Ўзбекистон | 15:52 / 07.08.2023
10546
6 дақиқада ўқилади

Хўжайлида темирйўлчилар касалхонаси наркодиспансерга айлантириляпти. Ходимлар ишсиз қолишдан хавотирда

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида жойлашган 70 йиллик тарихга эга 120дан ортиқ ходим ишлайдиган касалхона ихтисослиги йўқ деб ёпиб юбориляпти. “Ўзтемирйўл” бино ССВ балансига ўтказилиши, ходимлар иш билан таъминланишини айтмоқда, бироқ ишчилар бунга ишонмаяпти.

Фото: KUN.UZ

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида “Ўзтемирйўл” АЖ балансида бўлган Хўжайли касалхонаси ССВга ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарнинг активларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган. Бироқ касалхона ходимлари ва темирйўлчилар қарордан кескин норози эканини Kun.uzʼга маълум қилди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш учун таҳририят “Ўзтемирйўл” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, Хўжайли касалхонаси ихтисослиги бўлмагани учун Давлат бошқаруви органлари ва маҳалий ижро этувчи ҳокимият органларига кейинчалик самарали фойдаланиш учун давлат мулки сифатида 0 баланс қийматида оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул ўтказиладиган объектлар рўйхатига киритилган.

Шунингдек, шифохона номи Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш бирлашмасига қарашли Наркология илмий текшириш институтининг Тахиятош филиали номига ўзгаради.

Лекин темирйўлчилар бу касалхонада бепул даволаниб, тиббий кўриклардан ўтиб келаётганини айтишмоқда. Уларнинг билдиришича, Хўжайли касалхонасида фақат туманнинг ўзи эмас, Қораўзакдан бошлаб Шуманай туманигача бўлган ҳудудда яшаб ишлайдиган 2200га яқин темирйўлчи даволаниб келади.

“Бизга бу ер жуда қулай эди. Агар бу ер ёпилса Қўнғирот ёки Урганчдаги темирйўлчилар касалхонасига 100 километр йўл босиб боришимизга тўғри келади”, – дейди темирйўлчи Тўлқин Авезов.

Шу ўринда “Ўзтемирйўл” АЖнинг касалхонани ихтисослиги бўлмагани учун ёпиляпти деган важи ҳам унча ишончлига ўхшаб кўринмаяпти. Чунки Қорақалпоғистонда 1та эмас, 3та темирйўлчиларга хизмат кўрсатадиган шифохона бор. Агар ёпиладиган бўлса, улар ҳам ихтисослиги йўқлиги учун ёпилиши керак эмасми?

Маълумот учун, касалхона 1 кунда 150 қабулга мўлжалланган. 30 койкали стационари бор. Шунинг 20таси темирйўлчилар учун бепул ва қолган 10таси оддий аҳоли учун пулли хизмат кўрсатади.

Бу касалхонанинг наркодиспансерга айлантирилиши ҳақидаги гаплар шифохона ходимларини хавотирга соляпти.

Яқинда мажлис қилиб, касалхона ёпилса, ходимларни тумандаги поликлиникаларга тарқатиб юбориш, уларга иш топиб бериш ҳақида айтишди. Лекин биз бу гапга ишонмаймиз. Чунки бизда 120 ишчи ишлайди. Унинг ичида шифокорлар, ҳамширалар ва техник ходимлар ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси ССВ таркибига ўтиб, вазирлик уларни ишга жойлаштиришга ваъда берди. Айтишларича, бизга Хўжайли, Тахиатош ва Нукус туманларидан иш топиб беришар экан. Бироқ у туманлардаги шифокор ходимларнинг ўзи иш йўқлигидан 0,25 фоизда ишлашади. Энди бизни қандай қилиб у ерга 1 ставкага олишлари мумкин. Биз ишсиз қолишимиз аниқ”, – дейди тиббиёт статисти Гуландом Эшниёзова.

“Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг берган жавобига кўра, Хўжайли касалхонасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилиши касалхонада фаолият юритаётган барча ходимларнинг штат бирликлари сақлаб қолинган ҳолатда амалга оширилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.У.Эрманов тегишли вазирликларга топшириқ берган (жумладан, молия вазирига).

Фаолият юритаётган ходимларнинг иш штати сақланган ҳолда моддий-техник базаси билан ўтказилиши ҳақида зудлик билан қарор чиқариш бўйича топшириқ берган”, – деди АЖ матбуот хизмати раҳбари. Бироқ шифокорларнинг айтишича, масъуллар билан ўтган мажлисда ходимларга аниқ гап айтилмаган.

Соғлиқни сақлаш бошқармасидан, темирйўлларда, Касаба уюшмасидан ҳам одам келди, лекин бизга аниқ гап айтишмаяпти. Бу ерда 80-90 фоиз аёллар ишлашади ва улар уйининг ягона боқувчиси. Улар ишидан айрилса, оиласини ким боқади?”, – деди Эшниёзова.

Бу гапни поликлиникада ишлайдиган бир неча ходим ҳам тасдиқлади.

Мен турмуш ўртоғим билан ишлайман. Ўзим фаррош, эрим сантехник. Оилада биздан бошқа киши ишламайди. Агар биз шу ишимиздан ҳам ажралсак, қаердан иш топамиз? Хўжайлида иш йўқ. Бошқа туманга юборай деса, энг яқини 25-30 километр. Ҳар кун қатнасак, ойлигимиз йўлкирага кетади-ку”, – дейди шифохона фаррошларидан бири.

Шунга ўхшаш гапни шифохона бош шифокор ёрдамчиси Жангабаев Абад ҳам айтди.

Бизда 57нафар ўрта тиббий ходим бор. Ҳақиқатан ҳам ўрта тиббий ходимлар ва кичик тиббий ходимларни ишга жойлаштириш масаласи қийин бўлиб турибди. У ходимлар бу ерда 1 ставкада ишларди. Ундан ташқари, бу ерга Хўжайлига қўшни бир нечта тумандан темирйўлчилар келиб даволанади. Бизнинг шифохонани қўшни туманларга бўлиб ташлашмоқчи, у ерга қатнаб ишлаш бизга муаммо туғдиради. Чунки 20-25 километрга бориб ишлашимизга тўғри келади”, – дейди касалхона бош врачи ўринбосари.

Бундан ташқари, шифокорлар аҳоли пунктлари ўртасида наркодиспансер қуриш тўғри эмаслигини айтишяпти.

Бу ерда аҳоли кўп яшайди. Аҳоли пунктлари ичида жойлашган. Бунақа жойда наркодиспансер қўйиш ҳам хато”, – дейди Эшниёзова.

“Ўзтемирйўл”АЖ касалхонани ихтисослиги йўқ деган важ билан ВМ қарорига киритишни ким таклиф қилгани, касалхонани ташкилот балансида тутиб қолишга нима тўсқинлик қилгани ҳақида таҳририят саволларини очиқ қолдирди.

Бундан ташқари, Kun.uz ССВга ҳам касалхона ишчиларининг барчаси учун штат бирлиги сақланиб қоладими, касалхона наркодиспансерга айлантирилса, ихтисослиги бўлмаган шифокорлар у ерда қандай ишлайди деган саволлар билан мурожаат юборган. Бироқ вазирлик ҳали жавоб берганича йўқ.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz

Мавзуга оид