Жаҳон | 13:52 / 11.08.2023
12038
4 дақиқада ўқилади

Фото: Ҳавайи оролларида ўрмон ёнғинлари, 53 киши ҳалок бўлди

Ҳавайи оролларини қамраб олган ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 53 киши ҳалок бўлди. Сайёҳлар орасида машҳур бўлган, Ҳавайи архипелагидаги йирик ороллардан бири ҳисобланмиш Мауи ороли жиддий жабр кўрган. Штат вице-губернатори ёнғинларни мисли кўрилмаган деб атади.

Фото: Reuters

Ёнғинни кучли жазирама ва қурғоқчилик келтириб чиқарган, Тинч океани узра, ороллардан юзлаб километр жанубда шиддат билан ҳаракатланаётган «Дора» бўронидан ҳосил бўлган кучли шамол эса олов тез тарқалиши учун қулай шароит ҳосил қилмоқда.

Президент Байден маъмурияти пайшанба куни Ҳавайидаги ёнғинларни «йирик фалокат» деб эълон қилди. Бу мақом берилиши ёнғин ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун федерал кучлар ва воситалар ташланишини англатади.

Фото: Reuters

Расмийлар маълумотига кўра, олов 1700 дан ортиқ уйни вайрон қилган; 11 минг киши электр таъминотисиз қолган, 2 мингдан ортиқ киши тунни вақтинчалик бошпаналарда ўтказган.

Расмийлар қурбонлар сони ўсиши мумкинлигини қайд этишмоқда.

Жорий йил ёзида Американинг кўплаб штатларида, шунингдек Европа ва Осиёда сайёрадаги иқлим ўзгаришлари ва бошқа омиллар натижасида юзага келаётган иссиқ об-ҳаво қайд этилмоқда.

Ҳавайидаги ўрмон ёнғинлари Калифорния ва АҚШнинг материк қисмидаги бошқа штатларидаги каби катта кўламда эмас, аммо маҳаллий аҳоли вакиллари бунақасини ҳали кўришмаганини айтишмоқда.

«Мен вазиятни драмалаштирмоқчи эмасман, аммо, менимча, Мауида ҳали бунақаси рўй бермаганди, – деган AFP нашри билан суҳбатда маҳаллий сёрфинг мактаби раҳбари. – Ёнғинлар бу қадар катта ҳудудларни қамраб олиши одатий ҳолат эмас, бутун ороллар бўйлаб ёнғин бўлмоқда».

Энг катта вайронгарчиликлар Лахайна шаҳрига тўғри келган. Олов шаҳарни деярли буткул яксон этган, кўплаб бинолардан фақат қолдиқлар қолган.

«Биз [қочишга] базўр улгурдик», – деган Associated Press агентлигига Лахайнада яшовчи Кеаумоку Капу.

Сешанба куни соат 16 атрофида унинг рафиқаси шаҳардан кетиш кераклигини айтиб туриб олганди.

Шундан кейин, унинг сўзларига кўра, «барчаси остин-устун бўлиб кетган» – шамол тинимсиз кучайиб борган.

Капу рафиқаси билан машинага чиқиб, жўнаб кетаётганида уларнинг уйидан икки квартал наридаги уйлар олов ичида қола бошлаганди.

«Биз ўгирилиб қараганимизда, олов бизнинг биноларга ҳам ўтганди. Барчаси жуда тез бўлиб кетди», – деган у AP нашрига.

Улар оролнинг жанубий соҳилидаги Маалеа шаҳарчасига келишган ва тунни машинада ўтказишган.

Сунъий йўлдошдан олинган тасвирда Лахайна шаҳридаги ёнғинлар кўлами акс этган.

АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати хабарига кўра, маҳаллий аҳоли вакилларидан 12 киши сувдан чиқариб олинган, улар ёнғинлардан қочиб, ўзини океанга ташлаганди.

Пайшанба куни тонгда расмийлар сайёҳларни Мауининг  ғарбий қисмидаги Кахулуи аэропортига оммавий эвакуация қила бошлади.

Southwest Airlines авиакомпанияси Ҳавайига рейслар сонини оширган.

COPERNICUS SENTINEL-2/REUTERS

Бутун Ҳавайи архипелагига номи берилган Катта оролда ҳам бир неча ёнғин ўчоқлари пайдо бўлган

Мауи округи мэри Ричард Биссен журналистларга ўрмон ёнғинлари тарқалишига узоқ давом этган қурғоқчилик сабаб бўлаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат «бир вақтнинг ўзида бунча кўп миқдорда ёнғинлар пайдо бўлишини кутмаганди» ва натижада турли жойлардаги ресурсларни жалб этишга тўғри келмоқда.

Мауидаги Лахайна соҳилининг вертолётдан кўриниши. Фото: AIR MAUI HELICOPTERS/REUTERS

Ҳавайи ороллари вице-губернатори Силвия Люк қутқарувчиларнинг ҳаракатларига юқори баҳо берган. «Бу Ҳавайини чиндан алоҳида жойга айлантирди», – деган у фавқулодда хизматларнинг жамоавий ишига ишора қилиб.

Унинг сўзларига кўра, етказилган зарарни тўлиқ баҳолаш учун «ҳафталар, балки ойлар» кетиши мумкин.

Мавзуга оид