Жаҳон | 11:50 / 31.07.2023
4563
2 дақиқада ўқилади

МАРда конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказилди

Агар МАР конституциясига тузатишлар қабул қилинса, мамлакатнинг амалдаги президенти Туадерада учинчи муддатга қайта сайланиш имконияти пайдо бўлади.

Фото: Barbara Debout/AFP/Getty Images

Марказий Африка Республикасида (МАР) 30 июль, якшанба куни мухолифат танқидлари остида конституцияни ўзгартириш бўйича референдумда овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.

Таклиф этилаётган тузатишлар, хусусан, президентлик лавозимини кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллашни тақиқловчи чекловни олиб ташлайди, шундан сўнг амалдаги давлат раҳбари Фаустин-Арчанге Туадера яна сайловда номзод сифатида қатнашиши мумкин. Бундан ташқари, конституцияга ўзгартириш киритилса, президентлик муддати беш йилдан етти йилгача кўтарилади, Сенат эса тугатилади, бунинг натижасида МАР парламенти бир палатали бўлади. Марказий Африка Республикасидаги мухолифат бу каби режаларни кескин танқид қилиб, референдумни «нодемократик» ва «қалбаки» деб атади.

Ўз навбатида, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти референдумда овоз бериш арафасида МАРдаги сиёсий мухолифат, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларига ҳукумат томонидан босим кучайганини таъкидлади.

Туадера биринчи марта 2016 йилда МАР президентлигини эгаллаган ва 2020 йилда қайта сайланган. Ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, ички сиёсий вазиятнинг беқарорлиги фонида у мамлакат пойтахти Бангига мунтазам равишда ҳужум амалга оширган исёнчиларга қарши курашда ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилди. 2017 йилдан бери Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарлари, маҳаллий кузатувчилар фикрига кўра, қуролли исёнчи гуруҳларга қарши курашда МАР қуролли кучларини қўллаб-қувватламоқда. 

Мавзуга оид