Ўзбекистон | 15:27 / 19.07.2023
14058
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар малакасини оширувчи институтда миллиардлаб пуллар “еб кетилгани” айтилмоқда

Антикоррупция агентлиги ўрганишлари давомида А.Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш институти мансабдорлари 8,4 миллиардлик шартномани тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани аниқланди. Институт проректорига алоқадор кўрилган фирмага эса 2,8 миллиард сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган.

Фото: Getty Images

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, А.Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш институтида коррупцион ҳолатлар аниқланган.

Хусусан, институт вазирликнинг “Зўр” лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига рус тилини ўргатиш учун 150 нафар россиялик мутахассиснинг ташрифи ва уларнинг уй ижараси учун “Araks Trade Business” МЧЖ билан 8 млрд 473,4 млн сўмлик шартнома имзолаган. Комплекс экспертизадан ўтказилмаган ушбу шартномани тузишда эса манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

Яъни “Araks Trade Business” МЧЖнинг 2013-2021 йиллардаги таъсисчиси К.Ф. бўлиб, у 2018 йилдан буён Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш бўйича миллий тадқиқот институтида ўқув-методик ишлар бўйича проректор лавозимида ишлайди.

Бундан ташқари шартноманинг ўзида ҳам қўшиб ёзиш ва ортиқча тўловлар бўлган.

Хусусан, шартномага мувофиқ, 149 та уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақиқатда сарфланган маблағлардан келиб чиқиб, институт томонидан харажат қилинган сумма 4 млрд 858 млн сўмни ташкил этган. Бироқ 2021 йил сентябрь — 2022 йил июнь ойларида Россиядан амалда келмаган 31 нафар ўқитувчига 4 ойдан 10 ойгача яшамаган ижара уй-жойлари учун 569,4 млн сўм ортиқча тўланган.

Шунингдек, уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун 4 млрд 858 млн сўм тўланиши лозим бўлган бўлса-да, институт томонидан 7 млрд 52 млн сўм маблағ ўтказиб берилиши ҳисобига “Araks Trade Business” МЧЖга 2 млрд 194,2 млн сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган. Бу маблағлар кейинчалик ўзлаштириб юборилган.

Ўтказилган терговга қадар текширув натижалари бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Малака ошириш институти ҳамда “Araks Trade Business” МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олмазор туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилди. Айни пайтда ҳолат бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Айни пайтда институт расмий сайтида иккита проректор лавозими вакант бўлиб турибди. Очиқ маълумотларга кўра, институт проректори сифатида 2020 йил 30 октябрда Каримов Фарҳод Эркинович “Онлайн мактаб” рукнидаги дарсларни тасвирга олишда фаол қатнашгани учун “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Очиқ маълумотларга кўра, бугунги кунда «Araks Trade Business» МЧЖ таъсисчиси ва директорлари ҳам ўзгарганини кўриш мумкин.

 

Мавзуга оид