Жаҳон | 08:47 / 11.08.2023
10086
2 дақиқада ўқилади

Virgin Galactic дастлабки сайёҳларни космос чеккасига олиб чиқди

Космик кема бортида 80 ёшли британиялик ҳамда лотереяда парвозни ютиб олган Антигуа ва Барбудадан бўлган она ва қиз бор эди. Парвоз давомийлиги 45 дақиқани ташкил қилди. 

Фото: AP

Миллиардер Ричард Брэнсон асос солган Virgin Galactic космик компанияси 10 август, пайшанба куни космик сайёҳлардан иборат биринчи экипажини коинот чеккасига муваффақиятли етказди ва уларни Ерга қайтарди. Парвоз компаниянинг YouTube-каналида трансляция қилинган. 

SpaceShipTwo (VSS Unity) бошқариладиган космик кемаси Нью-Мексикодаги «Америка» космодромидан ҳавога кўтарилган WhiteKnightTwo эгизак корпусли кучайтирувчи самолётдан учирилди. Космолетнинг ташувчидан чиқарилиши 15 км баландликда амалга оширилди, шундан сўнг у тахминан 88 км баландликка кўтарилди, бу ерда вазнсизлик бошланади. Парвоз давомийлиги 45 дақиқани ташкил қилди. 

Уч космик сайёҳ 

Бортда олти киши - Virgin Galactic бош астронавтлар йўриқчиси Бет Мозес, қўмондон Си Жей Старкоу, учувчи Келли Латимер ва уч сайёҳ - Паркинсон касаллигидан азият чеккан 80 ёшли собиқ британиялик спортчи Жон Гудвин, Кейша Шахафф ва унинг қизи Анастейша Майерс бўлган. Сўнгги иккиси Антигуа ва Барбудадан бўлиб, хайрия лотереясида учиш ҳуқуқини қўлга киритган. 

Космик кема парвози Ричард Брэнсоннинг қарийб 20 йил олдин сайёҳларни коинотга олиб чиқиш ва уларга вазнсизликни бошдан кечириш ҳамда Ер сайёрасини кўриш имкониятини бериш ҳақидаги ваъдасининг якуни бўлди. 

Бу Virgin Galactic учун коинот четига иккинчи тижорат парвозига айланди. 29 июн куни ушбу компания олти кишидан иборат экипажни муваффақиятли учирди ва Ерга қайтариб олиб келди, улар орасида икки учувчи, Италия ҲҲК икки ходими, Италия Миллий тадқиқот кенгаши муҳандиси ва Virgin Galactic ходими бор эди. Улар бир неча дақиқани вазнсизликда ўтказди. Бу тадқиқот миссияси эди - италияликлар бир нечта тажрибалар ўтказиб қайтди. 

Мавзуга оид