Ўзбекистон | 18:52 / 19.08.2023
14101
2 дақиқада ўқилади

Антибиотикларни қабул қилишдаги энг муҳим қоидалар эслатилди

Антибиотикларни қатъиян мутахассис кўрсатмасига биноан, айнан белгиланган соатларда қабул қилиш керак.

Фото: Getty Images

Антибиотиклар қатъий тартиб асосида қабул қилиниши шарт. Бу дорилар инсонда касаллик қўзғатувчи микробларга заҳарли таъсир этиб, уларни нобуд қилади, аммо нотўғри қўллаш оқибатида кўплаб ножўя таъсирлар келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.

Қайд қилинишича, антибиотикларни қатъиян мутахассис кўрсатмасига биноан, айнан белгиланган соатларда қабул қилиш керак. Чунки, бир марта қабул қилинган (масалан амоксициллин) дори узоғи билан 8 соат давомида таъсир кўрсатади. Микроблар дорига кўникиб, чидамли бўлиб қолмаслиги учун уларга 24 соат мобайнида таъсир кўрсатиш керак. Шунинг учун дорини қабул қилиш вақтини ўтказиб юбормаслик лозим.

Касалликнинг барча белгилари йўқолгач, 3 кундан кейин дорини истеъмол қилишни тўхтатиш керак. Бунга 3 кун қоидаси дейилади. Ундан эртароқ тўхтатиш касалликни сурункали кўринишга ўтиши ёки қайталаш хавфини келтириб чиқариши мумкин.

Узоқ муддат антибиотиклар қабул қилиш вақтида ичак микрофлорасини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун шифокор маслаҳати билан пробиотикларни қўллаш зарур. Антибиотиклар организимдаги зарарли микроблар билан бирга, кўпинча ичакдаги фойдали бактерияларни ҳам нобуд қилади. Бу эса овқат ҳазм қилиш тизимида муаммоларга олиб келади. Пробиотиклар бундай пайтда организмга ёрдам беради.

Антибиотикларни овқатдан олдин ёки кейин, шунингдек, нима билан қабул қилиш кераклигига доир кўрсатмаларни мутахассис ёки дорининг йўриқномасидан аниқлаштириб олиш зарур.

Даволаш курси вақтида парҳезга амал қилиш, алкоголь, нордон маҳсулотлар, дудланган ва шўр таомларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ.

Мавзуга оид