Спорт | 19:41 / 15.08.2023
31142
13 дақиқада ўқилади

133 миллион еврога «саккизоёқ». АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланган Кайседо ўзи ким?

16 ёшида фаолиятини тугатиши мумкин бўлган, Кантега ҳавас қилган.

Фото: Global Look Press

Бу ёзда ҳафталар мобайнида диққат марказида турган шов-шувли трансферлар кўп бўлмоқда. Кутилган катта трансферлардан қайсиларидир амалга ошиб бўлди, масалан Ҳарри Кейн «Бавария»га ўтди — мюнхенликлар барибир «Тоттенҳэм»ни кўндира олди, Англия миллий жамоаси сардори эса Германияда «Лейпциг»га қарши Суперкубок ўйинида дебют қилишга ҳам улгурди. Қайсиларидир ҳали ҳал бўлмаяпти, Килиан Мбаппе билан боғлиқ вазият, афтидан, август ойи охиригача ноаниқ қолади, охирги хабарларга кўра эса, у кейинги мавсумда ҳам Парижда қолиши мумкин. Бу фонда Мойзес Кайседо билан боғлиқ вазият бироз сезилмай қолди, аммо бу трансфер сюжетини кино қилса бўлади.

«Брайтон»нинг 21 ёшли яримҳимоячиси — анчадан буён Англия топ-клублари нишонида турганди. Январ ойида эквадорлик футболчини «Арсенал» ўз сафига қўшиб олишга қаттиқ ҳаракат қилган, унинг трансфери учун 70 миллион фунт таклиф этган, аммо рад жавобини олганди. Ёзда унга асосий даъвогар «Челси» эди — кўклар «чайкалар» клуби офисига бир неча таклиф юборди, аммо самарасиз. Кайседонинг ўзи билан эса лондонликлар май ойи охиридаёқ келишиб қўйганди. Қайсидир паллада ўйинга «Ливерпул» қўшилди, мерсисайдликлар Саудия Арабистонига кетган Жордан Ҳендерсон ва Фабино ўрнига футболчи қидирмоқда, умуман ушбу клубнинг яримҳимоя чизиғи буткул қайтадан қурилмоқда. Ўтган ҳафта охирида пойгада айнан қизиллар устун келгандек кўринганди — The Athletic нашри «Брайтон» «Ливерпул»нинг 115 миллион фунтдан (127 миллион евро) иборат таклифини қабул қилгани ҳақида ёзди. Ва шунинг ўзи ҳам Кайседони АПЛнинг энг қимматбаҳо футболчисига айлантирган бўларди.

Аммо шу ўринда эквадорлик футболчи характерини кўрсатди: Фабрицио Романо маълумотига кўра, у «Ливерпул» вакилларига «Челси»га сўз бериб қўйгани ва сўзида турмоқчи эканини билдирган. Якунда футболчи барибир «Стэмфорд Бриж»га ўтди, у билан 2031 йилга қадар амал қилувчи шартнома тузилди. Турли манбаларга кўра, лондонликлар футболчи учун «Брайтон» 116 миллион евро тўлайди ва яна 17,5 миллион евро миқдорида бонус кўзда тутилган. Бу расман АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо трансферга айланди.

Кайседо — АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер

Эндиликда Тодд Боули «Челси»га келганидан кейин (2022 йил май ойи охири) амалга оширилган трансферлар учун харажатлар миқдори 1 млрд евродан ошди. Унинг даврида кўклар жамоаси 23 футболчини трансфер қилишган (ижарага олинганлар қўшиб ҳисобланганда). Клубнинг бу даврдаги қимматбаҳо харидлари бешлигида Энцо ва Кайседодан ташқари Михайло Мудрик («Шахтёр»дан 70+30 млн евро) Уэсли Фофана («Лестер»дан 88 млн еврога) ҳамда Марк Кукуреля («Брайтон»дан 65 млн еврога) ҳам бор. 

Таянч яримҳимоячиси учун бунча катта пул тўланаётган экан, Кайседо нимаси билан яхши? «СЭ» шарҳловчиси бу борадаги фикрларини билдирди.

Илк мураббийи

АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи Эквадорнинг катталиги жиҳатдан тўртинчи шаҳри бўлмиш Санто-Домингода туғилган. Кайседо оилада ўнинчи фарзанд бўлган. Ота киракашлик қилган, она эса қўшимча пул топиш учун кийимларни ювиш билан шуғулланган. Оила ҳашамат ичида яшамаган, аммо Кайседони харобадан чиққан деб ҳам бўлмайди.

Мойзес акалари билан қумли майдонда футбол ўйнашни бошлаган, у ерда тошлар уюми дарвоза вазифасини бажарган — тошлар устунлар ўрнини эгаллаган. Шароитлар абгор эди, қолаверса ёши катталар кичикларни аяб ўтирмасди.

«Мен айнан ўшанда кескин ўйнашни ўрганганман», — деб хотирлайди кейинроқ Кайседо интервюларидан бирида.

Кейин — бахтли тасодиф рўй беради. Тўпни ғишт деворга тепиб турган болани маҳаллий болалар мураббийи Иван Гуэрра пайқаб қолади. «У иккала оёғи билан ҳам зарба беришида қандайдир ўзига хослик бор эди», — дейди у.

Айнан Гуэрра Кайседонинг қўриқчи фариштасига айланади. У шогирдига бутса олиб беради, у машғулотларга қатнаши учун автобусга чиптаси пулини тўлайди, Мойзеснинг оиласи қийин дамларни бошдан кечираётганида ҳам ёрдамга келади. Баъзида Гуэрра автобусга кеч қолмаслиги ва маҳаллий «Барселона» жамоаси билан сафар ўйинига бориши учун Кайседони уйғотиш учун келарди.

АПЛ юлдузи қаердан чиққанини унутмайди. Эквадор миллий жамоаси ЖЧ-2022 турнирини гуруҳ босқичидаёқ тарк этганидан кейин Кайседо она шаҳри Санто-Домингога келган ва маҳаллий турнирда иштирок этиб, ҳатто финалда гол урганди. У Гуэрранинг жамоасини барча зарур воситалар билан таъминлаган ва энди клуб унинг шарафига номланган.

Мойзес Кайседо ЖЧ-2022 гуруҳ босқичида Нидерландияга қарши ўйинда. У Сенегалга қарши 3-тур ўйинида ҳисобни тенглаштирувчи голни урган, аммо эквадорликлар якунда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирни тарк этганди. 

Унинг фаолиятига якун ясаши мумкин бўлган жароҳат

Кайседонинг парвози жуда тез кечди: 13 ёшда у ҳудуд терма жамоасида ўйнарди, 15 ёшида — регионнинг асосий жамоаси «Индепентенте дел Валле» жамоасига қўшилди. Унинг қулаши ҳам шу қадар тез рўй бериши мумкин эди. 2017 йилда яримҳимоячи жиддий жароҳат олиб, тиззасининг хочсимон пайларини шикастлайди. Кайседо бир неча жарроҳлик амалиётини бошдан кечиради ва жами бўлиб 10 ой майдондан ташқарида қолади. 16-17 ёш — футболда муҳим давр — бу жароҳат шунчаки унинг фаолиятига нуқта қўйиши мумкин эди.

«Баъзида мен йиғлардим. Бу ҳақда ҳеч ким билмасди. Мен шунчаки хонамга кириб, ичкаридан қамалиб олиб, хафалигимдан йиғлай бошлардим. Бу жуда қийин дамлар эди, аммо мен ишончимни йўқотмадим», — дея эслайди Кайседо.

Унинг яна омади келади. Эквадордаги стандартларга кўра «Индепентенте» аъло даражадаги инфратузилмага эга эди, бу клуб хўжайини, маҳаллий қурилиш магнати Мичел Деллернинг инвестициялари эвазига бўлади. Шунинг учун, Кайседода тикланиш учун яхши шароитлар бор эди, сафга қайтганида унинг учун персонал машғулот режими ва парҳез ишлаб чиқилади.

«Ўша пайтда Мойзес ўз атлетизми билан ажралиб турарди. У жуда бардошли, катта куч, чаққонлик ва тезликка эга эди. Шу билан бирга, ўйинни жуда яхши ўқир ва ўйиндаги деярли барча вазиятларда иштирок этарди. Кайседо тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам жуда агрессив ҳаракатланар ва бу энергиясини бошқаларга ҳам юқтирарди», — дея ҳикоя қилади The Athletic нашрига у билан «Индепенденте» ёшлар жамоасида бирга ишлаган Юрий Солано.

«У майдон бўйлаб тўхтовсиз ҳаракатлана олади ва барча яккакурашларда ютиб чиқади. Биз уни Саккизоёқ деб атардик», — дея хотирлайди клуб академияси директори Мигел Анхел Рамирес.

Шу икки иқтибоснинг ўзидан ҳам Кайседо нима учун жуда яхши ҳисобланишини тушуниш мумкин. У аста-секинлик билан ҳужумдаги маҳоратини ҳам ошириб боради. Солано баъзида уни ҳимоя марказида ҳам ўйнатган, аммо асосан рақиб ўйинини бузувчи, шу билан бирга ҳужумларни бошлаб берувчи ҳавбек сифатида фойдаланган. Бу Жанубий Америкада 5-рақам деб аталадиган амплуадир (катта ёшли футбол мухлислари учун намуна — Фернандо Редондо, замонавий варианти — Жоржино). Аммо кейинроқ Кайседо аста-секин «саккизлик» позициясини ҳам ўзлаштиради.

«Ҳимояланишда унда кучли прессинг уюштириб, рақибни хато қилишга мажбур қилиш учун етарлича куч бўлади. Ҳужумда эса у охирги пасни бериши ёки ўзи ҳам зарба йўллаши мумкин. Қолаверса, Мойзесда керакли паллада жарима майдонига ёриб кириш учун ажойиб сезиш қобилияти бор», — дейди Рамирес.

Кайседо «Брайтон» либосида. Фото: Global Look Press

Кумири Канте

2020 йил охирида, 19 ёшда эканида, Кайседо Эквадор миллий жамоасида дебют қилади, у бу вақтда мамлакатнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганди. Ҳозирда унинг учун курашда (2021 йил январида) айнан «Брайтон» ғолиб бўлгани (трансфер атиги 5 миллион еврога тушган) бироз ажабланарли кўринади, аммо, бошқа томондан, «чайкалар»да скаутинг кучли ва бу клубда ёш футболчилар бирдан катта ўйинларга ташланмасдан, мослашиш учун вақтга эга бўлади.

Умуман, сўнгги йилларда «Брайтон» янги «Бенфика»га айланди – клуб трансфер сиёсатини ақл билан олиб бормоқда. Кайседо «Брайтон» бир йил ичида «Челси»га сотган учинчи футболчи бўлди – ўтган йил ёзида испаниялик ҳимоячи Марк Кукуреля 65,3 млн евро эвазига пулланган (клуб уни 2021 йилда «Хетафе»дан 20 млн еврога трансфер қилганди), бу йил ёзда эса испаниялик дарвозабон Роберт Санчес учун 23 млн евро ишлаб олинди (у 10 йил муқаддам клубга текинга тушганди). Шу тариқа, «Брайтон» бу уч футболчи учун 221,8 млн еврога эга бўлди.

Клуб яна бир эквадорлик Первис Эступинян, парагвайлик Хулио Энсисо, колумбиялик Стивен Алсате, япониялик Каору Митума ва ирландиялик Эван Фергюсон каби ёшларни ҳам асосий таркибга аста-секинлик билан олиб кирди ва тез фурсатда уларни ҳам АПЛнинг катта клубларига ўтишга тайёр бўлган юлдуз футболчиларга айлантирди. Клуб уларни ҳам кейинги йилларда яхшигина нархга пуллаши мумкин.

Кайседо каби катта истеъдод эгаси ҳам Англияда дарҳол ўйнаб кетмайди. Дастлабки етти ойни у «Брайтон»нинг ёшлар жамоасида ўтказади, бу даврда жамоа асосий таркибида фақат бир ўйинда — лигалар кубогида майдонга тушади, кейин эса Белгиянинг «Беерсҳот» клубига ижарага берилади.

«Мойзес бизга келганида, албатта, бироз тушкун эди. У сўнгги ойларда қарийб ўйнамаган ва ритмни йўқотганди. Аммо машғулотларда ҳар сафар тўпга тегинганида у алоҳида футболчи экани кўриниб турарди. Унда ҳайратланарли даражада кўп хислатлар мужассам эди: Кайседо керак вақтда тўпни олиб қўя оларди. Тўпга эгалик қилаётганида эса деярли ҳеч қачон олдириб қўймасди», — дея ҳикоя қилади ўша вақтда «Беерсҳот»га устозлик қилган Торренте.

Якунда ярим йил ўтиб, 2022 йил январида «Брайтон» Кайседони қайтаради ва у шу заҳоти асосий таркиб футболчисига айланади, клубдагилар унинг Белгиядаги ўйинларини юқори баҳолашганди. Бир йил ўтиб «Арсенал» унинг учун 70 миллион фунт таклиф қилганди, яна ярим йил ўтиб эса Мойзес АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди.

Уни шу йил ёзда Саудия Арабистонига йўл олган Нголо Кантенинг вориси деб аташмоқда. Кайседо ўз вақтида ушбу французнинг ўйинларидан ҳайратланиб, уни ўз кумири деб атаган. «У бутун майдон бўйлаб ҳаракатланади ва менга бу жуда ёқади. Қолаверса у ҳамиша хотиржам ва баҳсга берилмасдан, фақат ўз ўйинига эътибор қаратади», — деганди Мойзес 16 ёшдалигида.

Унинг «Челси» марказий яримҳимоясидаги шериги Энцо Фернандес бўлади — Кайседо айнан унинг трансфер рекордини янгилади (у 2023 йил январида, ЕЧЛ ва жаҳон чемпионатидаги ёрқин ўйинларидан кейин «Бенфика»дан 121 млн еврога трансфер қилинганди). Бир неча йил олдин эса улар ёшлар ўртасидаги Либертадорес кубоги (U-20) финалида бир-бирига қарши ўйнаганди — «Индепенденте» ўшанда сенсацион равишда «Ривер Плейт»ни мағлуб этганди. Энди эса Фернандес ва Кайседо боғлами АПЛдаги энг истиқболли ва устунлик қилувчи жуфтликлардан бирига айланиши мумкин.

Мавзуга оид