Ўзбекистон | 11:25 / 22.07.2023
7241
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги маҳаллаларни махсус жамғарма қўллаб-қувватлайди

Фото: Norma.uz

Президент томонидан “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда. Жўқорғи Кенгес раиси жамғарма раиси этиб белгиланмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шу йил ичида ҳудуднинг 452та маҳалла фуқаролар йиғинларининг (МФЙ) ҳар бирига 500 млн сўмдан маблағ йўналтиради (жами 226 млрд сўм); 

Маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ободонлаштириш ишларини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган ташаббускор фуқаролар, маҳаллалардаги кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш мақсадида жамғармага жами 228 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Жамғармадан маблағ ажратиш тартиби қуйидагича белгиланмоқда:

лойиҳалар маҳалла раислари томонидан ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда маҳаллада яшовчи аҳолининг ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялари умумлаштирилган ҳолда шакллантирилади;

жамғарманинг Кузатув кенгаши 5 кун ичида лойиҳаларни кўриб чиқиб, жамғармадан маблағлар ажратиш бўйича қарор қабул қилади;

маҳалла раислари томонидан шакллантирилган ва бошқариладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир МФЙ учун алоҳида ҳисобварақлар очилади;

лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлари, жумладан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш бўйича танлов (тендер) савдоларини ўтказиш, амалга оширилган ишлар учун тўловларни амалга ошириш, бажарилган ишларни қабул қилиш МФЙ раислари томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид