Тошкент вилоятида яна икки туман ҳокими ишдан бўшади
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бекобод ва Зангиота туманлари ҳокимларини ўз аризаларига биноан ишдан бўшатди. Президент видеоселекторида ушбу туманларда саноат ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетгани танқид қилинганди.
Тошкент вилоятидаги икки туман ҳокими истеъфога чиқиш учун ариза ёзган. Бу вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг 3 августда E-Qaror порталида қабул қилинган қарорларидан маълум бўлади.
Маълум бўлишича, 2 август куни Зангиота тумани ҳокими Абдиваҳоб Тамиқаев ва Бекобод тумани ҳокими Фурқат Худойбердиев ўз лавозимидан озод қилиш тўғрисида ариза ёзган. Вилоят ҳокими уларни эгаллаб турган лавозимидан озод этиб, бу ҳақдаги қарорларни халқ депутатлари туман кенгашларига юборган.
Абдиваҳоб Улашбаевич Тамиқаев 6 йилдан буён Зангиота туманига раҳбарлик қилиб келаётганди – муқаддам «Агробанк» бошқарув раиси бўлиб ишлаган Тамиқаев 2017 йил июлида ушбу туманга раҳбар этиб тайинланганди.
Фурқат Худойбердиев эса 2020 йил февралидан буён Бекобод тумани ҳоким эди. Унгача Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.
2 август куни Тошкент вилоятига сафар доирасида ўтказилган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимининг камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев, Қибрай тумани ҳокими Мирагзам Қосимов ва Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашевни ишдан олганди.
Йиғилишда Янгийўл тумани, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарларида тўқимачилик маҳсулотлари, Зангиота ва Юқори Чирчиқда электротехника маҳсулотлари, Олмалиқ шаҳрида қурилиш материаллари экспорти ўтган йилга нисбатан камайгани қайд этилганди.
Шунингдек, сўнгги уч йилда саноат маҳсулотлари Бекобод туманида 3,6 фоизга камайгани, шу даврда Зангиотанинг вилоят саноатидаги улуши 8,3 фоиздан 3,5 фоизга камайгани танқид остига олинганди.
Мавзуга оид
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
16:16 / 17.12.2024
Тошкент вилоятида 8,7 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех фош этилди
20:14 / 16.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
21:41 / 14.12.2024