Спорт | 10:13 / 07.08.2023
26357
6 дақиқада ўқилади

Месси яна ҳал қилди. «Интер Майами» жар ёқасидан қутқарилди

Аргентиналик футболчи «Даллас»га қарши кечган ақл бовар қилмас ўйинда тўрт голда иштирок этди ва жамоасини чоракфиналга олиб чиқди.

Фото: Getty Images

Лигалар кубоги. 1/8 финал
7 август. «Тойота Стэдиум», Фриско.
«Даллас» — «Интер Майами»
— 4:4 (2:1). Пеналтилар серияси — 3:5
Голлар: Месси, 6 (0:1). Кинон, 37 (1:1). Камунго, 45 (2:1). Веласко, 63 (3:1). Кремаски, 65 (3:2). Тэйлор, 68, автогол (4:2). Фарфан, 80, автогол (4:3). Месси, 85 (4:4)

Тезкор гол — тизимга айланди

Лигалар кубоги плей-оффининг дастлабки ўйинида (1/16 финал доирасида «Орландо Сити»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобида якунланган ўйин) Лионел Месси қаттиқ ҳиссиётга берилиб ўйнади ва рақиб футболчилари билан тортишувларга киришди, тўп учун кураш вақтида кескин ҳаракатлар амалга оширди. «Орландо» мураббийи Оскар Пареха эса ўйиндан кейин аргентиналик футболчи иккинчи сариқ карточкани олиб майдондан четлатилишга лойиқ ўйин кўрсатганини ҳам айтганди: «Менга фарқи йўқ, у Месси бўладими бошқами!».

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак — Леони охирги бор бундай ҳиссиётли ҳолатда Қатардаги жаҳон чемпионатида кўргандик. У ўз орзусига етиш йўлида майдонда бор сеҳрини ишга солган, ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагидан кейин Луи ван Гаални уришга тайёр бўлган, кейин ўйиндан кейинги интервюсида нидерландиялик фахрий мураббий манзилига ўз сўзларини йўллаган ва ниҳоят Вегҳорстни аҳмоқ деб атаганди. У бутун вужуди билан ғалабага интилганди.

У билан бунга ўхшаш ҳолатлар ғалабали Америка Кубогида ва «Барселона»да ўйнаган вақтида рўй берарди, аммо «ПСЖ»да ҳеч қачон бунақа бўлмади. Париж ва Месси бир-бирига умуман мос келмади ва томонлар охиригача бир-бирига бегона бўлиб қолишди. Энди эса — том маънода бир қарашда севги. Буни изоҳлаш мумкин, чунки ҳозир Лео Саудиянинг миллионларидан воз кечиб, бу клубни ўзи танлади, икки йил олдин эса унда Париждан бошқа вариант бўлмаганди.

Аргентиналик футболчининг «ПСЖ»да фаолияти бошланиши ҳам шунга яраша нурсиз бўлганди, француз чемпионатини МЛС билан солиштириш тўғри бўлмаса ҳам, барибир бир нарса яққол кўриниб турибди — «Интер Майми»да у ўзини жуда қулай ҳис қилмоқда. Бундай вазиятда Америка лигасининг асосий юлдузи мухлисларни куттирмайди ва голлар конвейердан чиққандек урилаверади.

«Атланта» мудофааси аргентиналик даҳо қаршисида 8-дақиқада таслим бўлганди. «Орландо» етти дақиқа чидаб берди, «Даллас» эса олтинчи дақиқадаёқ ўйинни майдон марказидан қайтадан бошлашига тўғри келди. Аниқроғи, бироз кейинроқ, чунки ҳакам мониторга бориб қарашига ва ўзининг офсайд тўғрисидаги хато қарорини бекор қилишига тўғри келди, чунки Хосеф Мартинес умуман дарвоза рўпарасида эмасди ва дарвозабонга халақит бергани йўқ.

Бу қандайдир суғур кунига ўхшайди, унда фақат рақиблар ва ассистентлар алмашгандек. Бу ўйинда Жорди Албанинг навбати келди, ўзи эътироф этишича, уни Лео билан алоҳида алоқа боғлайди. Испаниялик олдинга ташланиб, майдон чизиғидан ўтиб кетаётганида тўпни ортга қайтарганида у эски дўсти керакли паллада орқадан келиб очилишини ҳис қилиб турарди. Месси ва Алба бир сафар класикода шундай гол уюштиришганди, «Даллас» эса — «Реал» каби қийин рақиб эмас.

Албанинг икки паси ва шедевр

Аммо «Интер Майами» ҳам «Барселона» эмас, гарчи жамоада биринчи гол ташкилотчиларидан ташқари Бускетс бор бўлса ҳам. Техасликлар меҳмонлар ҳимоясини илк дақиқалардан тўзитиб юборган ва лиганинг ёрқин форвардларидан бири, яқинда КОНКАКАФ Олтин Кубогида икки бор ҳет-трик қайд этган Хесус Феррейранинг голи фақат микроскопик офсайд туфайли бекор қилинди.

Шундай экан, «Даллас» биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган бўлса ҳам тушкунликка тушмади ва Мессининг дарвозабон устидан ошириб ташлаган зарбаси дарвоза чизиғи устида ҳимоячи томонидан тўхтатиб қолинганидан кейин узил-кесил ўзига келди. Натижада танаффусгача ўйин 180 даражага ўзгарди ва «қарқаралар» жамоаси янги эрасида илк бор ҳисобда ортда боришига тўғри келди. Жамоада ҳисобни тенглаштириш учун имкониятлар етарли эди, аммо Гомес ўз сардорининг пасини йўққа чиқарди, Бускетсга ҳам зарба беришда маҳорат етишмади, табиийки унга ҳам вазиятни Месси яратиб берганди, аммо у тўпни дарвоза тўсинидан ўтказиб тепди.

Кейинроқ у Алба билан биргаликда иккинчи бўлимда майдонга чиққан Кремаскининг голини ташкиллаштириб беришди. Фақат бу вақтга келиб «Интер» стандарт вазиятдан учинчи голни ўтказиб юборишга улгурганди, Кремаскининг голига ҳам «Даллас» тезкор қарши ҳужум билан жавоб қайтарди, аввалги ўйинларда ёрқин ўйин кўрсатган Тэйлор бу ўйинда ўз жамоаси дарвозасин ишғол этиб қўйди - 2:4.

Тўртинчи гол ўтказиб юборилганидан кейин эртак ниҳоясига етгандек кўринганди, аммо таркибда сеҳргар футболчи борлигида барчасининг иложи бўлади. Унинг магияси жарима зарбаси ижро этилганида рақиб футболчиси бош билан кучли зарба бериб ўз дарвозасини ишғол этишига олиб келди. Ўйин охирлаб қолганида эса Леонинг навбатдаги идеал жарима зарбаси ҳисобни тенглаштирди (бу унинг штатларда иккинчи бор жаримадан гол уриши бўлди). Ғалабали пеналтилар сериясини ҳам сардор аниқ зарба билан бошлаб берди.

Сеҳргарлик сеанси давом этади. Мессининг Америкадаги илк соврини учун учта ўйин қолди. Лигалар кубоги чоракфинали — жумага ўтар кечаси бўлиб ўтади.

Мавзуга оид