Жамият | 15:24 / 22.07.2023
26877
4 дақиқада ўқилади

Икки ҳарам, «миллионер» Ар-Риёд ва Ал-Ула воҳаси – Саудия Арабистонидан фоторепортаж

Саудия Арабистонида мусулмонлар учун икки муқаддас жой – Макка ва Мадина шаҳарлари жойлашган. Бундан ташқари, сўнгги йилларда туризм учун очилаётган қиролликда сайёҳлар учун қизиқарли бўлган кўплаб жойларни учратиш мумкин. Саудия хизмат сафарида бўлиб қайтган Kun.uz фотомухбири қиролликнинг диққатга сазовор жойларидан фотожамланма тақдим қилади.

Ўзбекистонда Саудия Арабистони дейилганда деярли барчанинг кўз олдига муқаддас зиёратгоҳлар келади. Буларнинг энг каттаси Макка – расмий номи Маккатул мукаррамаҳ (мукаррам, азиз Макка). Шаҳарда бутун дунё мусулмонларининг бош зиёратгоҳи ва қибласи – Каъба ва Масжидул Ҳаром жойлашган.

Зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Маккада кўплаб янги бино ва қулайликлар кўпайтирилмоқда. 2010 йилда Маккада илк метро очилди, 2012 йилда дунёдаги энг катта осмонўпар бинолардан бири – Абраж ал-Байт қурилиши якунланди. Унинг энг баланд биноси – Royal Clock Tower дунёдаги энг катта ва энг баланд соатга эга.

Маккада маҳаллий аҳоли сони 2 миллиондан ошади, ҳаж мавсумининг ўзида бир вақтда шаҳарга яна 2 миллиондан ортиқ зиёратчилар келади.

Мадина – расмий номи Ал Мадинатул-мунаввараҳ (Нурли Мадина), мусулмонлар учун Маккадан кейинги иккинчи муқаддас шаҳар. Аҳолиси 1,5 миллионга яқин.

Набавий масжидидан унча узоқ бўлмаган жойда Қубо масжиди жойлашган. У Ислом тарихидаги илк масжид ўлароқ мусулмонлар учун қадрли ҳисобланади. 

Ҳар йили Ҳаж ва умрага келган миллионлаб мусулмонлар Масжидун Набавий зиёрати учун Мадинага ҳам ташриф буюради.

Ар-Риёд – Саудия Арабистонининг пойтахти ва қиролликдаги энг катта шаҳар ҳисобланади. Шаҳар номи “боғлар”, деган маънони билдиради, аҳолиси 7 миллион кишидан ошади.

Бу ерда Саудия қироли ва шаҳзодаларининг қароргоҳлари, марказий ҳукумат идоралари жойлашган. Пойтахтда саноат бинолари йўқ, лекин маиший ва хизмат кўрсатиш, олийгоҳлар, музейлар ва илмий марказлар жуда кўп.

Ар-Риёддаги замонавий ҳаёт рамзи бўлган Royal Center'да кўплаб офислар, қимматбаҳо квартира ва ресторанлар жойлашган. 99 қаватли бино "Бурж ал-мамлакаҳ" шаҳардаги энг баланд бино ҳисобланиб, унинг баландлиги 302 метрни ташкил қилади.

Ал-Ула – Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбий қисмида, Мадина шаҳридан 350 км шимолда жойлашган воҳа.

Олимлар воҳадан неолит ​​давридаги ҳаёт изларини топишган. Савдодаги аҳамияти туфайли воҳада милоддан аввалги I аср бошларигача айрим араб қабилалари яшаган.

ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бу ҳудудда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон табиий, сайёҳлик ва маданий боғлар ташкил этиш орқали туризмни ривожлантирмоқда.

2018 йилдан бери Ал-Улада “Танторада қиш” фестивали ўтказиб келинади. Бу ерда дунёдаги энг катта ойна биноси – Марая концерт зали қурилган.

У ҳар томондан акс эттирувчи ойнали панеллар билан қопланган. Ойна фасадининг майдони 9740 квадрат метр.

Воҳада жойлашган қоялар узоқ йиллар давомида шамол таъсирида ноодатий кўриниш олган.  

Шунингдек, қиролликда йирик хурмо боғларини учратиш мумкин. 

Қиролликнинг асосий қисми чўллардан иборат бўлса, мамлакатнинг икки тарафида йирик сув ҳавзалари – Қизил денгиз ва Форс кўрфази мавжуд.

Расмлар муаллифи: Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид