Спорт | 17:32 / 14.08.2023
39794
13 дақиқада ўқилади

Неймар кетди, Мбаппе қайтди. Сўнгги трансфер хабарлари 

«Реал» дарвозабон муаммосини ҳал қилди, «ПСЖ» ҳужум чизиғини кучайтиришда давом этмоқда. Қуйида сўнгги куннинг асосий трансфер янгиликлари.

Неймар ҳам Саудия клубига ўтмоқда

Бугунги кунда трансферлар дайжестини Саудия Арабистони иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сафар эса Яқин Шарқ билан боғлиқ бир неча янгиликлар бор. Хусусан, Неймарнинг «Ал-Ҳилол»га трансфери масаласи ҳал бўлди. Фабрицио Романо машҳур ибораси орқали тасдиқлади — here we go!

Неймар шанба куни «ПСЖ»нинг «Лорян»га қарши учрашуви қайдномасига ҳам киритилмаганди.

Якшанба куни RMC Sport нашри «ПСЖ» саудияликларнинг 31 ёшли бразилиялик трансфери бўйича таклифини қабул қилганини хабар қилди. Унда гап 90 миллион евро ҳақида бораётгани, бонуслар ҳисобига бу сумма 120 миллион еврога етиши мумкинлиги айтилганди. Романо эса парижликларга трансфер учун 100 миллион евро тўланишини билдирди.

L’Équipe хабарига кўра, футболчи ва «Ал-Ҳилол» раҳбарияти икки йиллик шартнома бўйича келишувга эришган. Унга кўра, Неймар янги клубида икки мавсум учун 160 миллион евро ишлаб олади.

Неймар ўтган мавсум Франция чемпионатида 20 ўйинда 13 та гол урган ва 11 та ассист муаллифи бўлган. У Париж клубига 2017 йил рекорд даражадаги 222 млн евро эвазига «Барселона»дан келиб қўшилганди.

Футболчи бугуннинг ўзида янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтади. 

Аввалроқ Неймар «Барселона»га қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо каталонияликлар клуби ҳозирги ҳолатида бундай трансфер амалга ошира олмасди.

Мбаппе «ПСЖ»нинг асосий таркибига қайтди, у билан шартнома узайтирилади

Ёзги трансферлар ойнасининг асосий достони Килиан Мбаппе атрофида кечмоқда. Уч ҳафта олдин «ПСЖ» юлдузли футболчисини таркибдан четлатганди, энди эса, Франция чемпионати 1-турида «Лорян»га қарши голсиз дурангдан кейин форвардни таркибга қайтаришди.

The Athletic хабарига кўра, парижликлар клуби Мбаппе билан шартномани узайтиришга умид қилмоқда, L’Équipe маълумотига кўра, футболчи текинга кетмасликка ваъда берган.

Клуб футболчи билан «самарали ва ижобий руҳдаги музокаралар» бўлиб ўтганини маълум қилди.

Журналист Абдел Булманинг хабарига кўра, Мбаппе энди «ПСЖ» билан шартномани 2025 йил ёзига қадар узайтиришга рози. Футболчининг бунинг учун кейинги йил ёзида «Реал»га трансфери кафолатланишини талаб қилмоқда.

«ПСЖ» Мбаппени ўзининг янги лойиҳасида ҳам марказий фигура сифатида кўрмоқда. Клуб бунгача вингер Усмон Дембеле ва ҳужумга фаол қўшилувчи қанот ҳимоячиси Люк Эрнандесни, шунингдек португалиялик ҳужумчи Гонсалу Рамушни таркибига қўшиб олганди. Парижликлар Франция миллий жамоаси ҳужумчиси Рандал Коло-Муани билан ҳам фаол музокара олиб бормоқда.

Мбаппе аввалроқ раҳбариятдан юлдузли футболчилар трансферини талаб қилганди. Le Parisien хабарига кўра, француз янги трансферлардан хурсанд ва унга «ПСЖ» раҳбарларининг ҳаракатлари маъқул келмоқда.

«Челси» Кайседони «Ливерпул»дан илиб кетди

«Челси» яқин вақтлар ичида АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо трансферни эълон қилиши кутилмоқда, клуб «Брайтон» ҳавбеки Мойсес Кайседо учун 115 миллион фунт тўлашга рози. Бу маълумотни Фабрицио Романо тасдиқлаган.

Клублар келишувга эришишга яқин.

Аввалроқ The Athletic Кайседо жума куни «Ливерпул» учун тиббий кўрикдан ўтгани, мерсисайдликлар 110 миллион фунт (133 миллион евро) таклиф қилгани ҳақида хабар берганди. 21 ёшли эквадор келаётганини АПЛ 1-тури арафасида журналистлар билан мулоқот қилган Юрген Клопп ҳам тасдиқлаганди.

Аммо «Челси» «Ливерпул»никидан каттароқ таклиф берди ва футболчининг ўзини ҳам кўндирди. Романонинг хабарига кўра, Кайседо ўз клуби раҳбарларига айнан Лондон клубига ўтишни истаётганини билдирган. Натижада «Ливерпул» музокаралардан чиққан.

Liverpool Echo нашри эса «Челси» ушбу таянч яримҳимоячиси учун шунча маблағ тўласа, молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани учун УЕФА санкцияларига учраши мумкинлигини ёзган.

Айрим тафсилотлар ҳам «Челси» учун хавф мавжудлигини кўрсатади, клуб «Брайтон»га трансфер доирасида ўзининг бир неча футболчиларини беришни таклиф қилган, аммо бундай шарт бўйича келишувга эришиш имкони бўлмаган. «Брайтон» Кайседо учун фақат пул олмоқчи ва бу пуллар бирданига тўлиқ тўлаб берилишини талаб қилмоқда.

«Барселона» Феликс билан шартнома тузишга ҳаракат қилади

Усмон Дембелени «ПСЖ»га қўйиб юборган, унинг ўрнига келиши кутилган Неймар эса «Ал-Ҳилол»га кетаётгани туфайли «Барселона» ҳужум чизиғини кучайтириш учун эътиборини бошқа трансфер нишонига қаратди. Инсайдер Фабрицио Романога кўра, каталонияликлар Мадриднинг «Атлетико» клуби билан ҳужумчи Жоау Феликс бўйича музокараларни қайта тиклаган.

«Барса» аввалроқ Неймар вариантини кўриб чиқаётганди, аммо бразилиялик ҳужумчи Саудия Арабистони клубини танлади. Феликс эса июл ойида «Барселона»га ўтиш ниятини билдирганди: «Мен буни болалигимдан орзу қиламан», — деганди 23 ёшли португалиялик.

Август ойи бошида испан нашрлари «Барселона» мураббийи Хави Феликс номзодига қарши эканини ёзиб чиққанди. Аммо раҳбарият барибир ушбу футболчини олиб келиш вариантини ўрганмоқда. Клуб уни фақат ижарага олиши мумкин, чунки каталонияликларда тўлақонли трансфер учун маблағ йўқ.

Манчини кутилмаганда Италия миллий жамоасини тарк этди

Италия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини Евро-2024 стартига 10 ой вақт қолганида лавозимини тарк этди. Бу миллий жамоа натижалари билан алоқадор эмас.

Италиялик журналист Николо Ширанинг хабарига кўра, у Саудия Арабистони миллий жамоаси бошқарувига келиши мумкин. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, унга саудияликлар йилига 40 млн евролик маош таклиф қилишган.

Ўз навбатида, Италия миллий жамоаси бошқарувига ўтган мавсум якунида «Наполи»дан кетган Лучано Спаллетти асосий номзод бўлиб турибди.

«Тоттенҳэм» Лукакуни олмоқчи

«Челси» Лукакудан қутула олмаяпти, футболчи эса жамоа машғулотларида ҳам иштирок этмаяпти. Аввалига «Интер» билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолганди, кейин эса «Ювентус» билан ҳам келишишнинг имкони бўлмади. Қолаверса, Туриндаги фанатлар бундай трансферга кескин қарши чиқишди. Энди эса шу кунларда Ҳарри Кейнни «Бавария»га сотган «Тоттенҳэм» ушбу футболчи бўйича «Челси»га алоқага чиққан.

Расман эълон қилинган трансферлар

Кепа «Бавария» ўрнига «Реал»ни танлади

«Реал» «Челси» дарвозабони Кепа Аррисабалага трансферини эълон қилди. Испаниялик дарвозабон ўтган ҳафтада тиззасидан жиддий жароҳат олиб, деярли мавсум охирига қадар сафдан чиққан Тибо Куртуа ўрнига таклиф этилган.

«Реал» Кепани сотиб олиш шартисиз бир йилга ижарага олган.

Бир кун олдин «Бавария» бош директори Ян-Кристиан Дризен Кепа Мадрид клубига ўтиш учун мюнхенликлар таклифини рад этганини айтганди. У «Челси»нинг «Ливерпул»га қарши АПЛ 1-тур ўйинига заявка қилинмаганди.

Ундер «Фенербаҳче»га ўтди

Туркиялик вингер Денгиз Ундер «Марсел»дан «Фенербаҳче»га ўтди. 26 ёшли футболчи янги клуби билан 4 йиллик шартнома имзолаган. Transfermarkt маълумотига кўра, трансфер суммаси 15 миллион еврони ташкил этган.

Аввалроқ ушбу футболчига «Зенит» қизиқиш билдираётгани айтилганди, петербургликлар «Ал-Ҳилол»га сотилган Малком ўрнига футболчи қидирмоқда.

Адама Траоре «Фулҳэм»га ўтди

Бир неча йил олдин Траоре АПЛ ҳимоячиларининг даҳшатли тушига айланган ва ўзи тарбияланган «Барселона» назарига тушиб, у ерда бир йил ижара асосида ўйнаб келганди. Энди эса у ўртамиёна «Фулҳэм» сафида ўйнайди. 27 ёшли универсал қанот футболчиси «Вулверҳэмптон»ни эркин агент мақомида тарк этиб, Лондон клубига йўл олди. Футболчи билан икки йиллик шартнома тузилган, келишувга кўра шартнома муддати яна бир йилга узайтирилиши мумкин.

Диего Коста ўзига янги клуб топди

34 ёшли ҳужумчи Диего Коста яна Бразилияга қайтди. У ўз фаолиятини ўсмирлар даражасида шу ерда бошлаган, 2020 йилда «Атлетико»дан кетганидан кейин ҳам ватанига қайтиб, «Атлетико Минейро»да бир мавсум ўйнаганди. «Вулверҳэмптон»да ишлари юришмаган тажрибали футболчи энди «Ботафого»да ўйнайди. У билан 2023 йил охирига қадар шартнома тузилган.

Чемберлен – «Бешиктош» футболчиси

Алекс Окслейд-Чемберлен Туркия чемпионатига кўчиб ўтди. Англиялик 29 ёшли футболчи «Бешиктош» клуби билан 2026 йил ёзига қадар шартнома имзолади. У «Ливерпул»даги 6 йиллик фаолиятидан кейин ўтган мавсум охирида эркин агентга айланганди.

Окслейд-Чемберлен фаолияти давомида «Саутҳемптон» ва «Арсенал» клубларида ҳам тўп сурган. У ўтган мавсум ливерпулликлар сафида АПЛда 9 ўйинда битта голга муаллифлик қилганди.

Трансферлар бозорида яна нима гаплар?

«ПСЖ» яна бир ҳужумчи олмоқчи

Парижликлар клуби ҳужум чизиғи учун аллақачон Дембеле ва Рамушни трансфер қилган, энди эса яна бир ҳужумчи бўйича келишувга эришмоқчи. Гап Бундеслигада ўтган мавсумнинг энг ёрқин футболчиларидан бири – «Айнтрахт» форварди Коло Муани ҳақида бормоқда. Журналист Флориан Плеттенбергга кўра, француз билан аллақачон шахсий шартнома бўйича келишувга эришган, немислар клуби эса бонуслардан ташқари 100 млн евро олишни истамоқда.

Магуайр барибир «Вест Ҳэм»га ўтади

«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Ҳарри Магуайр фаолиятини «Вест Ҳэм»да давом эттиради. Фабрицио Романо маълумотига кўра, клублар 2019 йилда дунёнинг энг қимматбаҳо ҳимоячиси бўлган футболчини 35 млн еврога трансфер қилиш бўйича келишувга эришган. Шу манбанинг ўзи «МЮ» энди уч ҳимоячи –  Бенжамен Павар («Бавария»), Жан-Клер Тодибо («Ницца») ва Эдмон Тапсобе («Байер») вариантини кўриб чиқаётганини айтган.

Павар «МЮ»га ўтишни истамоқда

«Бавария» ва Франция миллий жамоаси ҳимоячиси Бенжамен Павар «Манчестер Юнайтед»га ўтишни истамоқда, деб хабар берди Sky Sports мухбири Кавеҳ Солекол. 27 ёшли француз инглиз клубига ўтиши учун ўзига боғлиқ барча ишни қилишга тайёр.

Журналист Флориан Плеттенбергга кўра, «МЮ»нинг шу кунларда Павар бўйича юборган илк таклифи «Бавария» томонидан рад этилган. Аввалроқ Англия клуби француз учун 30 миллион евро тўлашга тайёрлиги хабар қилинганди.

L'Equipe маълумотига кўра, Павар — «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг учун Ҳарри Магуайр ўрнига устувор вариант сифатида кўрилмоқда.

«Ал-Аҳли» Зелински билан музокара ўтказмоқда

«Наполи» яримҳимоячиси Петр Зелински Саудия Арабистони чемпионатига ўтиши масаласи бир неча ойдан буён муҳокама этилмоқда. Аввалига унинг «Ал-Ҳилол»га трансфери ҳақида гап кетганди, энди эса асосий футбол инсайдери Фабрицио Романо поляк бошқа клуб – «Ал-Аҳли»га ўтишга яқин эканини айтмоқда. Хабар қилинишича, музокаралар якуний босқичда, футболчи билан шахсий шартнома эса аллақачон келишиб бўлинган.

Мавзуга оид