Жамият | 19:32 / 21.08.2023
21845
8 дақиқада ўқилади

Инсон учун «энг олий жазо» ҳақида роман — «Жиноят ва жазо»

Инсон қилган жинояти учун жазо олмай қолмайди. Ҳар қандай жиноятнинг жазоси бор. Жазонинг қай шаклда берилиши эса жиноят кўламига кўра белгиланади. 

Н.Н.Каразиннинг «Жиноят ва жазо» романига чизган иллюстрацияси

Кўпчилик жазоларнинг энг оғири виждон азоби эканига иқрор бўлади. Қамоқ жазосини ўтаб ёки белгиланган жаримани тўлаб қутулиш, ҳаттоки ўлим жазоси орқали ҳам бирданига муаммолардан соқит бўлиш мумкин. Аммо одам қандай қилиб ўзидан, ўзидаги виждон азобидан қочиб қутулоларди?!

Рус адиби Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романида айни шу масалалар кўтарилган. Шунингдек, асарда камбағаллар, қашшоқларнинг турмуш тарзи, чорасизлик кўчасидаги сарсонгарчиликлари очиб берилган.

Сюжет:

Асар бош қаҳрамони Расколников – собиқ талаба. Бир қанча ўткир мазмундаги мақолалари билан чиқишлар қилиб туради. Унинг қишлоқда онаси, бир синглиси камбағалликда ҳаёт кечиради. Кунлардан бирида Расколников онасидан хат олади. 

Унда синглиси Дунянинг помешчик Свидригайловлар хонадонида қандай хўрланганлиги ва ҳозирда Лужин исмли ўзига тўқ аслзодага турмушга чиқаётгани, Лужин тез орада Расколников билан учрашгани бораётгани ҳақида ёзилганди. Шунингдек, синглиси ва онаси Санкт-Петербургга кўчиб келишаётгани илова қилинганди.

Расколниковнинг молиявий аҳволи яхши эмас, ижара пулини тўламай қўйганига неча замонлар бўлиб кетган, уйдан ҳайдалиш арафасида эди. Қолаверса, бўлажак куёви Лужиннинг синглисига азбаройи севги юзасиданмас, балки Дунянинг ночорлигидан фойдаланиб, ўзига қарам қилиш мақсадида уйланаётгани унинг юрагини баттар эзар, ғурурини топтарди. 

Қаҳвахонада Мармеладов исмли бир одамнинг дардини тинглаган Расколников инсонларнинг, қолаверса, ўзининг ижтимоий-маиший ҳаёти ўта ачинарлилигидан аламзада бўлади. Мармеладов кўп болали одам бўлиб, хотини Катерина Ивановна сил, ўзи ишсиз. Вазият шу даражага бориб етадики, Катерина Ивановна болаларнинг қорнини тўйдириш учун ўгай қизи Соняни ишратхонага жўнатади.

Чорасизлик азобидан руҳи зўриққан Расколников буюмларини гаровга қўйиб юрадиган судхўр кампирни ўлдиришни режа қилади. Мақсади кампирни ўлдириб, маблағларини ўғирлагач йўқсиллигига барҳам бериш эди. Собиқ талаба режасини амалга оширади ҳам. Аммо бир муаммо чиқди: йигит кампирни ўлдириб чиқаётганида кампирнинг синглиси Лизоветта уйга келиб қолади. Саросимада қолган қотил гувоҳнида гумдон қилишга мажбур бўлади.

Гарчи бундай даҳшатли қотилликка ҳеч ким гувоҳ бўлмаган бўлса-да, Расколниковнинг руҳий мувозанати бузилади. Жамиятдан, яқинларидан мутлақо ажралиб қолади. Кампирнинг уйидан ўғирлаган пулларнинг бир тийинини сарфлаш хаёлигаям келмайди. 

Бу орада Лужин келса, у билан суҳбатлари жанжал билан якунланади. Узоқ манзилдан жигар порасига интиқ бўлиб келган онасини ҳам, жонажон синглисини ҳам кўришни истамайди. Ўзини фош қилиш учун бир неча бор маҳкамага бормоқчи бўлади.

Расколников ҳамма сирини Соняга (Софья) очади. Йигит у билан Мармеладов вафот этганда танишиб қолади. Соня ҳамон фоҳишалик билан шуғулланарди. Қиз йигитга полицияга бориб, айбига иқрор бўлишини, жазо ўтаб, енгил тортишини маслаҳат беради.

Дуня эса Лужин билан турмуш қуриш фикридан воз кечади. Кейинчалик Расколниковнинг қувноқ дўсти Разумихин билан оила қуради.

Расколников ўзи билан олишиб юра-юра барибир айбига иқрор бўлиб, маҳкамага боради. Судда ҳам ўзини оқлашга уринмайди. У каторгага 8 йил муддатга сургун қилинади. Соня ҳам ортидан кетади. Каторгада юриб, йигит ҳақиқий осуда ҳаёт ва соф муҳаббат нима эканини тушунади. Муддати тугагач қандай ҳаёт кечириши мумкинлиги тўғрисида ширин орзулар қила бошлайди...

Таҳлил:

Расколников одамларни икки тоифага бўларди: фавқулоддаги кишилар ва оддий одамлар. Унинг учун фавқулоддаги кишилар Напалеон, Искандар Македонский сингари шахслар бўлиб, йигит бундайлар олий мақсадлари йўлида қон тўккан, инсонларни қурбон қилган, демак, ҳар қандай муҳим ва тарихий мақсад йўлида кимлардир қурбон бўлишини табиий деб ҳисобларди. Расколников кампирни ўлдирганига заррача ачинмасди, бир хашаротни ўлдирдим деб ҳисобларди. Қурбонини шундоқ ҳам азобланиб, йўқчиликдан тинкаси қуриб бораётган камбағалларнинг қонини сўриб юрган зараркунанда санарди. 

Хўш, нега унда Расколников қотилликдан сўнг ақлдан озар даражага келди? Ўзини ўзи азоблаб, шунча қийналди, дунёдан бегоналашди?

Сабаби шунда эдики, у ақлан бўлмаса-да қалбан кимнингдир қонини кимдир тўкишга ёки тўкилишига сабаб бўлишга ҳеч каснинг ҳаққи йўқлигини, кимнингдир ҳаёти эвазига эришилган мақсадни ҳар қандай баҳона билан оқлаб бўлмаслигини тушуниб турарди. Буни тан олмаслик учун эса ўзи билан узоқ олишди. Ниҳоят Расколников фавқулоддаги одам бўлолмаслигин тушуниб етади. Ўзини фавқуллоддаги шахс ҳисоблаб, икки жон қотили бўлганди, ўшанда у виждонини ҳисобга олмаганди. Мен дунёни битта зараркунандадан халос қиляпман деб ўйлаганди.

Соня масаласида ҳам йигит қатъий қарорга келган. Қизнинг қилиб юрган иши вазият, мажбурият тақозоси. Унингча, гарчи жамият қиздан ҳазар қилса-да, қўлини бигиз қилиб кўрсатишса, камситишса-да, аммо ўша одамларнинг ҳеч бири Сонянинг тирноғигаям арзимайди. 

Халқнинг молини талаб, бегуноҳларни хўрлаб, бир-бирини гиж-гижлаб, фисқ-у фасодга ботиб юрган бу жамият одамларидан кўра танаси эвазига мурғак укаларини боқиб, ҳеч кимга жабр қилмаган, руҳини пок сақлаган, гуноҳлари учун ҳар доим тавбада бўлган фоҳиша қиз минг карра афзал эди унга.

Асар номидаги жазо бу расмий жазо эмас. Мутлақо! У ҳиссий жазо. Расколниковнинг тимсолидаги у каби бошқа инсонларнинг ўз-ўзига берувчи жазосидир. Йигитнинг жинояти унинг бутун руҳиятини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Ҳаётини издан чиқарди. Ўзини ва ўзидан чиқиб бутун дунёни тафтиш қилишга ундади. 

Асардаги энг ёрқин образ бу – Разумихин. У ҳаётдаги барча ҳодисаларни реал баҳолайди. Ортиқча таъсирларга берилмайди. Яшаш учун, рисоладагидек ҳаёт кечириш учун тинмай ҳаракатда. Ақли ҳам, ҳиссиётлари ҳам унча-мунча инсонларникидан юқори. Қалби соф. Унинг энг катта ютуғи – ҳар бир масалани бор бўйича қабул қилишида. 

«Жиноят ва жазо» ўқилиши оғир бўлган, ҳушёрлик ва зийраклик талаб қиладиган асар. Роман моҳир таржимон Иброҳим Ғофуров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Достоевский ушбу романи орқали қаҳрамонлар психологиясини авра-астаригача китобхонларга кўрсатиб беролган. Ўқувчи мутолаа давомида ҳар бир қаҳрамон билан тенгма-тенг фикрлайди, тиллашади ва азобланади. Ўзини ўта ночор, юпун ва эзгин ҳис қилади.

Аммо қизиғи, асар сўнгида интиҳога эмас, ибтидога дуч келинади. Гарчи Расколников 8 йилга каторгага сургун қилинган бўлса-да, унинг ёрқин ҳаёти ўша ерда бошланаётганди. Маънан тирилиши ҳам, қалбига орзу-умидлари қайтиб келиши ҳам ўша ерда содир бўлади. 

Қон тўкиш, кимнингдир ҳаётига зомин бўлиш барибир яхшиликка олиб бормайди. Ҳар қандай жиноятнинг жазоси берилади. Ундан қочишнинг иложи йўқ. Энг муҳими, қалбда ҳамиша меҳр-муҳаббат, атрофдагиларга адолат каби илиқ туйғуларни сақлаб қолишимиз лозим. Бундай туйғуларсиз инсон шафқатсизлашиб боради. Натижада эса «фавқулоддаги шахс»га айланади…

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид