Спорт | 10:45 / 24.08.2023
18604
6 дақиқада ўқилади

Саудиянинг 3 клуби Ўзбекистонга келиши аниқ. Клубларимизга кимлар рақиб бўлиши мумкин?

«Навбаҳор» ва ОКМК клублари Қатарда ўтган плей-офф ўйинларида муҳим ғалабага эришгач, Осиё Чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсум гуруҳ босқичига йўлланма олган Ўзбекистон клублари сони 4та етди. Бугун, 24 август куни қуръа ташлаш маросимида ўзбек клубларининг рақиблари маълум бўлади.

Осиё Чемпионлар лигаси

7 йил аввалги натижа такрорланди

Клублар ўртасидаги Осиёнинг энг нуфузли турнири янги мавсумидан 4 жамоа – мамлакат чемпиони «Пахтакор», Ўзбекистон кубоги соҳиби «Насаф», кумуш медали соҳиби «Навбаҳор» ва 4-ўринни эгаллаган ОКМК юртимиз шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилади. Наманган ва Олмалиқ клублари плей-офф саралаш ўйинидаги ғалаба эвазига гуруҳ босқичига йўлланма олгач, Суперлига клублари ўз тарихидаги энг яхши натижани такрорлашди. Cўнгги марта 2016 йилги мавсумда «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф» ва «Локомотив» ОЧЛ гуруҳ босқичидаги максимал тўртликни ташкил этганди. Шу тариқа, ўзбек клублари 7 йил аввалги натижани такрорлаб, Осиё майдонларида 4 жамоамиз иштирок этадиган бўлди.

Қуръа қачон?

ОЧЛ-2023/24 гуруҳ босқич баҳсларининг барча – 40 иштирокчи жамоаси номи аниқ бўлиб улгурган. Қуръа олдидан клублар 20тадан икки минтақа – Ғарб ва Шарққа ҳудудий жойлашувига кўра бўлинади. Ўзбекистон клублари одатдагидек Ғарб минтақасидан жой олган бўлиб, 5та гуруҳнинг 4тасига жойлашади. Бир мамлакатнинг икки вакили бир гуруҳдан ўрин олмайди.

Қуръа ташлаш маросими бугун, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 13:00да бошланади. Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдаги ОФК штаб-квартирасида бўлиб ўтадиган тадбирни одатдагидек Осиё Футбол Конфедерацияси мусобақаларни ўтказиш департаменти раҳбари, ўзбекистонлик Аваз Бердиқулов олиб боради. Клубларимиз расмийлари қуръа жараёнида иштирок этиш учун Малайзияга йўл олган. Гуруҳ босқич ўйинлари 18 сентябрдан старт олади.

«Пахтакор» қандай гуруҳдан ўрин олиши мумкин?

Ўзбекистон чемпиони қуръа олдидан 1-саватчадан жой олгани сабабли дастлабки саватчадаги Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Иттиҳод» клублари, Эроннинг «Персеполис» ва Қатарнинг «Ас-Садд» клуби билан бир гуруҳдан ўрин олмайди. Максим Шацких шогирдлари Роналду тўп сураётган «Ан-Наср» билан бир квартетдан жой олиши мумкин.

«Пахтакор»нинг потенциал рақиблари:

2-саватчадан: Сепаҳон, Ад-Дуҳайл, Ал-Файҳа, Нассажи Мозандарон

3-саватчадан: Аҳал, Истиқлол, Мумбай Сити, Ал-Қува, Ал-Файсали

4-саватчадан: Ан-Наср, Шаржа, Ал-Айн.

Неймар ёки Роналду Қашқадарёга келадими?

Қаршининг «Насаф» клуби ОЧЛ қуръаси олдидан 2-саватчадан жой олган. Рўзиқул Бердиев шогирдлари Саудия клубларига қарши майдонга тушиш учун барча клублардан кўра яхшироқ имкониятга эга. Воҳа жамоаси Карим Бензема етакчилигидаги «Ал-Иттиҳод», Неймари бор «Ал-Ҳилол» ёки Роналду тўп сураётган «Ан-Наср» билан бир гуруҳдан ўрин олиши мумкин.

«Насаф»нинг потенциал рақиблари:

1-саватчадан: Ал-Иттиҳод, Ал-Ҳилол, Персеполис, Ас-Садд

3-саватчадан: Аҳал, Истиқлол, Мумбай Сити, Ал-Қува, Ал-Файсали

4-саватчадан: Ан-Наср, Шаржа, Ал-Айн.

Саудия грандлари Наманганга йўл оладими?

«Навбаҳор» клуби плей-офф саралаш баҳси ғолиби сифатида 4-саватчадан жой олгани сабабли Криштиану Роналду тўп сураётган «Ан-Наср»нинг водийга бормаслиги аниқ. Чунки, Ар-Риёд клуби ҳам сўнгги саватчада. Шунингдек, БААнинг «Шаржа», «Ал-Айн» ва ОКМК клублари ҳам Бабаян шогирдлари билан бир гуруҳдан жой олмаслиги аниқ. Шунга қарамай, юлдузли таркибга эга «Ал-Ҳилол» ёки «Ал-Иттиҳод»дан бири Наманганда меҳмон бўлиши мумкин.

«Навбаҳор»нинг потенциал рақиблари:

1-саватчадан: Ал-Иттиҳод, Ал-Ҳилол, Персеполис, Ас-Садд

2-саватчадан: Сепаҳон, Ад-Дуҳайл, Ал-Файҳа, Нассажи Мозандарон

3-саватчадан: Аҳал, Истиқлол, Мумбай Сити, Ал-Қува, Ал-Файсали.

Бензема Олмалиққа келиши мумкин

Қуръа олдидан ОКМК ҳам худди «Навбаҳор»дек вазиятда. Миржалол Қосимов шогирдлари гуруҳ босқичига ўтиш ўйини ғолиби сифатида 4-саватчадан жой олгани сабабли турнирнинг асосий юлдузи тўп сураётган «Ан-Наср»га рўбарў кела олмайди. Саудия Арабистонининг қолган 3 жамоасидан бири эса Олмалиққа келиши мумкин.

ОКМКнинг потенциал рақиблари:

1-саватчадан: Ал-Иттиҳод, Ал-Ҳилол, Персеполис, Ас-Садд

2-саватчадан: Сепаҳон, Ад-Дуҳайл, Ал-Файҳа, Нассажи Мозандарон

3-саватчадан: Аҳал, Истиқлол, Мумбай Сити, Ал-Қува, Ал-Файсали.

Қуръадан аввал Саудия Арабистонининг камида 3та клуби Ўзбекистон жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олиши кафолатланган. Мамлакатимизнинг 4 клуби саудияликларнинг 4та жамоаси билан ўзаро 4та гуруҳдан ўрин олиш имконияти ҳам бор. Шундай экан, бу сафарги қуръа жараёнини мухлислар катта интиқлик билан кутишлари табиий. Ҳар ҳолда Бензема, Канте, Фабиньо, Неймар, Кулибали, Роналду, Брозович ёки Мане сингари жаҳон юлдузларининг Ўзбекистонга ташрифи стадионларда аншлагга сабаб бўлишини ҳозирдан тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, шу пайтгача Европа Чемпионлар лигаси юзига айланган бу номларнинг Осиёга кўчиб ўтиши, ОЧЛ ўйинларини янги даражага кўтариб, миллионлаб янги томошабинлар эвазига аудиториянинг кенгайишига сабаб бўлади.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид