўз нафси ҳам кўрсатилади.
Қорақалпоқ ёзувчиси Мурадбой Низанов ўзининг «Душман» номли романида душманликнинг ҳар турини қорақалпоқ халқи, хусусан, Қудайназар, талқинида кўрсатиб берган.
Сюжет:
Асарда уч авлод тақдири кўрсатилади: Отаназар, Отаназарнинг ўғли Қудайназар, Қудайназарнинг меросхўри Ирисназар. Отаназар даврида кўпроқ қорақалпоқ халқининг нисбатан тинч ҳаёти, овул одамларининг бир-бирига оқибати ҳақида ҳикоя қилинади.
Қудайназар даврида эса қизилларнинг босиб келиши, ҳаммани ёппасига камбағаллаштириш сиёсати, бойларнинг талон-торож қилиниши ва урушнинг бошланиши. Овулнинг бу оғир ҳолатида Қудайназар қандай тадбирлар қилганлиги, халқ дардига қанчалик малҳам бўлолганлиги, эл бошини бирлаштириб турганлиги асарда акс этган.
Ирисназар эса иккинчи жаҳон урушида қатнашади. 7 йил юртидан узоқда азоб чекади. Ўзини ўлимдан асраб қолган немис, аслида, партизан қизи бўлмиш Маргаритани овулга етаклаб келади. Маргарита мусулмонликни қабул қилиб, Марям исмини олади ва овулда рус тилидан мактабда дарс бера бошлайди.
Тез орада биладики, болалар рус тилидан ҳеч нарсани билишмайди. 9-синф ўқувчилар 1-синф биладиган нарсалардан ҳам бехабар. Ҳамма нарсани бошидан бошламоқчи бўлган Марям мактаб директори бўлган ва у келгунча рус тилидан болаларга таълим берган Жўлдас муаллимнинг тазйиқига учрайди.
Марямнинг қатъиятли қароридан қайтмаганини кўрган директор энди пасткашлик йўлига ўтади. Урушни келтириб чиқарган немис фашистларидан аламзада халқни қайрашга ўтади. Бутун овулга Марям немис миллатига мансублигини эълон қилиб, болаларни ҳам унга қарши қайрайди. Марям мактабга боролмай қолади. Ҳар ёқдан тазйиққа дуч келавергач кетиб қолади. Уни Ирисназар қайтариб олиб келади. Халққа немис миллатининг ҳаммаси ҳам ёмон эмаслигини, Марям эса немислардан узоқ манзилларда туғилиб ўсганлигини, ҳеч қандай душман эмаслигини тушунтиришга уринади.
Қудайназарга бу ҳодисалар оғир ботади ва овулдан бош олиб чиқиб кетади. Бир қанча вақт ўтгач қадрдон заминидан, ота-боболари руҳи юрган манзиллардан хеш-ақраболардан узоқлашиш яхши эмаслигини тушуниб етади. Овулга қайтишни васият қилиб ўлим топади.
Асарда Абдукарим образи ҳам алоҳида аҳамият касб этган. У бойларни йўқотиш сиёсатида фаол иштирок этади. Ҳукуматнинг «ити»га айланади. Халқ учун «ўзингдан чиққан бало» эди у. Овулдаги барча бойларни чаққан ҳам шу, қаматиб, ўлдиртирган ҳам шу, уруш вақти эри ўлган жувонни йўлдан урган ҳам шу эди. Аммо асар сўнгида маълум бўладики, унинг ҳам ўз ҳақиқати бор…
Таҳлил:
Асар қорақалпоқ халқининг анъана-ю урф-одатларини, амал қилиб келадиган қадриятларини чиройли тарзда ўзида акс эттирган. Катта ёшлилар ўзига яраша босиқ; тадбирли, фаҳмли, ёшлар қизиққон, ғайрати жўшган, тутган ерини кесадиган; аёллари фаросатли, чаққон ва қаноатли қилиб тасвирланган.
Романда ҳам душманларнинг ҳар хилини учратиш мумкин. Умумий халқнинг ташқи душмани қилиб фашистлар кўрсатилган бўлса, халқ ичидан чиққан ички душман Абдукаримдир. Яна бир шахсий душман қилиб Жўлдас муаллим берилган. Янаям очиқланса, Жўлдас муаллимнинг-да ўз ички душмани бор эди: ҳасад, ичиқоралик. Абдукаримнинг ички душмани – қасос эди. Қасос, адоват уни ҳар қандай пасткашликка тайёр қилиб улгурганди.
Бундан ташқари асар душманлик миллат билан белгиланмаслигини ҳам исботлайди. Марям гарчи немис миллатидан бўлса-да қалбан шу одамларга яқин эди. Мусулмонликни қабул қилди, тилини, урф-одатларини ўрганади. Ана шу халқ болаларига жон куйдириб, ҳаракат қилади. Аммо халқ битта ичиқоранинг гапига учиб Марямни душманликда айблайди. Ҳақиқий душманни ажратолмай қолади.
Одамни одамдан ажратишда унинг миллатига, ташқи кўриниш ёки мавқейига қараш мутлақо хато нарсалигини ёзувчи маҳорат билан кўрсатиб беролган. Аввало инсоннинг қалбига, шахсиятига, ниятига қараш лозим. Бу дунёга ҳеч ким ўз танлови асосида келмайди. Миллати-ю ота-онасини танлолмайди. Одамзод бошига кулфатлар солишни одат қилиб олган нокаслар касрига бегуноҳлар азоб тортиши адолатдан эмас…
Гуласал Қодирова
Мавзуга оид
14:39 / 06.12.2024
Ангела Меркелнинг китоби стартдаёқ бестселлерга айланди
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси
14:40 / 31.08.2024