Ўзбекистон | 19:23 / 25.07.2023
10675
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қизамиқ билан касалланганлар аниқланди

Улар хориждан келган қизамиқ билан касалланганлар билан алоқада бўлгани айтилмоқда. 

Ўзбекистонда 164 беморда қизамиқ касаллиги аниқланди. Бу ҳақда Санэпидқўмитага таяниб, ЎзА хабар берди.

Қайд қилинишича, 2023 йил июль ойи ҳолатига кўра, қизамиқ касаллигига шубҳа қилинган 306 нафар беморнинг қон намуналари вирусологик лабораторияга юборилган. Улардан 164 нафарида қизамиқ аниқланган.

Қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари асосан хориждан келган қизамиқ билан касалланганлар билан алоқада бўлган фуқаролар орасида аниқланмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистонда қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият назорат остида. Қизамиқ касаллигига шубҳа қилинган шахслар билан алоқада бўлганлар эпидемиологик кўрсатма асосида профилактик эмлаш билан қамраб олинмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра эмлашдан бош тортганлар ҳисобига, 2023 йилда дунёда ва Европа минтақасида қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият кескинлашди.

Маълумотларга кўра, Украинада 23070, Сербияда 4954, Францияда 2576, Грецияда 2476, Италияда 2020, Россияда 1396, Грузияда 1128, Aфғонистонда 2105, Тожикистонда 300 дан ортиқ, Қозоғистонда 169 беморда қизамиқ аниқланган.

Мавзуга оид