Жаҳон | 10:57 / 19.07.2023
10022
3 дақиқада ўқилади

Кремл Украинани Қора денгиз орқали дон экспорт қилиш хавфи ҳақида огоҳлантирди

Россия Қора денгиз шимоли-ғарбий қисмини «вақтинчалик хавфли ҳудуд» деб эълон қилди ва Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази тарқатиб юборилганини эълон қилди. Ушбу зонада савдо кемалари учун хавфсизлик кафолатлари йўқ.

Фото: Getty Images

«Ғалла битими»дан чиққанидан кейин Россия Украинани Қора денгиз портларидан дон экспортини давом эттириш хавфи ҳақида огоҳлантирди. Агар келишув Россия иштирокисиз амалга оширилса, «тегишли хавфсизлик кафолатлари» йўқлиги сабабли «маълум хавфлар юзага келади», деди 18 июль, сешанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский Туркия ва БМТни Россия иштирокисиз «ғалла битими» устида ишлашни давом эттиришга чақирди.

Песковнинг сўзларига кўра, юк кемаларининг ҳаракати «жанговар ҳудудга тўғридан тўғри яқин бўлган» зонада амалга оширилади ва «Россиясиз бирор нарса расмийлаштирилса, хавфни ҳисобга олиш керак». Россия расмийси, шунингдек, Киев ҳудуддан «жанговар мақсадларда» фойдаланаётганини даъво қилмоқда. 

Шу билан бирга, Песков Россиянинг «Африка муҳтож давлатларига текин ғалла етказиб беришга» тайёрлигини маълум қилди ва бу масала 27-28 июль кунлари Санкт-Петербургда ўтказилиши режалаштирилган Россия-Африка форумида муҳокама қилинишига ваъда берди. 

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров туркиялик ҳамкасби Хоқон Фидан билан телефон орқали суҳбатда «Қора денгиз шимоли-ғарбий қисмида вақтинчалик хавфли ҳудуд режими тиклангани, Келишув зонасидаги денгиз ҳуманитар коридори чекланиши ва Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази тугатилиши» ҳақида хабар берди.

18 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Одесса ва Миколайив порт шаҳарларига ракета ва учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги буни Қрим кўпригидаги портлашлар учун жавоб деб атади. Украинанинг «Юг» оператив қўмондонлиги маълумотларига кўра, Одессада порт объектлари ва бир қатор турар жой бинолари уриб туширилган ракеталар парчалари ва портлаш тўлқинларидан зарар кўрган. Миколайивда, вилоят губернатори Виталий Кимнинг сўзларига кўра, саноат корхонасига ҳужум қилинган. 

Мавзуга оид