Фан-техника | 10:33 / 24.07.2023
70997
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Twitter логотипини Х’га ўзгартирди

Ижтимоий тармоқ эгаси «Twitter бренди билан тез орада хайрлашишга» ваъда берди ва платформанинг янги логотипини кўрсатди. Эндиликда Twitter'га x.com манзили орқали ҳам кириш мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Twitter ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск унинг логотипи кўк қушдан Х’га ўзгаришини маълум қилди. Маск 23 июль, якшанба куни Twitter’нинг эҳтимолий дизайнини эълон қилди.

Маскнинг сўзларига кўра, агар «етарлича яхши вариант» топилса, янги логотипга кейинги ҳафтадаёқ ўтилиши мумкин. Бундан ташқари, тадбиркор Twitter номидан воз кечиши мумкинлигига ишора қилди. «Тез орада биз Twitter бренди ва аста-секин барча қушлар билан хайрлашамиз», — деб ёзади у.

Маск, шунингдек, платформанинг стандарт рангини қора рангга ўзгартириш учун овоз бериш жараёнини бошлади.

Twitter’ни сотиб олгандан сўнг, Илон Маск платформага ўзгартиришлар киритишни бошлади. Фойдаланувчининг ҳақиқийлигини кўрсатувчи кўк белгини фақат пулга олиш ҳуқуқи жорий этилди. Маск, шунингдек, фойдаланувчилар ўқиши учун мавжуд бўлган постлар сонига чекловлар ҳам қўйди.

Маскнинг ўзи Twitter’ни сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва цензурани рад этиш учун сотиб олганини таъкидлади. Бироқ май ойида Туркияда президентлик сайловлари арафасида Twitter мамлакат расмийлари илтимосига кўра айрим сиёсий контентни блоклаётгани маълум бўлди. «Ёки Twitter (Туркияда) бутунлай блокланади, ёки биз баъзи твитларга киришни чеклаймиз», — деб тушунтирди Маск цензурани.

Мавзуга оид