Жаҳон | 22:18 / 17.08.2023
10348
2 дақиқада ўқилади

Швеция терроризм таҳдиди даражасини оширди 

Мамлакат террорчилар учун устувор нишонга айлангани айтилмоқда. 

Фото: Reuters

Швеция террорчилар учун устувор нишонга айланди, шу сабабли террорчилик хавфи даражаси 4 га оширилди (энг юқори даража 5 ҳисобланади). Бу ҳақда Швеция Давлат хавфсизлик хизмати хабарида айтилади. 

«Таҳдид даражаси беш балли шкала бўйича тўртинчига чиқарилди. Террорчилик таҳдиди даражасининг ошиши барча тегишли хизматлар учун теракт хавфини камайтириш бўйича чора-тадбирлар билан ишлашни давом эттириш муҳимлиги тўғрисида сигнал бўлиши керак», дейилади баёнотда. 

Департаментнинг таъкидлашича, террорчилик таҳдиди даражасининг ошиши ҳеч қандай аниқ ҳодиса билан боғлиқ эмас. 

Хавфсизлик полицияси бошлиғи Шарлотта фон Эссен сўзларига кўра, «Швеция террорчилик ҳужумлари учун табиий нишондан устувор нишонга айланди. Энди бу таҳдид узоқ вақт давом этади, деб ишонилади». 

Ёзда Швеция ва Данияда Қуръонни ёқиш билан боғлиқ бир қанча акциялар бўлиб ўтди. Хусусан, Қурбон ҳайити нишонланадиган 28 июнь куни Стокҳолмда Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлаб, ёқиб юборди. Бу ҳаракат Бағдоддаги Швеция элчихонаси олдида диндорларнинг норозиликларига сабаб бўлди. Йиғилганлар Қуръонни ёқиб юборган муҳожирни Ироққа қайтаришни талаб қилишди. Кейин намойишчилар элчихона ҳудудига бостириб киришди.

Мавзуга оид