Самарқандда бир гуруҳ ҳайдовчилар йўловчи автобусни тошбўрон қилди
Kun.uz’га муштарийлар йўллаган видеолавҳа келиб тушди. Унда Оқдарё тумани Янгиқўрғон маҳалласи ҳудудида Бухоро-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи автобус бир нечта рақамсиз енгил машиналар томонидан таъқиб қилиб тўхтатилгани ва тошбўрон қилингани акс этган.
Тасвирлардан кўриш мумкинки, дастлаб йигирмадан ортиқ зўравон йигитлар автобус эшикларини очишни талаб қилишган. Шундан сўнг йўловчилари бўлган автобусга қарата тош отиб, унинг деразаларини синдиришган.
Kun.uz’га маълум қилинишича, 2023 йил 28 июл куни соат 15:30 ларда Тошкентдан Бухорога ҳаракатланаётган автобус “Дамас” машинаси билан йўл талашиб қолган. Ўртада бироз тортишув юзага келган. Шундан сўнг “Дамас” машинасининг эгаси ўз танишлари ёрдамида автобусни таъқиб қилиб борган ва Оқдарё тумани ҳудудида сиқиб тўхтатган. Шундан сўнг юқоридаги ҳолат юзага келган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев муносабат билдирди. Сагдуллаев Оқдарё тумани ҳудудида бир гуруҳ фуқаролар автобус йўлини тўсиб, унинг ойнасига тош отганлиги ҳолати сабаблари вилоят ИИБ томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Ўрганишлар якуни билан ушбу ҳолатда иштирок этган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.