Жамият | 22:20 / 26.07.2023
55489
8 дақиқада ўқилади

“Қарзлардан қутуламиз деб ўйлагандик, лекин...” — буйрагини сотган эр-хотин

Орган савдоси мавзусидаги бу сафарги кўрсатувимиз қаҳрамонлари буйракларини сотиш орқали муаммоларига ечим топишга уринган, аммо бугунги кунда бу ишларидан минг пушаймон бўлаётган эр-хотинлардир. Хўш, уларни бунга нима мажбур қилди? Келинг, бу ҳақда қаҳрамонларимизнинг ўзларидан эшитайлик.

— 2012-2013 йилларда “обнал” оммалашган эди. Бунга бизнес сифатида қараб, аралашиб қолганмиз. Одамлардан пластик карталарини олиб қолиб, 10-15 кунда 5-10 фоиз эвазига нақдлаштириб берардим. Кейинчалик минусга кириб кетганман. Одамларга пулини беролмай қолганман, қарзларим 300 млн сўмдан ошарди. Даромадимни тўғри чамаламасдан, катта пулни ишлатиб юборганман. Шундан кейин ишни тўхтатганман. Одамларнинг пулини бериш учун бошқалардан қарз олдим.

Ўзбекистонда ишларим юришавермагач, Россияга ишлашга кетдим. Такси ҳайдадим, лекин ўзимдан орттириб уйга тайинли пул жўнатолмадим. Кунига 1700 рубл машина ижарасига берардим. Бошқа харажатлар ҳам бор эди. Майли, ўзимнинг уй-жойим бўлмасин, лекин одамларнинг пулини бериб, ўзим ҳаловатда бўлай деб ҳаракат қилдим.

Кейин интернетда буйрак донорлиги ҳақида кўриб қолдим. Менда ҳам донорлик қилиш фикри туғилди. Лекин Ўзбекистонда қонунан рухсат йўқ экан. Чет давлатда шу ишни қилишни режаладим. Ижтимоий тармоққа эълон бердим. Тошкентдан бир киши менга мурожаат қилди. У одам билан 10 минг долларга келишдик. Туркияда операция бўлди. Операциягача ҳам ўзи пулнинг ярмини ишлатиб бўлгандим.

Бемор билан яқин қариндошмиз деб таништирдик ўзимизни. Психолог суҳбатларидан ўтдик. У ерга боргунча бир-биримиз ҳақимизда маълумот алмашиб тайёргарлик кўрдик, комиссиядан ўтиш учун. Бир одамнинг тузалишига сабабчи ҳам бўлдим бир томондан. Ўта қийин жараён экан ўзи бу. Операция муваффақиятли ўтган.

Бу воқеага 3 йил бўлди, энди афсусланаман бундан. Донор бўлишни тавсия қилмайман бошқаларга ҳам. Бошида 1 йил билинмади, лекин ҳозир соғломман деёлмайман. Оғир иш қилолмайман, ҳаддан ташқари эҳтиёт бўлиш керак. Доим хавотирда юраман.

Қарзларимдан ҳам тўлиқ қутулолмадим. Кўпчилик Россиядан пул топиб келди деб ўйлашди. Пулларнинг барини одамларга бергач, яна йўқчилик, тирикчилик ғами тушди. Ўзим оғир иш қилолмайман, жуда тушкунликка тушиб қолдим шу вазиятда, деб ҳикоя қилади эркак.

— 2015 йилда турмуш қурганмиз. Тўйимиздан кейин оилавий муносабатлар яхши бўлган, фақат молиявий томондан қийналганмиз. Кўпчилик келарди пулини сўраб. Эшик тақилласа, чўчийдиган бўлиб қолганмиз. Одамлар келиб жанжал қилишарди.

Хўжайиним буйрагини сотмоқчи экани ҳақида менга айтган, аввал йўқ, деганман. Операциядан кейин аҳволи оғирлашиб қолади деб қўрққанман. Ҳеч нарса бўлмайди деб тушунтиргач, рози бўлганман мен ҳам. Қарзларнинг бир қисмидан қутулдик шу билан.

Операция бўлган пайтлар қаттиқ хавотирда эдим. Кейин эса аҳволи яхши деб таскин олдим, лекин сўнгги вақтларда соғликларида муаммолар кўпайди. Ота-оналари билмайди, фақат эр-хотин иккимиз биламиз буни. Аммо буни болаларимиз келажаги учун ҳам қилдик. Агар каттароқ муаммога айланиб, хўжайиним қамалиб қолганда, биз учун бундан ҳам оғир бўлади. Лекин барибир бу қарор тўғри эмас эди, дейди аёл.

— Ўзбекистонга қайтганимдан кейин ижарага машина олдим, – дея сўзида давом этади эркак. – Киракашлик қилиб рўзғор тебратмоқчи эдим. Лекин қийин бўлди, ижарага машина олгунча ҳам пул керак, ҳеч ким шунчаки бериб юбормайди. Бир амаллаб 200 доллар топиб ижарага машинани олдим, лекин у эски бўлгани учун кўп харажат машинанинг ўзига кетарди, кўп вақтим устахоналарда ўтарди. Рўзғор ўтиб турди-ю, лекин орттириб қарзларимизни узолмадик. Эшик тақиллатиб келувчилар эса кўп эди.

Аёлим менга турмушга чиққанидан бери халовати йўқ. Соғлиғим ҳали ёмонлашмаган пайтда эди. Аёлим ҳам кимгадир донорлик қилсам-чи, қарзлардан қутулардик деб қолди. Қарши бўлдим. Лекин у мени кўндирди.

Донорлик қилинадиган беморни топиш ҳам осон бўлмади. Одам топилгач, Туркияга боришди, лекин комиссия суҳбатларидан ўтишолмади. Кейин эса Ҳиндистонга боришди, ўша ерда операция бўлди. Бу сафар ҳам аввалгидай операциягача ярим пулни ишлатиб бўлдик.

Қолган пулни яна бирдан қарзга берсак, яшашга қийналиб қоламиз деб такси қилиш учун кредитга машина олдик, 37 млн бошланғич тўлов билан. 6 ой 4,5 млндан кредит тўладим, лекин орада 2 ой тўлолмай қолдик. Тахминан 60 млндан кўпроқ пули тўланган машинанинг. Кредитга берган компания машинани қайтиб олмоқчи ҳозир. Соғлиғимизни гаровга қўйиб шунча қилганимиздан зўрға орттирганимиз шу машина эди, энди бу ҳам қўлдан чиқяпти.

Бу донор бўлиш муаммони ечмас экан. Ҳозир шундай донор бўламан деб юрганлар кўп, лекин бу тўғри йўлмас. Ижтимоий тармоқларда кўриб қоламан: 19-20 яшар йигит-қизлар донор бўламан дейди, уларда катта муаммо йўқдир унчалик. Менинг ортимда-ку оилам, фарзандларим бор эди. Лекин барибир нотўғри бўлди бу иш. Kun.uz таҳририятига мурожаатим ҳам шундан, тўғри йўл эмаслигини айтиш.

Ўзим-ку майли, лекин аёлим ҳам шундай қилишига йўл қўйиб берганим хато бўлди. Кеч англадим. Мажбурликдан, қарзлардан қутулиш учун қилдик, аммо ечим бўлмади. Афсусланаман.

Фото: iStock/Dmitrii Balabanov

— Мен ҳам кимгадир донорлик қиламан деган пайтимда хўжайинимнинг соғлиғи яхши эди. Шунга қараб хулоса қилганман. Болаларимизнинг келажаги учун, халоватда яшашимиз учун шу қарорга келганман. Ўтган йили ноябр ойида операция бўлди, ҳозирча ҳолатим яхши. Лекин доимий шифокор назоратида бўлиб турамиз.

Кўп қариндошларимиздан ёрдам сўраганмиз. Лекин улар ҳам ёрдам беришмади. Охири шу йўлни танлашга мажбур бўлганман. Лекин бошимга қандай кун тушса ҳам, хўжайинимни айбламайман. Чунки бу қарор ўзимдан чиққан, у киши қарши эди. Қариндошларим хабар топиб, эримга зарар етказишларидан қўрқаман.

Бу инсонга турмушга чиққанимдан афсусланмаганман. Оилавий муҳитимиз яхши жуда, қийинчилигимиз молиявий томондан. Хўжайиним жуда меҳрибон менга. Биздай қийин аҳволга тушганлар кўп, бир биз эмас.

Ҳокимият ё бошқа давлат идораларига бормаганмиз, чунки ишонмаймиз ёрдам беришига. Мусулмонлар идорасидан ёрдам сўрайлик, дедим, аммо хўжайиним кўнмади. Тўғри, хато иш қилганмиз, бунинг учун тавба қиламан доим. Бандалар хулоса чиқариб, ҳукм қилишга ҳақлимас. Хўжайиним ҳам, мен ҳам қарзларни тўлаш учун, бировнинг ҳақини бериш учун буйрагимизни сотганмиз. Агар бошқа ният бўлганда, чет элга чиқиб кетсак ҳам бўларди.

Бир томондан хурсанд ҳам бўламан бу ишдан, чунки бир одамнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Хабарлашиб турамиз, ўша одамнинг аёли жуда миннатдор бўлади доим.

Бу қилган ишимиз муаммоларга ечим бўлмас экан. Агар қайта имкон бўлганда, бунга рози бўлмас эдим. Шу йўлни тутмоқчи бўлиб юрганлар бундан қайтиши керак. Ўз тана аъзоларини сотиб муаммолардан қутулишга уринишмасин, арзимайди, дейди аёл куйиниб.

Хориждаги қатор давлатларда трансплантация операциялари яширинча ўтказилади Фото: dzen.ru

Қаҳрамонларимизнинг илтимосларига кўра, исм-шарифларини сир сақлаган ҳолда уларнинг сўзларини сизга етказдик.

Органини сотиш ниятидаги инсонлар билан суҳбатлашаркансиз, уларнинг аксарияти тўпланиб қолган қарзларидан қутулиш учун бу ишга қасд қилишганини айтишади. Гўёки бу улар учун сўнгги имкониятдек. Бироқ бугунги кўрсатувимиз қаҳрамонларимизнинг аччиқ тажрибаси бунинг аксини кўрсатмоқда.

Муаммолардан қутуламиз деб ўйлаб ўз буйракларини муҳтож беморларга пуллаган, аммо шундан кейин ҳам ҳаётлари изга тушмаган эр ва хотиннинг қисмати органини сотишни ўйлаб юрган барчага сабоқ бўлиши керак. Акс ҳолда уларни ҳам қаҳрамонларимизникидек қисмат кутиб турибди.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид