Спорт | 16:42 / 30.07.2023
23094
1 дақиқада ўқилади

«Навбаҳор» Нестеров ва Аҳмедов трансферини эълон қилди

Суперлига давралар оралиғида «Навбаҳор» клуби ўз сафини кучайтиришда давом этмоқда.

Фото: Навбаҳор

Наманган клуби хабарига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров фаолиятини «Навбаҳор» клубида давом эттиради. Суперлигада трансфер ойнаси ёпилишига бир кун вақт қолганида 40 ёшли дарвозабон билан шартнома имзолангани эълон қилинди.

Ўтган мавсум Навоийнинг «Қизилқум» клуби шарафини ҳимоя қилган Нестеров 2023 йилнинг биринчи қисмида жамоасиз эди.

Шунингдек, Азимжон Аҳмедов ҳам жонажон клубига қайтди. Наманган футболи тарбияланувчиси бўлмиш Азимжон ўтган мавсумлар давомида жамоа сардори сифатида тўп сурган бўлса-да, янги мавсум аввалида Яйпаннинг «Турон» клуби сафига қўшилганди. Яримҳимоячи келишувни бекор қилиб, 2-давра олдидан Самвел Бабаян бошқарувидаги жамоа билан шартнома имзолаган.

Маълумот учун, «Навбаҳор» Суперлига 14-туридаги «Қизилқум»га қарши ўйини олдидан турнир жадвалида 29 очко билан 2-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид