Спорт | 19:42 / 24.07.2023
34474
2 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Ҳусанов «Ланс» футболчисига айланди

Ўзбекистон ёшлар ва миллий жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Францияда давом эттиради.

Фото: ЎФА

ЎФА ва «Энергетик-БГУ» клуби Ўзбекистон миллий жамоаси ва Беларус клуби ҳимоячисининг «Ланс» клуби аъзосига айланганини тасдиқлади. Championat.asia сайти маълумотига кўра, Абдуқодир Ҳусанов тиббий кўрикдан ўтгач, «Ланс» клуби билан 4 йиллик шартнома тузган. Ўзбекистонлик ҳимоячи француз клубида 25-рақам остида ўйнайди.

Лансликлар якунланган мавсум Франция чемпионатида «ПСЖ»дан (85) бир очко кам (84) жамғариб, 2-ўринни эгаллаган ҳолда янги мавсумдан Европа Чемпионлар лигасида иштирок этади.

Аввалроқ, Ўзбекистон ёшлар жамоаси (U20) сафида Осиё чемпиони бўлган ва Аргентинадаги ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2023да иштирок этган Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинлари европалик скаутлар томонидан кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

 

Маълумот учун, Ҳусанов жорий мавсум Минск клуби сафида 8 ўйинда битта голга муаллифлик қилган. Шунингдек, у Ўзбекистон миллий жамоаси сафида CAFA Nations Cup-2023 баҳсларида дебютини ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача Европа кучли бешлик чемпионатларидаги ўзбекистонлик ягона футболчи Элдор Шомуродов эди. Ҳусанов бу борада иккинчи ўйинчига айланди.

Мавзуга оид