Ўзбекистон | 16:11 / 03.08.2023
18664
4 дақиқада ўқилади

«Темурбеклар мактабида ўқимаган болаларнинг айби йўқ» – фаоллар бир тоифа абитуриентларга балл қўшиб берилишидан норози

Фото: Президент матбуот хизмати

ОТМга кириш имтиҳонларининг биринчи кун натижалари эълон қилинди. Мандат эълон қилаётган сайтда кўриш мумкинки, максимал балл 189 балл бўлишига қарамай 200 баллдан ошиқ тўплаган абитуриентлар ҳам бор. Бу юқори баллар Темурбеклар мактаби битирувчиларига тегишли.

200 баллдан юқори тўплаганлар – Темурбеклар мактаби битирувчилари.

Қонунчиликда Темурбеклар мактаби битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа ОТМда эса 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилиши белгиланган.

Лекин уларга берилаётган имтиёз сабаб максимал баллни тўплаган абитуриент ҳам контракт асосида ўқишга кириши эҳтимоли юқори.

«Натижада ҳар йили Темурбеклар мактаби айрим битирувчиларининг баллари амалда тўплаш мумкин бўлган энг максимал 189 баллдан ҳам ошиб кетади. Яъни оддий қишлоқ мактабида ўқиган ўқувчи барча саволларга тўғри жавоб берган тақдирда ҳам, 189 балл билан контрактга кириши мумкин. Чунки ўша оддий қишлоқ боласининг ўрнини ўта замонавий шароитлардаги Темурбеклар мактабида ўқиб, имтиёз олган болалар эгаллайди.

Қани инсон қадри? Қани Конституциядаги тенглик? Қани ҳамма ёқда жар солинаётган ижтимоий адолат?

Амир Темурнинг асосий шиори адолат бўлган. У адолатни ҳар нарсадан устун кўрган. Лекин бизда Темур издошлари бўлган бўлғуси ҳарбийлар кириш имтиҳонларида адолатсизлик тимсолига айланиб қолган. Бу кулгили эмасми?» деб ёзди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

У мактаб битирувчиларига берилаётган имтиёз бекор қилинишини ёки ҳеч бўлмаганда умумий квотадан ташқари ҳисобланиши кераклигини таклиф қилди.

Блогер Шаҳноза Соатова эса оддий шароитда ўқиётган болалар ўзлари максимал балл олиб ҳам имтиёзи борлар улардан юқорироқ балл тўпласа, нотўғри бўлади деган фикрда.

«Махсус мактабларда алоҳида махсус шароитлар, яхши ўқитувчилар, таълим сифати юқори бўлса-да, яна унинг битирувчилари имтиёз билан олий таълим муассасасига кирса. Бошқа солиқ тўловчиларнинг ўзи репетиторга қатнаб ўқиган фарзандлари умиди сўнади-ку», деб ҳисоблайди Шаҳноза Соатова.

Блогер Қобил Хидировнинг фикрича, имтиёз бошқаларни камситмаслиги керак. «Бунақа адолатсиз имтиёз бекор қилиниши лозим. Темурбеклар мактабида ўқимаган болаларнинг айби йўқ», дейди у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса «Йўқолсин имтиёз!» сарлавҳали постида таълим соҳасидаги имтиёзлар фақатгина ногиронлиги бор ва ота-онасиз абитуриентлар учун ҳамда депрессив минтақаларда туғилганлар учун умуммиллий манфаатлардан келиб чиқиб, чекланган муддат давомида берилиши кераклигини таъкидлади. 

«Қолганлар имтиёз олгани ёки сўрагани уялиши керак. 

Тўрт мучангиз соғми, отангиз, онангиз кимлигидан қатъи назар, миллатингиз, жинсингизга қарамай, марҳамат қилиб, рақобатга киришинг. Курашинг. Ютинг. Ҳалоли бўлсин. Ютқазинг. Яна курашга киринг», деб ёзди у.

Маълумот учун, Қабул комиссияси баёни билан давлат олий таълим муассасаларига кириш учун 43 та турдаги имтиёз борлиги тасдиқланган.

Мавзуга оид